“Давлат қарзи тўғрисида”ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 2 август куни Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг ялпи мажлис олдидан қўмита мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Қўмита аъзолари, экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, котибиятлар мудирлари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Хусусан, “Давлат қарзи тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахбороти  ҳамда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил I ярим йиллиги якуни бўйича бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи  дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Сенаторлар таъкидлаганидек, “Давлат қарзи тўғрисида”ги Қонун билан давлат қарзи ва унга хизмат кўрсатиш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларни белгилаш назарда тутилган.

Шунингдек, ушбу қонунни ишлаб чиқишда давлат қарзини бошқаришда парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали яхлит тизимни яратишга эътибор қаратилган. Қонун билан давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги, давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкинлиги белгиланмоқда.

Қонун нормаларига мувофиқ давлат қарзини бошқариш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва Молия вазирлигининг ваколатлари белгиланмоқда.

Хусусан, Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, мажлисда Давлат дастури 2022 йил I ярим йиллиги якуни бўйича Вазирлар Маҳкамаси вакилининг ҳисоботи тингланди.

Таъкидланганидек, кўрилган чоралар натижасида ялпи ички маҳсулот 105,4 фоизни ташкил этиб, 157,5 млн долларлик маблағлар ўзлаштирилган. Маҳаллийлаштириш давлат дастури доирасида 28 турдаги 3 трлн 940,2 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.

Шу билан бирга, мажлисда Давлат дастурининг миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш йўналишида 33 та банд ижроси юзасидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари бугунги кунга қадар қабул қилинмагани қайд этилди.

Шунингдек, Дастур ижроси муҳокамасида сенаторлар аҳоли томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳам муҳокама қилинди.

Ушбу соҳада амалга оширилган ислоҳотларга қарамасдан, коррупциявий ҳолатлар иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда камаймаётганлиги қайд этилди. 2022 йил 6 ойида давлат харидларида бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳамда бошқа коррупция кўринишлари билан боғлиқ 95 та жиноят фош этилиб, давлат манфаатларига 55,2 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.

Қонун бузилиши ҳолатлари асосан тендер харид савдоларида ҳужжатларни сохталаштириш, маҳсулотларни сунъий қиммат нархларда сотиб олиш ҳамда 5,2 млрд сўмлик харид қилинган маҳсулотларни кирим қилмаслик ва иш, хизматларни бажармаслик, қўшиб ёзиш ёки етказиб бермаслик орқали содир этилганлиги айтиб ўтилди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Мазкур тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими, юридик фанлар номзоди Саидаҳмад Ишанходжаев иштирок этди.

www.senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan