Ўзбекистон — Корея: парламентлараро муносабатлар янада мустаҳкамланади – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 3 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси “Корея – Ўзбекистон” парламент дўстлик ассоциацияси раиси Пак Кванг Он бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Мулоқот мобайнида меҳмонларга мамлакатимиз ҳаётида сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, ундаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар фаолияти ҳақида сўзлаб берилди. Шунингдек, делегация аъзоларига мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараён — Конституциявий ислоҳотлар юзасидан ҳам батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари изчиллик касб этиб бораётгани таъкидланиб, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил декабрь ойида Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи ва музокаралар давомида эришлиган келишувлар мазкур муносабатларнинг янги уфқларини очиб бергани эътироф этилди.

Мулоқотда томонлар икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро мулоқотни янада тараққий эттиришдан манфаатдор эканликлари қайд этилди. Жумладан, парламент фаолияти соҳасида тажриба алмашиш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, туризм, маданий-гуманитар каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, алоқаларни чуқурлаштириш юзасидан фикрлар алмашилди.

Ўз навбатида Пак Кванг Он кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодий-сиёсий жиҳатдан жадал ривожланаётган давлат сифатида дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаётганини юқори баҳолаб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларни эътироф этди.

Конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар ҳамкорлик ришталарини янги босқичга олиб чиқишга келишиб олдилар.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan