Конституция ва қонунлар устувор бўлган юртда иқтисодий барқарорлик кафолатланади – Қонунчилик муаммолари институти
Конституциявий ислоҳотлар

Кейинги беш-олти йилда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодиётда давлат улушини босқичма-босқич камайтиришга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Мамлакатимизда ҳар қайси хусусий мулкдорнинг қонуний йўл билан қўлга киритган мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли ҳуқуқий кафолатлар тизими яратилди. Тадбиркорлик фаолияти учун ер майдонларини ажратишдаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, тизимдаги коррупция ҳолатларига барҳам бериш мақсадида ер майдонларини электрон аукцион орқали ажратиш тартиби жорий этилди.

Аҳамиятли томони, мулк эгасига зарарнинг ўрни тўлиқ қопланмагунча давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш ва кўчмас мулкни бузиш тартиби бекор қилиниб, инвестор ва тадбиркорларга етказилган мулкий зарарни тўлиқ қоплаб бериш тартиби кафолатланди. Зеро, мулкнинг эгаси бўлса, меҳнат унумдорлиги бир неча маротаба ортади. Мулкдорнинг кайфияти, интилиши, иш юритиши, ўз фаолиятига, умуман, ҳаётга муносабати бошқача бўлади.

Соҳани ривожлантиришга қаратилган кўплаб қонун, фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши туфайли 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди. Энг муҳими, янги субъектлар кескин кўпайиб, охирги беш йилда тадбиркорлар сони қарийб 3 баравар ошди.

Аммо бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга қарамай, баъзи ҳудудларда қабул қилинаётган қонунларга риоя этмаслик ҳолатлари, афсуски, учраб турибди. Бу эса Конституциямизда фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш лозимлигини англатади. Чунки мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминламасдан иқтисодий ривожланишга эришиш қийин.

Президентимиз куни кеча Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда бу масалага алоҳида тўхталиб, халқимиз орасида “снос” деган ном билан машҳур бўлган муаммо борлигини, бундай ҳолатга бутунлай барҳам бериш учун уй-жой бўйича конституциявий кафолатни белгилаб қўйиш лозимлигини билдирди. Бу суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмайди, иморат бузилишга тушадиган бўлса, бунинг учун бузишдан олдин унинг қийматига мос равишда компенсация тўланади, дегани.

Учрашувда “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини юксалтириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, таълим, илм-фан соҳаларини тараққий эттириш, хусусий мулк дахлсизлигини янада мустаҳкамлашга доир муҳим ташаббуслар илгари сурилдики, уларнинг ҳаммаси жуда муҳимдир. Хусусан, уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилиши Конституцияда қатъий белгиланиши энг тўғри ва оқилона қарор бўлди.

Ушбу ташаббус кўп сонли аъзоларимиз, айниқса, тадбиркор ва ишбилармонлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Таъбир жоиз бўлса, уларни ҳаракатга келтирди, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, фаолиятини кенгайтириб янги-янги иш ўринлари яратишга чорлади. Чунки тадбиркорга зарур шароитлар яратиб берилса, тўплаган мол-мулки, пулини янги иш очишга сарфлайди, нафақат ўзини, оиласини, балки эл-юртини ҳам боқади.

Бугун хусусий мулксиз, унинг ишончли кафолатисиз кучли ижтимоий давлатни қуриб бўлмаслиги сабабли Бош қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтириш лозим. Бу орқали ҳар бир тадбиркор доимо давлат, Конституция, қонунлар ҳамда Президент ҳимоясида эканини ҳис этади. Ҳаётдан кўнгли тўлиб, руҳи кўтарилиб, янги-янги марраларга интилади.

Шу жиҳатдан, мулкдор суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз, мулкидан маҳрум этилмаслиги керак. Ўз навбатида, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик масаласини Конституциявий қоида сифатида белгилаш айни муддаодир. Бу имкониятлар тадбиркорликни жадал ривожланишига, янги иш ўринлари яратилишига, ҳар бир шахснинг қулай меҳнат шароитида ишлаш, меҳнати учун муносиб ҳақ олиш ҳуқуқини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари ўз нуқтида иқтисодиётимизни ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлган тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш, шу мақсадда Конституциямизда мамлакатимизда товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланиши, ички ва ташқи савдо ривожланиши учун давлат барча шароитларни яратиши ҳақидаги нормани мустаҳкамлаш лозимлигини ҳам билдирди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, бу – бошлаган ислоҳотлар ва давр талабидир.

Шунингдек, давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаши, Асосий қонунимизда ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги аниқ белгиланиши лозимлиги айтилдики, буларнинг барчаси тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг айни дилидаги гап бўлди.

Ушбу таклифларнинг амалга ошиши аввало, юртимизда инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларни, янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги устувор мақсадларни амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади. Энг муҳими, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва унинг кўп сонли аъзоларининг, тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла кафолатланишида асосий рол ўйнайди.

Шу нуқтаи назардан, биз Президентимиз томонидан билдирилган барча таклифларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Хусусан, мол-мулк, уй-жой дахлсизлиги масаласини Конституцияда белгилаш – партиямиз аъзолари ва электорати манфаатларига тўла мос келади. Мол-мулк дахлсизлиги кафолатланиши эса ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни рағбатлантиради.

Айниқса, иморат бузилишга тушадиган бўлса, олдин унинг қийматига мос компенсация тўлаш, суднинг қарорисиз ҳеч кимса уй-жойидан маҳрум этилмаслигининг Конституцияда белгиланиши ҳар бир инсон учун жуда катта ҳуқуқий кафолат бўлади.

Бир сўз билан айтганда, бугун тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш давлат сиёсатига тўсқинлик қилиш сифатида қаралмоқда. Бу туфайли аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш хоҳиш-истаги ошиб, йилдан-йилга тадбиркорлик субъектларининг сони кўпаймоқда. Конституциямизда хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтиришга доир нормаларнинг белгиланиши шубҳасиз, тадбиркорларнинг эркин ва самарали фаолият юритишига ҳамда бизнеснинг жадал ривожланишига хизмат қилади.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan