Конституциявий қонун лойиҳаси тарғиботи – Қонунчилик муаммолари институти
Конституциявий ислоҳотлар

  “Асакабанк” АЖ Бош офисида жорий йилнинг 25 июнь куни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари ҳамда “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформасида эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Бош қомусига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Конституциявий қонун лойиҳасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

    Унда “Асакабанк” АЖ бошқармалар ва ҳудудий филиаллар бошлиқлари ва масъул ходимлари иштирок этди.

  Асосий маърузачилар – Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими, юридик фанлар номзоди Саидаҳмад Ишанходжаев ҳамда Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Шоҳжаҳон Хўжаев томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқида таъкидлаганидек, янгиланаётган Конституция мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши хусусида сўз юритилди.

 Қайд этилганидек, жорий йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси бўлиб ўтади.

  Конституциявий қонун лойиҳаси Асосий қонунимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритишни назарда тутади. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда.

  Тадбир давомида инсоннинг шаъни, қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари, иқтисодий-ижтимоий, оила, меҳнат муносабатлари, суд-ҳуқуқ, таълим, тиббиёт, экология ва бошқа кўплаб соҳа ҳамда йўналишларда таклиф этилаётган ўзгартишлар моҳияти таҳлил этилди. Ушбу конституциявий ислоҳотларнинг бош замирида “Инсон қадри учун” эзгу ғояси мужассам экани алоҳида таъкидланди.

   Муҳокамалар асносида иштирокчилар Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

 

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan