Аёлларнинг коррупцияга қарши фаоллигини ошириш – давр талаби – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

  Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг (БМТ ТД) Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашишда хотин-қизларнинг ролини кучайтириш ва фаоллигини ошириш” мавзусида ташкил этилган тренинг машғулотларининг давлат органлари вакиллари учун белгиланган қисми якунланди.

  Уч кун давом этган тренингда 40 дан ортиқ идора ва ташкилотларнинг 100 га яқин вакиллари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиқлари иштирок этди.

  Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Шахноза Жолдасова қатнашди.

  Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур тренинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда БМТ ТД ҳамкорлигидаги “Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ролини ошириш мақсадида фуқаролик жамиятини ҳамда аёллар ва ёшлар овозини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳада хотин-қизларни коррупцияга қарши курашишга жалб этиш ва бу жараёнда уларнинг салоҳиятини ошириш кўзда тутилган.

   Маърузаларда таъкидланганидек, кўплаб жамиятларда аёллар мунтазам равишда коррупция билан боғлиқ ҳолатларга дуч келади, таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат хизматларидан фойдаланишда маиший коррупция ҳолатлари тез-тез учраб туради. Бундай ва бошқа коррупциоген холатларнинг самарали олдини олиш мақсадида хотин-қизларнинг мазкур йўналишдаги билимларини бойитиш, тегишли усул ва воситалардан фойдаланиш ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш орқали жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш талаб этилади.

  “Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ролини ошириш мақсадида фуқаролик жамиятини ҳамда аёллар ва ёшлар овозини мустаҳкамлаш” лойиҳаси айни шу мақсадда ишга туширилган бўлиб, ушбу тренинг бу борадаги муҳим амалий қадамлардан биридир.

  Давлат органлари вакиллари учун ташкил этилган тренингларда иштирокчиларга коррупцияга қарши курашиш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда аёлларнинг роли, коррупцияга қарши курашиш ва бунга жамиятни жалб қилишда жамоавий ҳаракатлар хусусида батафсил маълумот берилди ҳамда айни йўналишларда интерактив машғулотлар ўтказилди.

    Шу билан бирга, давлат ҳокимияти, очиқ маълумотлар, жамият ва давлат ўртасидаги ҳамкорлик ва бу борада илғор тажрибалар таҳлили муҳокама қилинди.

  Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашишда манбалар билан ишлаш, маълумотларни текшириш ва жамоатчилик билан ҳамкорликка оид тақдим этилган маълумотлар ҳам иштирокчилар учун фойдали бўлди.

 Тренинг якунида иштирокчиларга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда БМТ ТД томонидан сертификатлар топширилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan