Айни кунларда Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманларида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш, жамоатчилик фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини ўрганишга қаратилган бир қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.
Шу жумладан, куни кеча Бўстонлиқ ва Қуйичирчиқ туманларида ташкил этилган конституциявий ислоҳотлар муҳокамасига бағишланган навбатдаги тадбирларда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Қодирхонова иштирок этди.
Уларда сенатор маҳаллий Кенгашлар депутатлари, маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари, етакчи ёшлар, ҳоким ёрдамчиларига Конституциявий қонун лойиҳасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти, унинг долзарблиги ҳамда зарурати юзасидан тушунтиришлар берди.
Ўз навбатида, сўзга чиққанлар Конституциянинг янги лойиҳасида аҳоли фаровонлигини янада оширишга хизмат қилувчи янгиликлар ўз ифодасини топаётганлиги, ислоҳотларнинг энг асосий ва устувор вазифалари – инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш эканлигини таъкидлаб, лойиҳани янада такомиллаштириш борасида ўз таклиф ва муносабатларини билдирдилар.
Бундан ташқари, М.Қодирхонова учрашув давомида Олий Мажлис Сенатининг 28-ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар, хусусан, маъқулланган қонунлар ва парламент сўрови натижалари, ҳукуматга юборилган парламент сўровлари ҳақида атрофлича маълумот берди.
www.senat.uz