Қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш ва дарё ўзанларидан норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳолати муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йил 4 июль куни Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, экспертлар гуруҳи аъзолари, Ёшлар парламенти аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Шунингдек, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси доирасида 2022 йил биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар тўғрисида Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраевнинг ахбороти ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда республикадаги 1 688 та насос станциясида турли диаметрдаги 2 846 км босимли қувурлар кўп йиллардан буён эксплуатация қилиниши натижасида яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Бу насос станцияларидан чиқарилган сувнинг исроф бўлиши, экин майдонларига тўлиқ етиб бормаслиги ҳамда электр энергиясининг ортиқча сарфланишига сабаб бўлаётганлиги қайд этилди.

Амалга оширилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига хорижий инвесторларни кенг жалб этишда манфаатдор вазирлик ва идоралар етарли даражада иштирок этмаган. Шунингдек, Давлат бюджетидан маблағ талаб қилинадиган лойиҳалар учун Молия вазирлигидан тегишли хулосалар олишда кўп вақт сарфланиб, лойиҳаларни амалга ошириш ишлари кечикмоқда.

Томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинган майдонларда уларни кафолатли ишлатиш бўйича тарафларга мажбурият юклатилмаганлиги сабабли кейинги йилларда технологияларни қўллашда муаммолар келиб чиқмоқда.

Қўмита аъзолари томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш, ер ости сувларини олиш учун қудуқ бурғилаш, улардан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш, улар муҳофаза қилинишини таъминлаш, ичимлик суви объектларини қуриш ва таъмирлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унга мувофиқ муайян ишлар амалга оширилган.

Шу билан бирга, дарё ўзанларини тозалаш, қирғоқларини мустаҳкамлаш, шунингдек, норуда фойдали қазилмалардан фойдаланишда қатор муаммоли масалалар сақланиб қолмоқда.

Жумладан, келишилган лойиҳа параметрларига, гидрогеология, экология талабларига риоя қилинмаган. Масъул вазирлик ва идоралар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижроси лозим даражада таъминланмаган. Шу боис ҳудудларда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан белгиланмаган жойлардан қум-шағал аралашмаси ноқонуний қазиб олинмоқда.

Бунинг оқибатида ер усти ва ер ости сувлари камайиб кетган, сувни муҳофаза қилиш зоналари ботқоқлашган ва ифлосланган, қирғоқлар емирилган, транспорт ва гидротехника инфратузилма объектлари, яъни республика бўйича жами 26 та кўприкнинг таянчлари авария ҳолатига келиб қолган.

Тегишли давлат органларининг шартнома ва лицензияларига эга бўлмаган субъектлар томонидан 35 та объектда 66 та қонун бузилиши ҳолати кузатилиб, қум-шағал аралашмаси ноқонуний қазиб олинаётганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, мажлисда дарё бўйларига турли чиқиндилар ташланаётганлиги боис атроф муҳит ифлосланиб, қирғоқларнинг санитария ҳолати бузилаётганлиги таъкидланди.

Мажлисда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Муҳокамаларда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Алимжан Акилов иштирок этди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan