Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмиталари ҳамкорлигида “Бутунжаҳон аҳолишунослик куни”га бағишлаб давра суҳбати ташкил этилди.
Тегишли соҳа вакиллари, Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этган тадбирда асосий эътибор демографик барқарорлик тушунчасига қаратилди.
Таъкидланганидек, демографик барқарорлик огоҳлантирувчи ҳусусиятга эга бўлиб, унинг мақсади ҳозирги ва келажак авлодлар фаровонлигини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш, шунингдек, аҳолининг ўсиши, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва мавжуд ресурслар ўртасидаги мувозанат асосида демографик дивиденддан фойдаланишдан иборат.
Ўзбекистондаги демографик барқарорлик аҳоли таркибида ёшлар улушининг юқорилиги, хусусан меҳнатга лаёқатли ёшга кириб бораётган кўп сонли ёшларнинг мавжудлиги, тегишли сиёсат ва ижтимоий-иқтисодий чоралар қўлланилиши шароитига амалга оширилиши мумкин бўлган салмоқли демографик дивидендлар билан боғлиқ.
Шунингдек, демографик барқарорлик аҳолига нисбатан тор ёндашувлардан барча учун фаровонликни таъминлашга қаратилган кенг қамровли демографик ва ижтимоий сиёсатга ўтишни англатади.
Сўз олганлар шаҳар ва қишлоқ жойларида узоқ муддатли демографик тенденцияларни таҳлил қилиш, шаҳарларнинг демографик ҳажмини ва уларнинг ишчи кучига бўлган эҳтиёжини прогнозлаштириш урбанизация ва шаҳар атроф-муҳитини ривожлантиришни янада самарали бошқариш имконини беришини таъкидлади.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик каби ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришда демографик омилни ҳисобга олиш ёшларни меҳнат бозорида мобиллигини ошириш, уларнинг қулай яшаши ва меҳнат билан банд бўлиш имкониятларини кенгайтириш, инсон капиталини мустаҳкамлаш ва демографик дивидендларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Бу жараёнда давлатнинг эътибори нафақат иқтисодиётни ривожлантиришга, балки аҳолининг қулай ва муносиб турмуш шароити, билим олиши, фаоллигини таъминлаш, меҳнат ва турмуш ўртасидаги мувозанатни сақлашга қаратилади.
Тадбирда ушбу демографик имкониятдан ўз вақтида, самарали фойдаланиш учун инсон капитали сифатини оширишга қаратилган демографик сиёсат, қонун ва меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Якунда иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, берилган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.