Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева Озарбайжон Республикасига расмий ташрифи доирасида Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова билан учрашди.
Учрашувда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли муносабатлар Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашнинг асоси ва пойдевори эканлиги, шунингдек, парламентлараро ҳамкорликнинг янги истиқболларини очиб бериши таъкидланди.
Томонлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги парламентлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Жумладан, икки мамлакат парламентлари тегишли қўмиталари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муҳимлиги қайд этилди. Икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини ҳал этиш, олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишда парламент аъзоларининг роли ҳам алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида ўзаро манфаатли барча масалалар юзасидан парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган амалий чора-тадбирларни рўёбга чиқариш бўйича келишувга эришилди.
www.senat.uz