Ўзбекистон Сенати Раиси “Ўзбекистон бўйича кокус” ҳамраислари билан учрашди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШ Конгрессидаги “Ўзбекистон бўйича кокус” раҳбарлари – конгрессмен-демократ Висенте Гонсалес ва республикачи конгрессмен Трент Келли билан учрашув ўтказди.

Суҳбат аввалида АҚШ қонунчилари Ўзбекистон делегацияси раҳбарини мамлакатимизда болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга барҳам берилгани ҳамда “Cotton Campaign” коалицияси томонидан ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига қўйилган бойкот олиб ташлангани билан қутлади. Уларнинг сўзларига кўра республика пахта саноатида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан олти йил аввал бошланган туб ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Ўзбекистон енгил саноати маҳсулотларининг жаҳон бозорларига, шу жумладан, АҚШ бозорига чиқиши учун мисли кўрилмаган шарт-шароитлар яратилмоқда. Ушбу тарихий воқеа пандемия келтириб чиқарган маҳсулот етказиб бериш занжиридаги узилишлар билан бир вақтга тўғри келди, бу эса ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларга жаҳон тўқимачилик саноатида ўз ўрнини эгаллаш учун ноёб имконият тақдим этмоқда, деди АҚШ қонун чиқарувчилари.

Конгрессменлар парламентлараро ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, бошқа қонун чиқарувчиларни ҳам АҚШ Конгрессининг Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашга қаратилган махсус резолюцияси ҳаммуаллифлари бўлишга чақиришни давом эттиришини таъкидлади. “Ҳозирги вақтда бизда 21 та овоз бор ва ушбу ҳужжат АҚШ Конгресси томонидан маъқулланиши учун бизни яна тўрт нафар конгрессмен қўллаб-қувватлаши керак. Резолюция мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан қабул қилиниши учун бор куч ва имкониятларимизни ишга солишга тайёрмиз”, деб таъкидлади Т.Келли.

Америкалик қонун чиқарувчи АҚШ Конгресси Ўзбекистонга нисбатан “Жексон-Вэник” тузатишини қўллашни тугатиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилишга содиқ эканига ҳам ишонтирди. Бу жуда муҳимдир, чунки бу икки мамлакат ўртасида савдо соҳасида камситмайдиган нормал муносабатлар ўрнатилишига ёрдам беради.

Конгрессмен В.Гонсалес ҳозирда 17 нафар конгрессмен аъзо бўлган АҚШ Конгрессидаги “Ўзбекистон бўйича кокус”нинг муҳим аҳамиятга экалигини қайд этди. В. Гонсалес ушбу дўстлик гуруҳи ҳақида гапирар экан, коронавирус пандемияси даврида барча кокуслар таркиби камайган бўлса-да, фақат “Ўзбекистон бўйича кокус” сафи кенгайганини ва ҳозирда у катта куч билан фаолият олиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

АҚШ Конгрессидаги “Ўзбекистон бўйича кокус” раҳбарлари билан учрашув якунида Ўзбекистон-Америка кун тартибининг долзарб масалалари бўйича доимий алоқаларни қўллаб-қувватлаш ва икки мамлакат қонун чиқарувчиларининг ўзаро ташрифлари орқали парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш тўғрисида келишувга эришилди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan