Конституция — миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва эътиқод эркинлигимиз гарови – Қонунчилик муаммолари институти
Конституциявий ислоҳотлар

Жорий йил 29 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда “Конституция — миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва эътиқод эркинлигимиз гаровидир” мавзусида тадбир ўтказилди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтган тадбирда вилоят ҳокимлари ўринбосарлари, қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ходимлари, вилоят, шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, диний таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчилари, ноисломий диний ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари, матбуот ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов иштирок этди ва маъруза қилди.

Йиғилишда Конституция барча қонунларимизнинг асоси, мамлакатимиз фаровонлиги, халқимиз бахт-саодатининг кафолати экани, сўнгги беш йилда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётгани, бунинг замирида энг аввало инсон хуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқларининг энг олий қадрият сифатида тан олиниши каби ҳаётий тамойил ётгани, Конституция – бу, истиқлол ва мустақил Ўзбекистон рамзи, ғурур-ифтихори, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, дини, ирқи, тилидан қатъи назар, барча учун мустаҳкам ҳимоя, фуқаролик жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи дастуриламал ҳужжат экани билан бир қаторда, бугунги ислоҳотлар даврида уни ўзгартиришга катта эҳтиёж сезилаётгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, А. Саидов “Конституция бу догма эмас, у ҳаракат учун дастур бўлиши керак. У қотиб қолган эмас, ўзимизни олайлик, масалан, инсон ҳам туғилади, ривожланади ва бошқа. Шунинг учун ўйлайманки, жамият ҳам ривожланмоқда” дея бўлаётган жараёнларга кенгроқ тўхталиб ўтди.

Янги Ўзбекистонга ҳамда унинг тараққиётига жавоб берадиган янги қоидаларни киритиш керак бўлади. Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳияти, унинг Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳуқуқий асоси экани, фуқароларнинг бурч ва мажбуриятлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш, таълим, фан, маданият ҳамда маънавият ривожида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши тўғрисида батафсил тушунтирилди.

Тадбир иштирокчилари Конституциявий қонун лойиҳасига бир қатор таклифлар беришди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan