ЕХҲТ Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар бўйича ўтказиладиган референдумга кузатувчиларни юборишга тайёр – Қонунчилик муаммолари институти
Конституциявий ислоҳотлар

Жорий йилнинг 2-4 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиевадан иборат Ўзбекистон парламент делегацияси Буюк Британиянинг Бирмингем шаҳрида бўлиб ўтган ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг ёзги сессиясида иштирок этди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз нутқида форум иштирокчилари эътиборини Оролбўйи минтақасидаги муаммолар, Ўзбекистон ҳукумати томонидан минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга қаратди, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий  Осиёнинг долзарб экологик муаммоларини ҳал қилишда халқаро ташкилотларни жалб этиш борасидаги ташаббусларини алоҳида таъкидлади.

Бундан ташқари, Қозоғистон делегацияси билан биргаликда Орол денгизи муаммоси бўйича қўшма баёнот ЕХҲТнинг расмий тилларида тарқатилди. Ўзбекистон томони БМТ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан соғлиқни сақлаш тизимининг янги методологиясини ишлаб чиқиш ва Оролбўйи аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган янги лойиҳани ишга тушириш ташаббусини ҳам илгари сурди. Мамлакатимизнинг 2023 йилда Ўзбекистонда ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг кузги сессиясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи яна бир бор тасдиқланди.

Шунингдек, делегация ЕХҲТ ПАнинг доимий қўмитаси ҳамда сиёсий ва хавфсизлик масалалари, иқтисодий масалалар, фан, техника ва атроф-муҳит масалалари, демократия, инсон ҳуқуқлари ва гуманитар масалалар бўйича қўмиталари йиғилишларида ҳам иштирок этди.

Форум иштирокчилари Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан илгари сурилган «БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг ЕХҲТ томонидан амалга оширилиши»  қўшма резолюцияни қўллаб-қувватлади. Ҳужжат барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш, инклюзивликни ошириш ва гендер тенглигини таъминлаш, БРМни миллий механизмлар, жараёнлар ва тизимларга жорий қилиш бўйича тавсияларни ўз ичига олган

Марказий Осиёнинг икки давлати – Ўзбекистон ва Қозоғистон ЕХҲТ ПА доирасида биринчи марта илгари сурилган қўшма резолюциянинг қабул қилингани Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган янгиланган ташқи сиёсат самарасида минтақада юзага келган янги воқеликни ифодалади.

Шунингдек, тадбир доирасида ЕХҲТ ПА раиси Маргарета Седерфельт, ЕХҲТ ПА бош котиби Роберто Монтелла, ЕХҲТ ПА вице-президенти, Марказий Осиё бўйича махсус вакил Пиа Каума, ЕХҲТ юқори даражадаги эксперт, элчи Ламберто Занниер билан учрашувлар бўлиб ўтди. Тадбирларда Ўзбекистон томонидан экологик муаммоларни ҳал қилиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича амалга  оширилаётган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берилди.

ЕХҲТ раҳбарияти Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар бўйича ўтказиладиган референдумга кузатувчилар делегациясини юборишга тайёрлигини билдирди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan