“Инсон–жамият–давлат” конституциявий тамойилини амалга ошириш: миллий ва хорижий тажриба – Қонунчилик муаммолари институти
Конституциявий ислоҳотлар Янгиликлар

     Бугун шу мавзуда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, “Барқарор ривожланиш маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлигида халқаро конференция ташкил этилди.

   Урганч шаҳрида бўлиб ўтган офлайн–онлайн мулоқотда Сенат аъзолари, Қонунчилик палатасининг ва маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Конституциявий суд, тегишли вазирликлар ва давлат қўмиталари, 30 дан ортиқ мамлакатлар, халқаро ташкилотлар, миллий ва халқаро академик ҳамжамият, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, 300 дан зиёд маҳаллий, хорижий ва халқаро экспертлар қатнашди.

    Анжуманни Руминиянинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Чобану, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси вақтинчалик вакили Миндаугас Качераускис ва Хоразм вилояти ҳокими, сенатор Фарҳод Эрманов кириш сўзи билан очиб беришди.

    Тадбир “Инсон қадр-қимматини ҳимоя қилишнинг конституциявий асослари: халқаро ва миллий тажриба”, “Конституциявий ислоҳот: фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамиятини ошириш” ҳамда “Конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ва давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш” ва ижтимоий шериклик тамойиллари асосида ташкил этиш” масалаларига бағишланган 3 та сессияда олиб борилди.

  Таъкидланганидек, бугунги кунга қадар конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссияга 40 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган.Ушбу таклифлар жамият ва давлат ҳаётининг барча ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳаларини қамраб олган.

   Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли конституциявий ислоҳотларнинг асл мақсади – халқ иродаси, орзу-умидларини рўёбга чиқариш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, пировардида, инсон қадрини амалда тўлиқ таъминлаш, ижтимоий адолат тамойилини ҳаётга тўла татбиқ этиш эканлиги қайд этиб ўтилди.

    Муҳокамаларда инсон қадри улуғланадиган Янги Ўзбекистон ғояси – умуммиллий ҳаракатга айлангани ва энг муҳими, фуқароларнинг дунёқараши, эртанги кунга, ислоҳотлар натижасига бўлган ишончи кучайгани ва уларнинг шиддатли демократик ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси юксалиб бораётгани хорижий ва халқаро экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

   Биринчи сессия иши муҳокамаларида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов иштирок этиб, сўзга чиқди.

   Жумладан, Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш борасидаги ишлар учта муҳим йўналишда амалга оширилганига эътибор қаратилиб:

  биринчи, жамиятда инсон қадрини юксалтиришнинг ўзига хос миллий ҳуқуқий асослари тубдан такомиллаштирилгани;

    иккинчи, инсон қадрини улуғлашга хизмат қиладиган институционал асослар шакллантирилиб, Ўзбекистон тарихида илк бор инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхоналари ташкил этилгани, Президент Администрацияси маъсул ходимлари, Сенат Раиси, Қонунчилик палатаси Спикери, сенаторлар, депутатлар, Бош вазир, Олий cуд раиси, Бош прокурор, вазирлар, марказий давлат органлари ва ташкилотларидан то энг қуйи тузилмалардаги мансабдор шахслар бевосита жойларга чиқиб, оммавий ва шахсий қабуллар ўтказиши йўлга қўйилгани;

   учинчи, жамиятда инсон қадри ва шаънини ҳимоя қилишнинг миллий механизмлари шакллантирилиб, дунёда ўхшаши йўқ яна бир янги тизим – муаммолар билан манзилли ишлаш бўйича “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жорий этилгани, аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” ҳамкорлик тизими яратилгани алоҳида тилга олинди.

   Шунингдек, инсон қадрини юксалтиришнинг амалий натижалари, хусусан, аёлларга эътибор кучайгани, нуроний ва фахрийлар улуғлангани, янги жамиятнинг навқирон авлоди, фаол фуқаролик позицияси ва замонавий дунёқарашга эга баркамол ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятлар ва улар билан ишлашнинг янги механизмлари яратилгани, мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларини давлат томонидан ҳар томонлама ҳимоя қилишнинг амалий тизими ишга тушгани хусусида ҳаётий мисоллар билан атрофлича сўз юритилди.

   Ўз навбатида, Ф.Отахонов юртимиздаги ислоҳотлар ва кенг қамровли саъй-ҳаракатларнинг бош ғоявий ва конституциявий асослари Бош қомусимизда ўз ифодасини топиши муҳим аҳамият касб этиши ҳақида тўхталиб, қуйидаги таклифларни келтириб ўтди:

    биринчидан, маҳаллий ижро ҳокимияти органларини, жумладан ҳокимларни демократик йўл билан ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, бунда маҳаллий Кенгашларга сайловларда кўп депатутлик ўрнини эгаллаган сиёсий партиялар гуруҳлари томонидан ҳоким лавозимига номзод кўрсатиш, маҳаллий Кенгашда номзодни ва унинг тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурини кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш амалиётини жорий қилиш. Бу механизмнинг конституциявий асосларини Асосий қонунимизнинг 102-моддасида акс эттириш;

  иккинчидан, Конституциямизнинг 100-моддасида маҳаллий вакиллик органлари ва ҳокимларнинг ваколатларини алоҳида ва аниқ белгилаш мақсадга мувофиқ.

  Шу тариқа конференция иши асносида қатор таклифлар, шу жумладан фуқароларнинг жамоат бирлашмаларига уюшиш ҳуқуқини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар фаолиятининг, давлат тили ва фуқароликнинг конституциявий асосларини янада такомиллаштириш масалалари бўйича таклифлар қизғин муҳокамадан ўтмоқда.

    Халқаро конференция якуни бўйича Конституциявий комиссияга тегишли таклиф ва тавсиялар тайёрлаш, хорижий давлатлар ва Ўзбекистон конституциявий тараққиётининг қиёсий таҳлили ҳамда халқаро конференция иши давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида Урганч декларацияси лойиҳасини маъқуллаш масаласини кўриб чиқиш режалаштирилган.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan