Сўнгги беш йиллик янги тараққиёт босқичида 2021 йил барча соҳаларда бўлгани каби ёшлар сиёсатида ҳам амалий ишлар ва тарихий натижалари билан Ватанимиз ва халқимиз тарихида ўчмас из қолдириши, шубҳасиз.
Буни амалга оширилган қуйидаги ислоҳотлар мисолида кўриш мумкин:
биринчи жиҳат, 2021 йилнинг Президентимизнинг ташаббуси билан «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб номланганлигининг ўзи ҳам ушбу йилнинг бутунлай ёшлар сиёсатига бағишланганлигини, барча йўналиш ва тармоқларда ёшлар масаласининг энг устувор этиб белгиланганлигини англатади;
Ҳаракатлар стратегиясининг сўнгги йилида ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласининг юқори даражага олиб чиқилиши:
биринчидан, аҳолисининг қарийб 55 фоиздан зиёдини ташкил этувчи кўп миллатли халқимиз фарзандларига қаратилган катта эътиборнинг намунасидир;
иккинчидан, Ҳаракатлар стратегияси доирасида 2017 йилда бошланган ёшларга стратегик куч сифатида ёндашиш сиёсати 2021 йилда ҳам ўзининг мантиқий давомини топганлигини англатади;
учинчидан, 2021 йилда Ўзбекистондан бошқа бирорта давлатда йил номида ёшлар масаласи ўз ифодасини топмаганлиги ҳам янги Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатининг бошқаларга ўрнак эканлигидан даракдир.
иккинчи жиҳат, 2021 йилда ёшларга кенг имконият яратишга қаратилган амалда ишлайдиган изчил тизим ўзининг юқори чўққисига чиқди;
Хусусан:
биринчи, «Темир дафтар»даги оилалар фарзандлари бўлган 2 мингдан зиёд талабанинг контракт пули тўлаб берилганлиги;
иккинчи, ётоқхона билан таъминланмаган 62 минг нафар талабага ойлик ижара тўловининг 50 фоизини бюджетдан қоплаб берилганлиги;
учинчи, 182 минг нафар ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилганлиги ҳақиқатдан ҳам юртимизнинг ёшлар мамлакати эканлигидан даракдир.
учинчи жиҳат, 2021 йилда ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи қонунчилик янада такомиллаштирилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлар миллий базасига кўра, ўтган йилда ёшларга оид давлат сиёсатининг у ёки бу йўналишларига бағишланган жами 47 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларнинг 15 таси Олий Мажлис палаталари қарорлари, 7 таси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, 25 таси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳисобланади. Таққослаш ўрнида айтиш керакки, мазкур кўрсаткич 2020 йилда 23 тани, 2019 йилда 26 тани, 2018 йилда 19 тани, 2017 йилда 22 тани ташкил этган. Бундан кўриш мумкинки, 2021 йилда норма ижодкорлиги соҳасида ҳам ёшлар масаласи устуворлик касб этган;
тўртинчи жиҳат, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 январдаги 23-сон қарори билан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилди.
Концепцияда белгиланган устувор вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида 62 та банддан иборат бўлган Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини
2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. 2021 йилда «Йўл харитаси»даги бандларнинг ижроси масъул ижрочилар томонидан самарали бажарилди.
Хорижий давлатлар тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, фақат ўз ёрқин келажагидан қайғурган давлатлардагина ёшларга оид давлат сиёсатида истиқболдаги режалар бўйича аниқ стратегия ва дастурларнинг ишлаб чиқилганлигини кўришимиз мумкин. Хусусан, АҚШда «Ёшлар учун келажак: Федерал ҳамкорлик ёшлар стратегияси», Финляндияда «Ёшлар миллий стратегияси», Германияда 2015 йилда қабул қилинган «Янги ёшлар стратегияси» шулар жумласидандир.
бешинчи жиҳат, ёшларни кундалик ташвишлари билан оввора бўладиган эмас, аксинча, буюк мақсадлар сари етаклашга хизмат қиладиган бандлик тизими ўзининг ижобий натижаларини кўрсатди;
Ушбу фикримизнинг ҳақиқат эканлигини ҳудудларда ташкил этилган 186 та «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари»даги 3 мингта лойиҳа доирасида ёшларимиз учун 50 мингта янги иш ўринлари
яратилганлиги, шунингдек ҳар ўқув йили якуни билан туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида битирувчилар бандлигини таъминлашга оид дастурлар қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилганлиги мисолида кўришимиз мумкин.
Президентимизнинг ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги амалга ошираётган оқилона сиёсат:
биринчидан, жамиятда ўз Ватани, халқи ва оиласи тақдирига бефарқ бўлмаган мақсадли инсонларни шакллантиришга;
иккинчидан, мунтазам даромад манбаига эга бўлган фаол қатлам, яъни солиқ тўловчиларнинг сони ортишига хизмат қилади.
олтинчи жиҳат, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятларини оширишга қаратилган ноёб тизимлар фаолиятига эътибор кучайтирилди;
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан:
биринчи, ташкил этилганига қарийб 20 йил бўлган «Заковат» интеллектуал ўйинининг оммавий маърифий ҳаракатга айлантирилганлиги;
иккинчи, мазкур ҳаракатни молиявий қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 50 миллиард сўм маблағ ажратилиши йўлга қўйилганлиги ушбу йўналишда яқин истиқболда интеллектуал жиҳатдан салоҳияти юксак ёшларнинг етишиб чиқишига хизмат қилиши, шубҳасиз.
еттинчи жиҳат, ёшларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб иқтисодий лойиҳалар амалга оширилди.
Хусусан, 2021 йилда:
ёш оилаларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида 2021 – 2023 йилларда Ёшлар уйларини қуриш дастури амалга оширилди;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий этилди.
Ёшларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишларнинг саноғи жуда салмоқли бўлиб, уларни ўз ҳаётида исботини топаётган ёшлар бугун шукроналик ҳисси билан яшашмоқда.
саккизинчи жиҳат, замон талабларига монанд тарзда янги таълим муассасалари ташкил этилди;
2021 йилда Янги Ўзбекистон университети, Президент мактаблари ва кўплаб ижод мактаблари барпо этилди.
Биргина Қорақалпоғистон Республикасининг ўзида 14 та янги мактаб қурилди, 4 та янги олийгоҳ ташкил этилганлигининг ўзи ҳам фикримизнинг исботидир.Янги таълим муассасалари республикамизнинг барча ҳудудларда жадаллик билан ташкил этилмоқда. Мазкур бунёдкорлик ишлари келгусида:
аввало, замонавий билимларни пухта эгаллаган рақобатбардош кадрларнинг тайёрланишига;
қолаверса, салоҳиятли кадрларнинг катта захирасининг шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятга эгадир;
тўққизинчи жиҳат, ёшлар тадбиркорлиги тадбиркорлик соҳасининг локомотиви бўлиши керак деган ғоя устувор аҳамият касб этди.
Шу мақсадда, 92 мингдан зиёд ўғил-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 2 триллион 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган «Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз ёшларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилди.
Ёшлар тадбиркорлигининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши:
биринчидан, давлатдан ниманидир умид қилиб ўтирадиган ёшларни эмас, аксинча қўрқмасдан ишбилармонлик ташаббусларини илгари сурадиган;
иккинчидан, ўзига берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўзининг орзусидаги ҳаётни қуриш имкониятига эга бўлган жамиятнинг фаол қатламини шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлаш керак;
ўнинчи жиҳат: ёшларнинг рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашиучун зарур амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилди.
Шу мақсадда:
Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Навоий, Сирдарё, Тошкент вилоятларида Ёшлар технопарклари
фаолиятини ташкил этиш ишлари амалга оширилди;
шаҳар ва туманларда ёшларни рақамли технологияларга ўқитиш ҳудудий ўқув марказлари очилди;
«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 2021-2022 йилларда 300 минг нафар ёшларни компьютер дастурлаш асосларига бепул ўқитиш бўйича лойиҳалар амалга оширилди ёшларнинг халқаро “IT” сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини бюджетдан қоплаб бериш тартиби ишлаб чиқилди.
Ёшларга рақамли технологияларни ўргатиш қуйидаги жиҳатлари билан Ватанимиз ва халқимиз тараққиёти учун аҳамиятлидир:
биринчи, ёшларга рақамли технологияларнинг мукаммал ўргатилиши тараққиётнинг юксак натижаларига қисқа муддатларда эришиш имкониятини беради;
иккинчи, дунё миқёсида рақобатбардош кадрларнинг тайёрланишига эришилади;
учинчи, глобаллашув шароитида замонавий технологиялар асосида мамлакат иқтисодиётининг барча соҳалари барқарор ривожлантирилади.
2021 йилда Муҳтарам Президентимиз томонидан ёшлар масаласи нафақат мамлакатимиз миқёсида, балки халқаро майдонда ҳам бир неча маротаба илгари сурилди. Шу ўринда айтиш керакки, 2017 йилдан эътиборан Янги Ўзбекистон ўз ташаббуслари ва инсонпарвар ислоҳотлари билан дунё мамлакатларига ўрнак бўлмоқда. Қисқа муддатда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўли ўзининг оқилона эканлиги, халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўла жавоб бериши туфайли жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бу борада, айниқса, ёшларга оид давлат сиёсати йўналишидаги амалий ишлар эътирофга лойиқдир.
2021 йилда Муҳтарам Президентимиз томонидан нуфузли халқаро учрашувлар ва саммитларда ёшлар масаласига доир10 та муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди, уларнинг 5 таси халқаро ташкилий аҳамиятга эга бўлса, қолган 5 та таклиф халқаро ҳуқуқий характерга эга бўлиб, ёшлар ҳаётига тааллуқли қўшма дастурлар ва концепцияларни ишлаб чиқишни назарда тутади. Шунингдек, Президентимиз амалга оширилган давлат ташрифлари давомида ёшлар масаласи юзасидан 10 дан зиёд
муҳим фикр ва мулоҳазаларни ҳам билдирди.
Хусусан:
Биринчи, 2021 йил 22 февраль куни бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Юртбошимиз томонидан:
биринчи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш;
иккинчи, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;
учинчи, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласи бўйича таклифлар билдирилди.
Иккинчи, 2021 йилнинг 11-12 март кунлари Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг юртимизга амалга оширган давлат ташрифи доирасидаги учрашувда Давлатимиз раҳбари томонидан «Қирғизистон ёшларига Ўзбекистоннинг етакчи олий ўқув юртларида таълим олиш учун ҳар йили устувор йўналишлар бўйича грантлар ажратиш режалаштирилаётганлиги» маълум қилиниб, икки дўст мамлакат ёшлари ўртасидаги яқин алоқаларни ривожлантириш муҳим эканлиги таъкидланди.
Учинчи, 2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» халқаро конференциясида Президентимиз томонидан:
биринчи таклиф, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшларини жалб этган ҳолда, таълим ва илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш;
иккинчи таклиф, Ёшлар масаласида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузиш таклифлари билдирилди.
Тўртинчи, 2021 йилнинг 5 август куни Туркманистон Республикасининг «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувида сўзлаган нутқида Давлатимиз раҳбари томонидан қуйидаги тарихий таклифлар билдирилди:
биринчи таклиф, Марказий Осиё келажагининг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;
иккинчи таклиф, 2022 йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш.
Мазкур таклифлар ўз мазмун-моҳиятига кўра, Марказий Осиё ёшлари ўртасида ишонч ва дўстликни янада мустаҳкамлаш, интерфаол мулоқотни йўлга қўйиш учун янги платформани шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бешинчи, 2021 йилнинг 5 октябрь куни Туркманистон Республи-касига қилинган расмий ташрифи давомида Президентимиз томонидан «икки мамлакат ёшлари учрашувлари ва форумларини ўтказиш, ёшлар ташкилотлари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги» юзасидан фикрлар билдирилди.
Олтинчи, 2021 йил 11-13 ноябрь кунлари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммитида қуйидаги таклифлар илгари сурилди:
биринчи таклиф: 2022 йилни Туркий дунёда «Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили», деб эълон қилиш;
иккинчи таклиф: ушбу мақсадда аниқ чора-тадбирлардан иборат қўшма дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш таклифлари билдирилди.
Мазкур таклифларнинг амалга оширилиши туркий дунёда Янги Ўзбекистоннинг ташаббусига биноан ёшлар масаласи устувор аҳамият касб этиши, ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари ҳаётда ўз ифодасини топишига хизмат қилиши, шубҳасиз.
Еттинчи, 2021 йил 5-6 декабрь кунлари Давлатимиз раҳбарининг Қозоғистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи давомида Президентимиз томонидан 2022 йилда Ўзбекистонда биринчи Ёшлар конгрессини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Шу ўринда айтиш жоизки, мазкур таклиф ўзбек ва қозоқ халқлари ёшлари ўртасида мунтазам алоқа ўрнатилиши, фикрлар муштараклигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятга эгадир.
Саккизинчи, 2021 йилнинг 7 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкило-тининг
терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда ёшларга қаратилаётган эътибор ва халқаро майдонда Ўзбекистон томонидан ёшлар масаласида илгари сурилаётган амалий таклифлар эътироф этилди.
Юқоридаги таклифларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, улар ўз мазмун-моҳиятига кўра тарихий, халқаро-ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий ва маданий жиҳатдан юқори аҳамиятга эгадир. Тан олиб айтиш керакки, халқаро майдонда Янги Ўзбекистон сингари ёшлар масаласини кун тартибига муҳим ва долзарб масала сифатида олиб чиққан, амалий таклиф ва ташаббусларни илгари сурадиган халқаро ҳуқуқнинг субъекти йўқ десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Шу ўринда айтиш керакки, Президентимиз томонидан ҳар сафар юксак минбарлардан туриб ёшлар масаласи юзасидан тарихий таклифларнинг билдирилиши Биз Ўзбекистон ёшларига катта ғурур ва мотивация беради. Чунки мазкур оқилона ва фаол ташқи сиёсат орқали Янги Ўзбекистон дунё ёшлари – келажак эгаларининг тақдирига бефарқ эмаслигини англатади.
Биз ёшлар 2021 йил Ўзбекистон ёшлари тақдири, мамлакатимиз тарихи ва жаҳон ёшлари тақдирида«ёшлик кайфияти ва руҳияти энг юксак чўққига чиққан давр» бўлиб қолишига ишонамиз. Чунки 2021 йилнинг илк кунлариданоқ, Давлатимиз раҳбари биз ёшларга «келажак устунлари» сифатида қараб, ўзининг «энг яқин кўмакчилари» ва «халқимизнинг азиз фарзандлари» сифатида таъкидлаган эди. Бу Давлат раҳбари томонидан ёшларга билдирилган жуда катта ишонч ва қўллаб-қувватлашни англатади. Умид қиламизки, 2022 йил ҳам биз ёшларнинг ҳаётимизда унутилмас лаҳзалар, янги ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёни билан муҳрланади. Ёшлар учун янги имкониятлар ва қўшимча шарт-шароитлар яратилади.
Шу ўринда Давлатимиз раҳбарининг ёшларга қарата айтган «Заҳматли меҳнати орқали орзу-умидлари ушалган инсон – энг бахтли инсондир. Шунинг учун доимо баландларга интилинг, эзгу мақсадингиз учун курашинг. Доимо ўқинг-ўрганинг, ўзингизга ишонинг, кашфиётлар қилинг, янгиликлар яратинг, олдинга дадил қадам ташланг» деган ўгитлари бизни ҳамиша меҳнат қилишга, ўз устимизда ишлашга, Ватанимиз ва халқимиз тақдирига бефарқ бўлмасликка, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари ўлароқ шукроналик ҳисси билан яшашга чорлайди.
Акбаршоҳ ТEШАБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи