Айни дамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Низоларнинг олдини олиш маркази Ўзбекистондаги лойиҳа координатори томонидан Ўзбекистонда хавфсизлик сектори бўйича парламент текширувлари масалаларига бағишланган семинар ўтказилмоқда.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари, халқаро экспертлар иштирок этмоқда.
Тадбирни ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори раҳбари вазифасини бажарувчи, Лойиҳалар бўйича катта маслаҳатчи Ханс-Улрих Им, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Алишер Хамраев, ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва гуманитар масалалар бўйича Учинчи Бош қўмитаси маърузачиси Йохан Бюсер (Швеция) кириш сўзлари билан очиб беришди.
Қайд этилганидек, хорижий тажрибада Парламент қўмиталари томонидан қонун ижодкорлиги билан боғлиқ ролидан ташқари, Ҳукумат фаолияти бир нечта қўмиталар иштирок этиши мумкин бўлган ва одатда ахборот ҳисоботини эълон қилиш билан якунланадиган махсус парламент текширувлари орқали назорат қилиниши мумкин. Махсус тергов ваколатлари туфайли бундай текширувларнинг назорат функциялари парламентнинг бошқа ҳар қандай текшириш ҳуқуқидан кенгроқ жиҳатларга эга бўлади ва улардан самарали фойдаланиш демократик бошқарувнинг шаффофлиги, ҳисобдорлиги ва умумий сифатини мустаҳкамлашнинг воситасидир.
Бундай текширувлар жуда кўп афзалликларга эга бўлиши, жумладан, улар ташкил этилишининг ўзиёқ жамоатчилик томонидан ижобий сиёсий сигнал сифатида қабул қилиниши мумкин. Улар, шунингдек, тегишли масалаларни батафсил ўрганиш учун мос восита бўлиши мумкин ва улар ҳукумат сиёсатини аниқ баҳолаш имконини беради, шунингдек, зарур ҳолларда, бутун палата ва ҳукумат томонидан қабул қилиниши мумкин бўлган йўналишни ўзгартириш воситаларини таклиф этиши мумкин.
Эътироф этилдики, сўнгги йилларда Ўзбекистон парламенти (Олий Мажлис) мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида тобора муҳим роль ўйнамоқда.
Шу муносабат билан, семинарда Ўзбекистон парламентига хавфсизлик сектори устидан парламент назорати самарадорлигини ва қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг умумий ролини кучайтириш воситаси сифатида (хорижий тажриба мисолида) текширувлардан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларни ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Семинарни ЕХҲТ эксперти, Демократия ва бошқарувни ўрганиш маркази ННТ (Албания) ижрочи директори Арйан Дирмиши маъруза ва тақдимот билан учта сессияда олиб бормоқда.
Ҳар бир сессия якунида иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, тақдимотда кўтарилган масалалар муҳокама қилинмоқда ва амалий тарзда казуслар билан ишланмоқда.
Ҳозирга қадар “Парламент текширув комиссиялари парламент назоратининг самарали воситаси сифатида: муаммолар ва имкониятлар” ҳамда “Самарали парламент текширувини ташкил этиш ва ўтказиш” сессиялари якунланди.
Айни чоғда “Самарали текширув учун асос ва амалиётни шакллантириш: “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни нормалари таҳлили” номли учинчи сессия бошланиш арафасида.
