Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш – устувор масала – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йил 30 июнь куни Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

 Унда сенаторлар, вазирлик масъуллари, мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мажлисда хорижда ишлаб қайтган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғининг ахбороти эшитилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан хорижда ишлаб қайтган меҳнат мигрантларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича муайян ишлар бажарилгани қайд этилди.

Хусусан, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида агентликнинг хорижда 19 та вакиллик институти, шу жумладан, Россия Федерациясида – 16 та, Корея, Қозоғистон ва Туркияда – 1 тадан ташкил этилган. Таъкидланганидек, 2022 йилнинг 5 ойи давомида агентлик ва унинг вакиллик институтлари, Ўзбекистоннинг чет эл давлатларидаги консуллик муассасалари томонидан 17,6 минг нафар аёлга, шу жумладан, 16,6 минг нафарига ахборот ва маслаҳатлар, 383 нафарига ҳуқуқий ёрдам, 546 нафарига ижтимоий ёрдам, 148 нафарига моддий ёрдам кўрсатилган.

“Маҳалла – меҳнат органлари – сектор – Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиали” тизими асосида хориждан қайтган 343,7 минг меҳнат мигрантларининг (хотин-қизлар – 74,8 минг нафар) 285 минг нафари (83%) уйма-уй юриб ўрганилди. Меҳнат органлари ёрдамида меҳнат миграциясидан қайтиб келган 36,9 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Агентлик томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда барча ҳудудларда меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларни тадбиркорликка ўқитиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш бўйича “Тадбиркор мигрант” лойиҳаси йўлга қўйилган.

2022 йилнинг 5 ойи давомида 278 нафар хотин-қиз тадбиркорликка ўқитилиб, уларнинг 168 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлаган. Ушбу хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига ўз маблағлари ҳисобидан 376 млн сўм, банк кредитлари ҳисобидан 1,4 млрд сўм – жами 1,8 млрд сўм маблағ жалб этилган. Янги ташкил этилган корхоналарда 400 га яқин янги иш ўринлари яратилган.

Сенаторлар томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳукумат олдида турган устувор масалалар сирасига кириши қайд этилди.

Мажлис сўнггида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan