2022 йил 20 июнь куни Урганч шаҳрида “Инсон – жамият – давлат” конституциявий тамойилини амалга ошириш: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади. Ушбу форум Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия иш режасига биноан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази, Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ва Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан Европа иттифоқи делегацияси кўмагида ташкиллаштирилмоқда. Унда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатлари вакиллари, 300 дан зиёд миллий экспертлар, Олий Мажлис сенаторлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, академик ҳамжамият ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этади.
Қонференциянинг мақсади – инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият эканлиги тамойили ҳамда “Давлат – инсон учун” ва “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилади” деган эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича миллий ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш, мазкур тамойилларни конституциявий қонунчилик ва амалиётда мустаҳкамлаш борасида чуқур асосланган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ва шиддатли демократик ислоҳотларни ўзаро боғлаб, жипслаштириб турувчи ўзагини – айнан “Инсон қадри учун” ғояси, ҳар қандай шахснинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати, бошқа дахлсиз ҳуқуқларини жойига қўйиш, улуғлаш ғояси ташкил этади.
Юртбошимизнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” номли асарида ушбу ғояларни ҳаётга изчил татбиқ этиш орқали халқимизнинг орзуси, эзгу истаги, олий мақсади бўлган том маънодаги инсонпарвар ва адолатли, эркин ва демократик, обод ва фаровон, дунё мамлакатлари билан ҳар томонлама рақобатбардош мустақил давлат – Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Янги уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини шакллантиришнинг устувор йўналишлари, “йўл хариталари” белгилаб берилган.
Ҳозирда Янги Ўзбекистонимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий ҳаётдаги ижобий жараёнлар шиддат билан давом этмоқда. Бугун халқимиз, қолаверса, жаҳон ҳамжамияти юртимизда инсон қадри улуғланадиган ва қонун устуворлиги қарор топган демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш борасида аниқ мақсад ва марраларга тадрижий равишда эришилаётганини эътироф этмоқда.
Мазкур асарда, шунингдек, халқимиз иродаси, орзу-умидлари ва хоҳиш-ихтиёрини инобатга олиб, конституциявий ислоҳотнинг тўққизта устувор йўналиши аниқланган. Ушбу ислоҳотнинг асосий ташаббускори, том маънода, – бу мамлакатимиз фуқаролари бўлса, унинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдир.
Халқ – Конституция ижодкори
Бугун халқимиз, халқаро ҳамжамият “Янги Ўзбекистонга – янгиланган Конституция” лозимлигини эътироф этмоқда. Зеро, ҳар қандай ислоҳот кучли конституциявий-ҳуқуқий асосга таянсагина, кўзланган эзгу мақсадга ва улуғвор вазифаларга, самарали натижаларга эришади. Ҳуқуқий соҳа ривожи ислоҳотлар шиддатидан ортда қолса – бу жамият ва давлат инқирозига олиб келиши мумкинлигини жаҳон давлатлари тарихидан ҳам кўришимиз мумкин.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда инсон қадри улуғланадиган Янги Ўзбекистон ғояси – бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олиб, уни ҳаётга татбиқ этиш умуммиллий ҳаракатга айланиб улгурди.
Энг муҳими, халқимизнинг дунёқараши, эртанги кунга, ислоҳотлар натижасига бўлган ишончи кучайди. Фуқароларимиз юртимиз ва атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларнинг фаол иштирокчисига айланмоқдалар, уларнинг юртимиздаги шиддатли демократик ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси ортиб, юксалиб бормоқда. Конституциявий комиссия фаолияти, аҳолининг турли қатламлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, турли соҳаларнинг экспертлари, жойлардаги маҳаллалар аҳолиси билан учрашувларимиз бундан яққол далолат бермоқда.
Фуқаролар ислоҳотларни нафақат тўла қўллаб-қувватламоқда, балки Янги Ўзбекистонни бутун иймон-эътиқоди ва онгу шуури билан ўз кучи ва иқтидорига таяниб барпо этаётган фаол ва жипслашган ижтимоий куч эканини намойиш этмоқда.
Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар Президентимизнинг “Халқ – Қонун ижодкори” ғоясининг ҳаётийлиги ва замонамиз талабига қанчалик мослигини рўй-рост намоён қилди.
Биргина мисол: бугунга қадар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича кенг жамоатчиликдан, жумладан, ўқитувчилар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқаролик жамияти институтлари ва миллий-маданий марказлар, сиёсий партиялар вакиллари, маҳаллалар аҳолисидан 30 мингдан зиёд (17 июнга қадар) таклифлар келиб тушди ва мазкур жараён изчил давом этмоқда.
Халқимиз Конституциямиз ва қонунларимиз ўзгаришидан манфаатдор эканлигини намоён этмоқда. Ушбу таклифлар жамият ва давлат ҳаётининг барча ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳаларини қамраб олади. Улар Конституциявий комиссия томонидан мамлакатимизнинг ривожланиш қонунияти, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”да белгиланган мақсад ва вазифалар, замонавий конституционализмнинг ривожланиши борасидаги илғор хорижий ва халқаро тажрибани чуқур ўрганиш асосида кўриб чиқилмоқда. Бирор-бир таклиф ва мулоҳаза назардан четда қолаётгани йўқ.
Конституциявий ислоҳот – инсон қадрини таъминлаш гарови
Бугун халқимиз ва халқаро ҳамжамият “ЯнгиЎзбекистон” деганда “Инсон қадри ва халқ манфаати ҳамма нарсадан устун”, деган эзгу ғоя, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимояси амалий ишлар билан ўз тасдиғини топаётган, демократик ва адолатли қонунлар амал қилаётган, юксак маънавий-ҳуқуқий маданиятга эга фуқаролар мамлакатини кўз олдига келтиради. Зеро, халқаро ҳуқуқда ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш – инсон қадр-қимматини рўёбга чиқаришнинг ҳуқуқий асоси эканлиги тан олинган.
Бу борада фуқаролар ва ташкилотлар томонидан кўплаб аниқ ва асосланган таклифлар келиб тушмоқда. Жумладан:
биринчидан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмас ва дахлсиз бўлиб, ҳар кимга туғилганидан тегишли эканлиги, Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги;
иккинчидан, ҳар бир инсон ўз шахсини эркин ривожлантириш ва уни амалга ошириш ҳуқуқига эгалиги, ҳеч кимга қонунда белгиланмаган мажбуриятлар юкланиши мумкин эмаслиги;
учинчидан, ҳеч бир шахс ўзига, ўз турмуш ўртоғига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги ҳамда қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа муносабат ва жазога тортилиши мумкин эмаслиги, шунингдек, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлашга мажбур эмаслиги, айблашга оид барча шубҳалар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги;
тўртинчидан, мамлакатимизда мажбурий меҳнатга, жумладан, болалар меҳнатига йўл қўйилмаслиги каби янги нормаларни Конституциямизга киритиш таклиф этилмоқда.
Конституциявий ислоҳот ва “ижтимоий давлат”
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси мамлакатимиз тарихида сифат ва мазмун жиҳатдан янги тараққиёт даври бошланганидан далолат беради. Бу янги даврнинг энг муҳим ва устувор хусусиятлари, аввало, мамлакатимизда давлат ва бошқарув органлари, барча раҳбарлар бундан буён ўз фаолиятини “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида олиб бориши, уларнинг барча куч ва имкониятлари адолатли жамият ва ижтимоий давлат қуриш, ҳозирги ва келгуси авлодларнинг фаровон турмушини таъминлашга қаратилганида акс этади. Зеро, “инсон қадри” ва “ижтимоий давлат” тушунчаларини бир-биридан айри тасаввур қилиб бўлмайди, улар бир-бирини тақозо этади ва ўзаро чамбарчас боғлиқдир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ижтимоий давлат деганда, кўз олдимизга, энг аввало, жамият ҳаётининг ижтимоий, иқтисодий ва бошқа соҳаларини тартибга солиш, унда ижтимоий адолат ва ҳамжиҳатлик тамойилларини ўрнатиш, ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётни тараққий эттиришга қаратилган фаол сиёсат юритиш орқали инсон қадри ва унинг ривожланиш имкониятларини кенгайтирувчи, барча фуқаролар учун юқори ҳаёт ва турмуш даражаси, ижтимоий ҳимояни таъминлайдиган давлат келади.
Одатда, ижтимоий давлат аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, камбағаллик ва ишсизликни бартараф этиш, фуқароларнинг бандлиги ва даромадини доимий ўсиб боришини таъминлаш, ёш тадбиркорлар ва аёллар тадбиркорлигига кўмаклашиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва маънавий-маданий соҳаларнинг барқарор ривожланишига эришиш, ижтимоий суғурта таъминоти тизимини такомиллаштириш, жамиятда кескин ижтимоий фарқланишга йўл қўймаслик ва ижтимоий тенгсизликни юмшатиш, имтиёзларни қайта кўриб чиқиш орқали барчага муносиб турмуш шароитларини яратиш каби вазифаларни бажаради. Шу маънода ижтимоий давлат фуқаролик жамияти институтлари ва давлат ташкилотлари мақсадларининг яқинлашиши ва уйғунлашишини назарда тутади.
Ижтимоий давлатга оид хорижий мамлакатларнинг (Германия, Россия, Япония, Испания, Италия, Бельгия, Дания, Швеция, Швейцария, Франция, Португалия, Хитой, Ҳиндистон, Грузия ва бошқалар) конституциявий тажрибасини ўрганиш уларда ушбу тушунчага оид қатор конституциявий
принциплар ва нормалар мавжудлигини кўрсатади. Хусусан, ушбу мамлакатлар Конституциялари юқоридаги йўналишлардан ташқари, шунингдек:
биринчидан, ижтимоий адолат принципини ҳаётга татбиқ этиш, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик институтини ўрнатиш ва ривожлантириш;
иккинчидан, “қашшоқлик чегараси” ва ҳар қандай шахсга (айниқса, ногиронлиги бор инсонлар, пенсионерлар, болалар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтожлар) давлат томонидан тақдим этилиши мажбурий бўлган ҳамда инсон ҳаёти учун зарур минимал товарлар ва хизматлар тўпламини назарда тутувчи “истеъмол савати”ни ўрнатиш;
учинчидан, хусусий мулкнинг “ижтимоий жавобгарлиги”ни белгилаш каби масалаларнинг ҳам қонуний асосларини ривожлантиришни назарда тутади.
Халқимиз ва дунё ҳамжамияти бугун юртимиз нафақат ижтимоий, балки адолатли жамият сари илдам қадам ташлаётганини алоҳида эътироф этмоқда. Бунда фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашнинг ноёб тизими яратилгани, давлатнинг ижтимоий масъулияти тобора ортаётгани, ижтимоий ҳимояга ва моддий ёрдамга муҳтож фуқароларимизнинг ҳеч бири назардан четда қолмаётгани, айниқса, пандемия даврида яна бир бор намоён бўлганига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу маънода кенг жамоатчилик “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат қоидасини Конституциямизда мустаҳкамлаш лозим, деб билмоқда ва бу борада ҳам кўплаб таклифлар келиб тушмоқда. Уларда Конституциямизга, хусусан:
• ҳар бир шахснинг ишсизликда, ногиронликда
ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалигини белгилаш, “энг кам истеъмол харажатлари” тушунчасини киритиш;
• давлат ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиши, давлат пенсиялари, нафақалари ва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларини белгилаш;
• давлат ва жамият томонидан етим ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларнинг соғлом ва баркамол ривожланишининг таъминланишини белгилаб қўйишга қаратилган нормаларни киритишни сўрашмоқда.
Конституциявий ислоҳот – миллий ўзликни англаш ва маънавий тараққиёт гарови
Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” асарида мамлакатимизнинг маънавий тараққиёти, янги маънавий маконни яратиш, маърифий ислоҳотлар ва баркамол инсон тарбияси борасидаги вазифалар аниқлаб берилган.
Жаҳон тажрибасига мурожаат қилсак, Конституция – бу нафақат ҳуқуқий ҳужжат, балки давлатнинг сиёсий, ижтимоий ва маънавий қиёфасини, қадриятларини, ўзлигини кўрсатиб, аниқлаб берувчи ва акс эттирувчи Асосий қонун эканлигига амин бўламиз.
Шу маънода, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни инобатга олиб:
биринчидан, тарихий, маънавий ва маданий мерос давлат муҳофазасидадир, давлат ва жамият миллий қадриятлари ва ўзига хос хусусиятларини сақлаб қолишини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон ўз халқининг маданий меросини келгуси авлодларга безавол етказиш ҳақида ғамхўрлик қилади – деган нормани киритиш;
иккинчидан, давлат ва жамият болалар ҳамда ёшларда азалий миллий анъаналарга ва умуминсоний қадриятларга садоқат, буюк аждодларимизнинг бой маданий меросидан фахрланиш туйғусини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиши, болалар ҳамда ёшларни маънавий ва ахлоқий тарбиялаш учун зарур шароитлар яратиши;
учинчидан, никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланишини алоҳида қайд этиш, оталикнинг ҳам давлат томонидан муҳофаза қилинишини алоҳида кўрсатиш каби нормаларни Асосий қонунимизда акс эттириш масаласини кўриб чиқишни таклиф этмоқдалар.
Конституциявий ислоҳот ва Учинчи Ренессанс пойдеворининг мустаҳкамланиши
Халқимиз “Янги Ўзбекистонни юксак билим ва интеллектуал салоҳиятга эга инсонлар юрти, маърифий жамиятга айлантириш” ғоясини мамлакатимизда Учинчи Ренессанс асосини яратишнинг зарур ва мажбурий шарти, деб қарамоқда.
Шу маънода, жумладан:
• мамлакатимизда умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги ва бепуллиги ҳамда давлатга қарашли, хусусий ва бошқа шаклдаги таълим муассасалари ва ташкилотларини ривожлантириш учун давлат тенг шароитлар яратишини Асосий қонунда кафолатлаш;
• педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатишга, шунингдек, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслик;
• ҳар кимга илмий ва техникавий, бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланишини Бош қомусда акс эттириш каби таклифлар келиб тушмоқда.
Умуман, Конституциявий комиссия ўз фаолиятини очиқлик ва ошкоралик тамойилига таянган ҳолда нафақат миллий академик ҳамжамият, фуқаролик жамияти институтлари, маҳаллалар аҳолиси ва фуқаролар кенг қатламларини жалб этган ҳолда, балки хорижий ва халқаро тажрибани, улар экспертларининг фикрини чуқур ўрганиш асосида олиб бормоқда.
Бўлажак халқаро форум доирасида ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф ва тавсияларни ўз ичига олувчи Урганч декларациясини қабул қилиш назарда тутилган.
Акмал Саидов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг биринчи ўринбосари,
Конституциявий комиссия раиси