Ювенал юстиция институтини такомиллаштириш — давр талаби – Қонунчилик муаммолари институти
ОАВ биз ҳақимизда Янгиликлар

Бугунги кунда болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу борада қатор қонун ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ҳуқуқий асослар мунтазам такомиллаштириб борилмоқда.

Шунингдек, айни конституциявий ислоҳотлар даврида Асосий қонунимизга бола ҳуқуқларига доир 10 та ўзгартиш ва қўшимча киритилмоқда. Амалдаги Конституциянинг 2 та моддасида атиги 4 маротаба бола сўзи ишлатилган бўлса, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар туфайли 7 моддада 15 маротаба бола сўзи қўлланилмоқда.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 4 та мақсад болалар ҳимояси масалаларига қаратилган. Хусусан, «Қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш» деб номланган 14-мақсадда «Ювенал адлия тизимини шакллантириш ҳамда бола ҳуқуқлари қонунчилигини кодификациялаш» вазифаси белгиланган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ташкил этилган «Конституциявий ислоҳотлар шароитида ювенал юстиция институтини мустаҳкамлаш» мавзусидаги давра суҳбатида қайд этилди.

— Бугунги кунда ювенал юстиция вояга етмаганларга нисбатан юритилаётган одил судловнинг умумэътироф этилган халқаро стандарти ҳисобланади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов. — Миллий қонунчилигимизда унинг ҳуқуқий ва институционал асослари мавжудлиги, ўз навбатида, ҳозирда юртимизда қизғин кечаётган конституциявий ислоҳотлар шароитида ушбу институтнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳим ўрин тутади.

Тадбирда ювенал юстиция тизимида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг роли, мазкур институтга доир хорижий тажриба ва халқаро стандартлар, Ўзбекистонда ювенал юстициянинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш истиқболлари, конституциявий ислоҳотлар шароитида ювенал юстиция институтини мустаҳкамлаш зарурати каби масалаларга доир маърузалар тингланди.

Қайд этилганидек, ювенал юстиция кўплаб халқаро ҳужжатларда бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги асосий институт сифатида кўрсатиб ўтилган. Халқаро стандартлар ва хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ювенал юстициянинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш истиқболларини аниқлаш, шу жумладан, унинг концептуал ва базавий асосларини Конституцияда мустаҳкамлаш бу борадаги миллий амалиётнинг ривожланишига замин яратади. Бунинг учун эса Ўзбекистонда ювенал юстиция бўйича миллий қонунчилигимизни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини илмий-назарий жиҳатдан чуқур ўрганиш, ривожланган демократик мамлакатларда самарали қўлланилаётган ювенал юстиция моделларини таҳлил қилиб, уларнинг маъқул томонларини аниқлаш, миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш бўйича тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

Давра суҳбати якунида билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, Конституциявий комиссияга юбориш хусусида келишиб олинди.

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan