2020 йил 7 июль куни “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказ институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Конституциявий комиссия аъзолари, ҳуқуқ, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар соҳасидаги маҳаллий мутахассислар, шу жумладан Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари, видеоконференцалоқа орқали Марказий Осиё ва Кавказ институти раҳбарияти, халқаро ва хорижий экспертлар иштирок этди.
Юртимиздаги кенг қамровли ўзгаришларни муҳокама қилиш, ислоҳотларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашиш, шунингдек “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини тушунтириш ва муҳокама қилишга бағишланган ушбу тадбир модераторлар – “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда Марказий Осиё ва Кавказ институти директори Сванте Корнелл (онлайн) томонидан олиб борилди.
Э.Туляков таъкидлаб ўтганидек, конституциявий ислоҳотлар инсон қадрини, унинг ҳуқуқлари ва эркинликларини амалда тўла таъминлашга, ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий фаровонлик кафолатлари асосий қонун даражасида мустаҳкамланадиган Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган.
Марказий Осиё ва Кавказ институти директори С.Корнелл Ўзбекистонда фуқароларнинг ижтимоий фаровонлиги ҳамда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлида жадал амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни юқори баҳолади.
Марказий Осиё ва Кавказ институти асосчиси ва раиси, профессор Фредерик Старр ўз сўзида Ўзбекистондаги конституциявий ўзгаришлар Давлат раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар муваффақиятининг зарурий шарти эканлигини эътироф этди. Асосий қонунга киритилаётган ўзгаришларга доир Конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама қилишда фуқароларнинг фаол иштирокига эътибор қаратиб, бу жараён мамлакатда демократик нормаларга риоя этилишининг ифодаси эканини алоҳида қайд этди.
Халқаро сайлов тизимлари фондининг Кавказ ва Марказий Осиё дастури раҳбари Энтони Брауэр ўз маърузасида Конституциявий ислоҳотлар жараёнида ошкоралик ва адолатлиликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган тадбирларга юқори баҳо берди.
Анжуман асносида маҳаллий экспертларнинг мавзу доирасидаги маърузалари тингланди. Жумладан, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Гулноза Саттарова Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ижтимоий давлат ғоясининг акс этиши масалаларига бағишланган маърузасида Ўзбекистон инсоннинг ривожланиши, фаровонлиги ва ижтимоий ҳимояси йўлида фаол ижтимоий сиёсат олиб бораётганига урғу бериб, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” моделининг Конституциямизда акс этиши доирасида Асосий қонунимиз инсон ижтимоий ҳуқуқларининг янги кафолатлари ва янги ҳуқуқлар, шу жумладан истеъдодли ёшларнинг, моддий аҳволидан қатъи назар, таълимни давом эттириши давлат томонидан кафолатланиши, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, давлат томонидан болалар ҳамда ёшларни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш учун зарур шароитлар яратилиши, мулк дахлсизлиги, кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилиши таъминланиши, оналик ва болаликдан ташқари эндиликда оталик ҳам давлат томонидан муҳофаза қилиниши каби қатор нормалар билан тўлдирилаётганига эътибор қаратди. Қайд этилганидек, ижтимоий давлат асосларининг конституциявий мустаҳкамланиши мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар динамикасига мос равишда, бир томондан, миллий қадриятларимизга таянган ҳолда, иккинчи томондан, илғор жаҳон тажрибасига ва ривожланган мамлакатлар эришган ютуқларга асосан амалга оширилмоқда.

Дўстона ва очиқ мулоқот руҳида ўтган давра суҳбати якунида фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди.