Конституциявий ислоҳотлар – ёшлар нигоҳида – Қонунчилик муаммолари институти
Конституциявий ислоҳотлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссия аъзолари, Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддилари, талаба ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда дастлаб Конституциявий ислоҳотлар жараёнининг бориши, Конституциявий комиссия фаолияти ва Президентимизнинг жорий йил 20 июнь куни Комиссия аъзолари билан учрашувида илгари сурган таклифлари ҳақида кенгроқ маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, шунингдек, бугунги муҳим сиёсий жараёнларда уларнинг фикр ва муносабатини ўрганиш ғоят муҳим. Уларнинг юртимизда бўлаётган Конституциявий ислоҳотлар жараёнида ўз таклиф ва ташаббуслари, фикр-мулоҳалари билан фаол иштирок этаётгани эътиборга молик.

Амалдаги Конституциямизда фақат 41-модда таълим олиш ҳуқуқини ва бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланишини ифода этарди, холос. Конституциявий қонун лойиҳасининг бир қатор моддаларида ёшлар, вояга етмаганлар, болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш назарда тутилмоқда.

Учинчи ренесанснинг 4 узвий халқаси мактабгача таълим, умумий таълим, олий таълим ва илмий техникавий жараёнларни ривожлантириш, шароит яратиш бўйича янги нормаларнинг киритилаётгани ёшларни ҳар томонлама етук инсон қилиб тарбиялашга қаратилаётган эътибор дея, баҳолаш мумкин.

Тадбирда бу имкониятлар ёшларга қаратилган эътиборнинг юксак намунаси эканлиги айтилиб, Конституциявий ислоҳотлар жараёнида ёшларнинг фаоллигини, уларнинг сиёсий саводхонлиги ошириш бўйича кўплаб тадбирлар, учрашувлар ташкил этилгани ва бу орқали ёшлардан кўплаб асосли таклифлар келиб тушгани қайд этилди.

Бош қомусимизга киритилаётган нормалар “Инсон қадри учун” ғоясини ўзида мужассам этган бўлиб, бунда ҳар бир соҳа вакили, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросининг манфаатлари тўлақонли ўз ифодасини топгани таъкидланди.

Тадбирда сўз олган ёшлар Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан ўз таклифларини билдирди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan