Ўзбекистонда тартибга солиш сиёсати: ютуқлар ва ривожланиш истиқболлари – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

   Бугун пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция шу мавзуга бағишланди.

     Офлайн ва онлайн мулоқотда парламент ва ҳукумат аъзолари, вазирлик ва давлат идоралари масъул раҳбар ходимлари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Мўғилистон мамлакатлари парламентлари ва ҳукуматлари вакиллари, илмий-тадқиқот муассасалари мутахассислари, миллий, хорижий ва халқаро экспертлар қатнашди.

        Анжуманни Адлия вазири Русланбек Давлетов, ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос, USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Микаэла Мередит хоним ва Олий Мажлис Сенати қўмита раиси Наримон Умаров кириш сўзлари билан очиб бердилар.

         Тадбирни модератор – Адлия вазирининг ўринбосари Алишер Каримов олиб борди.

         Конференция иши иккита сессияда ўтказилди.

        Биринчи сессияда миллий ва хорижий экспертларнинг “Ўзбекистонда норма ижодкорлиги жараёнларини модернизация қилиш стратегиясининг йўналишлари ва дастлабки натижалар”, “Тартибга солиш таъсирини баҳолаш амалиёти: тажриба-синов лойиҳаси”, “Келажакка назар: Ўзбекистонда тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини йўлга қўйишнинг кейинги қадамлари”, “Ўзбекистонда тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини гендер жиҳатдан таъсирчанлигини таъминлаш” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

    Иккинчи сессиядаги муҳокамалар форумида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари И.Норқулов, Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари А.Қаюмов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси девони ходими Ю.Жўраев, Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармаси бўлим бошлиғи Ж.Сафаров сўзга чиқишди.

     Муҳокамаларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказишга оид билим, малака ва амалий кўникмаларни ошириш, сифатли ва самарали, ортиқча харажатларсиз, ижро этилиши мумкин бўлган қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилинишини таъминлаш, қонунлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида халқаро стандартларга мувофиқ “ақлли тартибга солиш” воситаларини жорий этиш борасида ўзаро фикр ва тажриба алмашилди.

        Мунозараларда Олий мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Алимжан Акилов иштирок этди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan