Демократик ислоҳотларни амалга оширишда муҳим қадамларни қўяётган Ўзбекистон ҳам адолатли жамиятни қуриш йўлида дадил қадамларни ташламоқда. Очиқлик сиёсати, сўз эркинлиги, халқ билан мулоқот, аҳолининг дарду ташвишларини эшитиш – буларнинг барчаси сўнгги беш-олти йилда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар доирасида ҳам инсон манфаатларига хизмат қиладиган мана шундай кенг кўламли омилларнинг барчасини давлатимиз Бош қомусида акс эттириш муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларда фуқароларимиз, кенг жамоатчилигимиз вакилларининг, айниқса ёшларнинг бефарқ бўлмасдан, ўз таклиф ва мулоҳазалари билан фаол қатнашаётгани ҳам жамиятимизда инсонпарварлик муҳитининг меваси дейиш мумкин. Бугун бефарқ бўлмасдан, Бош қонунга ўзининг таклифлари билан иштирок этаётган қатлам эртага унинг ижроси учун ҳам қатъий позицияда туради. Бу эса мамлакатда қонун устуворлигининг муҳим кўринишини ифода қилади.
Куни кеча мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказган учрашувида бу борада алоҳида тўхталиб ўтди.
Очиғини айтганда, конституциявий ислоҳотлар моҳиятини ҳалигача унчалик англамаган юртдошларимиз ҳам давлатимиз раҳбари айтган фикрларни эшитиб, бу нақадар ҳаётий зарурат эканини тушиниб етди, десак хато бўлмайди. Чунки, Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича мамлакат раҳбарининг шахсан ўзи айтган ўнлаб таклифлар халқимиз йиллар давомида кутган, орзу қилган масалалар ифодаси, одамлар дуч келаётган кўплаб муаммоларнинг айни ечими сифатида янгради. Бу масалаларнинг Бош қомусимизда акс этиши эса чинакамига инсон манфаатларига хизмат қилади.
Президентимиз таъкидлаб ўтган устувор йўналишлар негизини ташкил этувчи “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашув Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдирилмоқда. Янги жамият – Янги Ўзбекистон ҳаётида инсон қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши олий даражада ўз ифодасини топмоқда.
Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан халқимизга байрам табригида конституциявий ислоҳотнинг асосий йўналишларидан бири сифатида экологик масалаларга эътибор қаратиб, “ҳозирги вақтда кўплаб ривожланган давлатлар, табиатдаги глобал ўзгаришларни ҳисобга олиб, ўз конституциясига экологияга оид махсус боблар киритмоқда. Ўзбекистон Конституциясида ҳам ушбу долзарб масалага доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши лозим”, – дея алоҳида таъкидлаган эди.
Кеча бўлиб ўтган учрашувда ҳам давлатимиз раҳбари бу масалага яна бир бор тўхталиб, экологик масалалар Асосий қонунда кенг акс этиши нақадар ҳаётий зарурат эканини ифодалаб берди. “Табиатдаги глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётгани экологик хавфсизликни ғоят долзарб масалага айлантирди. Шу боис, Конституциямизда ушбу йўналишга доир экологик-ҳуқуқий нормалар ўз ифодасини топиши лозим. Ҳеч шубҳасиз, бундай конституциявий ўзгаришлар жамиятимизда фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, айниқса, мансабдор шахсларнинг табиат ҳимояси учун масъулиятини кескин ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни янада кучайтириш имконини беради”, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Бош Қомусимизга экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси бўйича таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ечими сифатида кўриш мумкин.
Ўрни келганда айтиш керак, яқин беш йил давомида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини умумий энергия балансида уч баробар кўпайтирилиши мамлакатимиз аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини таъминлаш янада яхшиланишига имконият яратиш билан бир қаторда, минтақада энергетик барқарорликни таъминлашга ҳамда республикамизнинг Иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битими доирасида олган мажбуриятлари ижросини таъминлашга хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, глобал тусдаги экологик муаммоларни бартараф этишда экологик инновацияларни жорий этиш, экологик тоза, энергия самарадор ва ресурстежамкор лойиҳаларни амалга ошириш, “яшил иқтисодиёт”га амалиётга тадбиқ этиш, мамлакатимизнинг экологик хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришларига мослашиш имконини бериш билан бир қаторда иқтисодиёт тармоқлари ривожланишига, бу эса аҳолимиз фаровонлиги янада ошишига хизмат қилади. Бунинг негизида эса инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, янги Ўзбекистонимизни келгусидаги барқарор тараққиётини таъминловчи Конституциявий ислоҳотлар туриши барчамизга маълум.
Хайрилло ҒАФФОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари