Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Хусусан, “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлди.
Мазкур ҳужжат билан 1 та кодекс ва 1 та қонунга ўзгартиш киритилиши назарда тутилган. Жумладан, “Гаров тўғрисида”ги қонуннинг 47-моддаси биринчи қисмида “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга тушунчаларни мувофилаштириш мақсадида “давлат эҳтиёжлари” деган сўзлар “жамоат эҳтиёжлари” деган сўзлар билан алмаштирилиши таклиф этилмоқда.
Шунингдек, Фуқаролик кодексининг бир қатор моддаларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириш мақсадида “қонун ҳужжатлари” деган сўзлар тегишли келишикдаги “қонун” сўзи билан алмаштириляпти.
Ҳудди шу асосга кўра, кодекснинг 197-моддасидаги “мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонунчиликка асосан бекор бўлади” деган сўзлар “қонунда белгиланган асосларга кўра мулк ҳуқуқини бекор қилишга олиб келувчи қонунчилик ҳужжатига мувофиқ бекор бўлади” деган сўзлар билан алмаштирилмоқда.
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалаларида мулк ҳуқуқи кафолатларининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Йиғилишда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам ниҳоятда қизғин кечди.
Таклиф этилаётган лойиҳада давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари белгиланмоқда.
Шу билан бирга, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доираси кенгайтириляпти.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш ва малакали юридик ёрдам олишга бўлган кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор асосли таклифлар берди. Қизғин бахс-мунозаралар, савол-жавоблардан сўнг, ушбу ҳужжат депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.