Жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари учун тренинг – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

  2022 йил 27 июль куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигидаги 3 та пилот туманда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида жамоатчилик маслаҳат-кенгашларини тузиш ва салоҳиятини ошириш бўйича грант лойиҳаси юзасидан 2-туркумдаги тренинг ўтказилди.

  Унда Косонсой тумани ҳокимлиги ва халқ депутатлари Кенгаши ҳузурида тузилган жамоатчилик-маслаҳат кенгашлари аъзолари, БМТ Тараққиёт Дастури вакили, туман ҳокимининг ўринбосари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

  Машғулотлардан кўзланган мақсад:

  туман ҳокими кўриб чиқадиган ва халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси кун тартибига қўйиладиган масалалар бўйича тайёрланган ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилиш;

  тумандаги долзарб ва ҳал этилиши кутилаётган масалани бевосита жойига чиқиб ўрганиш (жамоатчилик назорати тадбирини ўтказиш) бўйича жамоатчилик маслаҳат-кенгашлари аъзоларининг иш тажрибаси ва мавжуд кўникмаларини янада оширишдан иборат бўлди.

   Тренинг Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Алимжон Акилов томонидан олиб борилди.

  Жараёнда Косонсой тумани халқ депутатлари Кенгаши сессияси кун тартибига қўйилган масала – Косонсой тумани соғлиқни сақлаш бўлимининг 2022 йил 6 ойи мобайнидаги фаолияти юзасидан ҳисобот жамоатчилик маслаҳат-кенгашлари аъзолари билан биргаликда батафсил ва танқидий муҳокама этилди. Натижаси бўйича мазкур ҳисобот юзасидан тайёрланган халқ депутатлари туман Кенгаши қарори лойиҳаси бўйича қатор таклиф ва тавсиялар шакллантирилди.

   Тадбирнинг иккинчи қисмида жамоатчилик маслаҳат-кенгашлари аъзолари Баҳористон маҳалласига ташриф буюриб, у ердаги сув таъминоти муаммоси билан бевосита жойида танишишди ва мазкур масалани ижобий ҳал қилиш бўйича Косонсой тумани ҳокими номига амалий таклифлар шакллантирилди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan