Миллий парламент чинакам демократия мактабига айланмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Мақолалар Янгиликлар

Бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига изчиллик билан жорий этилаётган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида асосий эътибор, бир томондан, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир қонунлар, кодекслар, концепция ва дастурлар қабул қилинишига қаратилган. Иккинчи томондан, унда қонун устуворлигини таъминлаш, конституциявий ислоҳотни ҳаётга изчил татбиқ этиш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, маънавиятни ривожлантириш, шунингдек, глобал муаммоларга Ўзбекистоннинг муносабати, хавфсизлик ва ташқи сиёсат борасидаги муҳим вазифалар қамраб олинган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китоби ва “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисидаги Фармони асосида қарийб 90 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши назарда тутилган. Хусусан, 17 та – концепция, 8 та – дастур, 15 та – стратегия, 12 та – кодекс ва 36 та қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари аллақачон бошлаб юборилди.

Ушбу ҳужжатлар миқдорининг Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги мамлакатимизни кейинги беш йилда ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши бўйича тақсимланган ҳолати жорий демократик ислоҳотлар кўлами ва миқёси билан боғлиқ асл воқеликка янада аниқлик киритади, деб ўйлаймиз.

Бунда, муҳими, нечоғлик халқпарвар ва инсонпарвар, халқчил ва эркин, ижтимоий ва маънавий, ҳуқуқий ва адолатли, хавфсиз ва барқарор, бахтли ва, фаровон, миллий ва умумбашарий давлат барпо этишдек қатъий ниятимиз ўзининг бор бўй-басти билан намоён бўлиши тайин.

Биринчи устувор йўналиш – инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш. Бу борада 3 та концепция, 1 та миллий дастур, 2 та кодекс ва 13 та қонун ишлаб чиқилади ҳамда қабул қилинади.

Иккинчи устувор йўналиш – мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш: 3 та концепция, 2 та кодекс ва 10 та қонун.

Учинчи устувор йўналиш – миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш: 9 та стратегия, 9 та концепция, 3 та кодекс ва 7 та қонун.

Тўртинчи устувор йўналиш – адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш: 2 та стратегия, 2 та концепция, 2 та дастур, 4 та кодекс ва 1 та қонун.

Бешинчи устувор йўналиш – маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш: 1 та концепция, 3 та миллий ва махсус дастурлар, 1 та қонун.

Олтинчи устувор йўналиш – миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш: 2 та стратегия ва 1 та қонун.

Еттинчи устувор йўналиш – мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш: 2 та стратегия, 2 та (қўшма ва минтақавий) дастур, 1 та кодекс ва 4 та қонун.

Бу жуда муҳим ҳужжатларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, амалда татбиқ этиш – айни жараёнларнинг барчаси, ўз навбатида, миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда “шахс – жамият – давлат” тамойилини мустаҳкамлашни талаб этади. Зеро, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида йиллар давомида амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойили “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартирилмоқда.

Шу муносабат билан ҳозирги кунда – Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида олдимизда турган долзарб ва мураккаб вазифаларни муваффақиятли ҳал этишда мамлакатимиз парламентида қонун ижодкорлиги соҳасида бутунлай янгича иш тизими йўлга қўйилган. Бу борада, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам демократия мактабига айланмоқда.

Бунда “Қонуннинг ягона манбаи ва яратувчиси – халқдир”, деган эзгу ғояни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, Янги Ўзбекистон давлати — халқники. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати, қонуний эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Янги Ўзбекистон кучли парламентаризм институти амалда бўлган ва “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” тамойили амалга ошириладиган давлатдир. Мамлактимизда қонунлар инсонлар ва жамият ҳаётини яхшилаш, қонун ижодкорлиги сифатини тубдан ошириш, қонунчиликни тизимлаштириш ва кодлаштириш, қонуности ҳужжатлар сонини кескин камайтириш ва “ақлли тартибга солиш” модели элементларини жорий этиш учун қабул қилинмоқда.

Миллий қонун ижодкорлиги соҳасида сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Тараққиёт стратегияси доирасида конституциявий ислоҳот ғоясининг туғилиши, ривожланиши ва амалга оширилиши жараёнлари алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев, асосий ташаббускори эса мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламидир. Давлат раҳбари бутун халқимизни ана шу буюк мақсадга эришишда ўзаро бирдамликка ва ҳамжиҳатликка чақирди. Юртбошимиз уқтирганидек, “Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўладиган янгиланаётган Конституциямизга таяниб, Янги Ўзбекистонни албатта биргаликда барпо этамиз”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясини жамиятдаги бугунги реал воқеликка мослаштиришни, аслида, мамлакатимиздаги изчил ислоҳотлар тақозо этди. Бинобарин, атоқли француз сиёсатчиси ва давлат арбоби Шарль Андре де Голль таъбири билан айтганда, “Конституция бемалол ўзгартирилиши мумкин. Уни мўмиёдек қотириб қўйиш керак эмас”.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида илгари сурилаётган кенг кўламли вазифалар, хусусан, адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар бу борада зарур ҳуқуқий асосни таъминловчи конституциявий маконни янада такомиллаштириш эҳтиёжини кун тартибига қўйди.

 

Шу асосда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия ташкил этилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди. Конституциявий комиссия бугунги кунда фаол ишламоқда.

Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг бу ҳақда шундай дейди: “Конституция – халқ учун ёзилади. Мамлакатингизда бўлиб ўтаётган умумхалқ муҳокамаси ва келиб тушаётган кўпсонли таклифларнинг эътибор билан ҳисобга олиниши натижасида халқаро стандартларга, энг муҳими, Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродаси ва орзу-истакларига тўлиқ мос келадиган Конституциявий қонун лойиҳаси шакллантирилиши тайин. Парламентлараро Иттифоқ Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот жараёнларини тўла қўллаб-қувватлайди. Биз бу борада ҳар қандай техник кўмак кўрсатишга ҳамиша тайёрмиз”.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда “бош меъмори” Шавкат Мирзиёев ҳисобланадиган Янги Ўзбекистонни бунёд этиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Энг муҳими, бугунги кунда Ўзбекистоннинг изчил ривожланаётгани ва шу боис жаҳонда нуфузи ўсиб бораётгани — бу мамлакатда демократик ва бозор ислоҳотларини амалга ошириш, ушбу шиддатли янгиланишларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратишга қаратилган замонавий қонун ижодкорлиги борасида эришилаётган ютуқлар туфайли ҳамдир.

Янги Ўзбекистон раҳбари — ўз йўлидан бориш ҳуқуқини изчил ҳимоя қилаётган замонамизнинг саноқли сиёсатчиларидан биридир. Бу мустақил тараққиёт йўлининг моҳияти:

биринчидан, жамиятнинг ўзига хос тарихий шарт­шароитлари, унинг миллий, диний ва маданий хусусиятлари пухталик билан ҳисобга олинганида;

иккинчидан, иқтисодий ривожланиш ҳамда тараққиётнинг анъанавий ахлоқий ва маданий қадриятлар билан уйғунлигида;

учинчидан, эски соғлом фикрнинг тажрибага асосланмаган назариялардан устунлигида;

тўртинчидан, мафкуралашган концепциялар устидан ватанпарварлик, прагматизм ва ижодий амалиётнинг устунлигида яққол намоён бўлмоқда.

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 

Спикерининг биринчи ўринбосари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan