“Бутунжаҳон аҳолишунослик куни” муносабати билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмиталари ҳамкорлигида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти вакиллари, тегишли соҳа мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Тадбирда БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича ваколатхонаси маслаҳатчиси Николай Ботев “Глобал демографик тенденциялар. Демографик барқарорлик Концепцияси” ва “Оила ва хотин-қизлар” илмий тадқиқот институти директорининг ўринбосари Хамид Абдурахманов “Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача демографик барқарорлик Концепцияси” мавзуларида маъруза қилдилар.
Муҳокамаларда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов сўз олиб, маърузачиларнинг демографик барқарорликни таъминлашда ижтимоий соҳага оид қонун лойиҳаларини демографик экспертизадан ўтказиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида билдирган таклифларини қўллаб-қувватлаб, мамлакатимизда демографик экспертизани йўлга қўйиш учун, аввало, унинг ҳуқуқий асосларини, методологиясини яратиш зарурлигини таъкидлади, бу борада Институт манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдириб ўтди.