Фуқаролик процессуал ҳуқуқининг долзарб муаммолари – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

  Бош прокуратура академиясида марҳум профессор Эминжон Эгамбердиевнинг 80 йиллиги муносабати билан ташкил этилган илмий-амалий конференция шу мавзуга бағишланди.

   Бош прокуратура Академияси бошлиғининг ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Музаффаржон Мамасиддиқов модераторлик қилган анжуманни Бош прокуратура Академияси бошлиғи Евгений Коленко, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори, профессор Омонбой Окюлов кириш сўзлари билан очиб беришди.

  Таъкидланганидек, ҳар бир инсон хотираси боқий бўлиши учун у ўзидан солиҳ авлод, илмий мерос ва содиқ шогирдлар қолдириши керак. Хушфеъл ва самимий олим Э.Эгамбердиев ҳам айнан шундай ибратли инсонлар қаторида мангу ёдимизда қолади.

   Конференция иши “Камтар ва фидойи олим (профессор Эминжон Эгамбердиевнинг ҳаёти ва илмий ижоди)”, “Фуқаролик процессуал ҳуқуқий фанларни ривожлантириш истиқболлари” ва “Фуқаролик процессуал қонунчиликни такомиллаштириш масалалари” мавзуларидаги учта сессияда олиб борилди.

   Жараёнда намойиш этилган Э.Эгамбердиевнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги фоторолик устознинг умр йўлини барчанинг кўз ўнгида гўё жонли гавдалантирди.

  Ўзбекистон фан арбоби, юридик фанлар доктори, профессор Халимбой Бобоев, юридик фанлар номзоди, доцент Узоқ Бозоров, Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи Мирзаюсуп Рустамбаев, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов, қатор нуфузли назариётчи ва амалиётчилар, шунингдек, фарзандлари, шогирдлари ва бошқа маърузачилар олимнинг ҳаёти, илмий ва меҳнат фаолияти, одамийлик фазилатлари, мамлакатимиз фуқаролик процессуал ҳуқуқи фанини ривожлантириш ва такомиллаштиришдаги ўрни, юридик кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашдаги илмий ва педагогик мактаби ҳақида ўз хотиралари ва фикрлари билан ўртоқлашдилар.

   Шунингдек, сўз олганлар томонидан қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, Ф.Отахонов Интернет жаҳон ахборот тармоғида Ўзбекистон илмий ҳамжамиятининг марҳум ва ҳаёт бўлган академик, профессор, фан докторлари ҳақидаги батафсил маълумотларни уларнинг таржимаи ҳолини, меҳнат ва илмий фаолияти натижаларини кўрсатган ҳолда викилуғатга киритиш таклиф қилинди.

  Иккинчи ва учинчи сессиялар иши Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори, профессор Замирахон Эсанованинг “Фуқаролик процессуал ҳуқуқи фанини ўқитишнинг ўзига хос жиҳатлари”, Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисдаги ваколатли вакили, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Маъруфжон Тожибоевнинг “Фуқаролик процессуал қонунчиликни такомиллаштиришнинг долзарб муаммолари”, Судьялар олий мактаби профессори, юридик фанлар доктори Комил Синдоровнинг “Фуқаролик ва иқтисодий ишларни судда кўришда прокурор иштироки: назария ва амалиёт” мавзуларидаги маърузаларидан иборат бўлди.

    Ташкилотчилар томонидан конференция натижалари бўйича тўплам тайёрланиши режалаштирилган.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan