Ўзбекистон-Туркманистон: Парламентлараро муносабатларнинг юқори босқичи – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги бир гуруҳ сенаторлар юртимизга расмий ташриф буюрган Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Мулоқот давомида сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон-Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик янги сифат босқичига кўтарилганлиги, шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Туркманистон Милли Генгеши ҳузурида ташкил этилган парламентлараро дўстлик гуруҳларининг самарали фаолияти алоҳида қайд этилди.

Дарҳақиқат, Туркманистон парламенти билан турли халқаро тадбирлар, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар, шунингдек гендер тенглик, таълим ва ижтимоий ҳимоя йўналишларида кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётганлигини кузатиш мумкин.

Томонлар глобал ва минтақавий кун тартибидаги муҳим масалаларни ҳал этишда парламент дипломатияси механизмларидан унумли фойдаланиш, тегишли қўмиталар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш ва келгусида маҳаллий кенгаш вакиллари доирасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.

Мулоқот жараёнида Туркманистон давлати раҳбари томонидан Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқот платформасига 2021 йил Ўзбекистон раислик қилгани, жорий йилда мулоқотга раисликни айнан Туркманистон давом эттираётгани, мулоқот доирасида шу йил апрель ойида ўтказилган халқаро форумда Сенат Раиси бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг фаол иштироки ҳақида ижобий фикр билдирилди.

Учрашув давомида жорий йилнинг май ойида Бухоро шаҳрида халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали доирасида ўтказилган халқаро каштачилик фестивалида иштирок этган Туркманистон делегацияси аъзоларининг фаол иштироки туркман халқининг ўзига хос ва такрорланмас амалий санъати намуналари, тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотганлиги ҳақида илиқ муносабатлар билдирди.

Шунингдек, бу каби халқаро тадбирлар ва кўргазмалар икки халқнинг бой қадимий ва миллий санъати дурдоналарини янада оммалаштириш ва ривожлантириш имконини бериши таъкидланди.

Маълумки, ўзбек ва туркман халқлари ўзининг бой, такрорланмас қадриятлари, миллий урф-одатлари, ёш авлод тарбиясига муносабат борасида муштарак қарашларга эга.

Учрашув жараёнида иккала мамлакатда аёллар ва ёшлар сиёсати масалаларида, шу билан бирга миллий заргарлик ва каштачиликни ривожлантириш борасида ўзаро тажриба алмашиш, чегарадош вилоятлар орасида иқтисодий-ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш каби таклифлар ўртага ташланди.

Шунингдек, гендер тенглиги соҳасида ҳамкорликни давом эттириш, жорий йилнинг август ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Аёллар форумида ҳамда сентябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган Жаҳон парламентлари аёл спикерларининг 14-саммитида Туркманистон етакчи аёлларининг ҳам фаол иштирок этиши бўйича келишиб олинди. 

                                                                                              

Малика Кадирханова,

Олий Мажлис Сенати

Хотин-қизлар ва гендер  тенглик

масалалари қўмитаси раиси

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan