Экологик барқарорликни таъминлашнинг ҳуқуқий асоси – Қонунчилик муаммолари институти
Мақолалар Янгиликлар

Фан ва технологиялар тараққиёти юксак чўққига чиққан бугунги давримизда кўплаб экотизимлар захираси   тугаб бораётгани, иқлим ўзгариши, чўлланиш каби экологик муаммолар кучаяётгани эртанги тараққиётга жиддий рахна солмоқда. Шу боис атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатдан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни ҳал этиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифага айланди.

Мамлакатимизда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг янги босқичида бундай глобал экологик муаммоларнинг олдини олиш, барқарор ривожланишга эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда соҳага оид йигирмага яқин қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга комплекс ёндашиш, аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Президентимиз томонидан бу йўналишда илгари сурилаётган конструктив таклиф ва ташаббуслар нафақат юртдошларимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланмоқда. БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фондининг ташкил этилиши, Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюциянинг қабул қилиниши шулар жумласидан.

Ҳозирги кунда Оролбўйи ҳудудида махсус резолюцияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича жами 2 триллион 120 миллиард сўмдан ортиқ, 22 миллион АҚШ доллари ва 6 миллион евро қийматидаги маблағ сарфланиши мўлжалланган 71 банддан иборат чора-тадбирлар ҳамда 65 та устувор инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги 30 йилда Оролнинг қуриган тубида қарийб 400 минг гектарда ўрмонзор ташкил этилган бўлса, 2018 йилнинг декабрь ойидан айни вақтга қадар 1,7 миллион гектардан ортиқ майдонга саксовул, черкес каби шўр ва қурғоқчиликка чидамли ўсимлик уруғлари сепилди, кўчатлари экилди.

Шунингдек, минтақамизда сув ресурслари тақчиллигининг олдини олиш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021 йилда 433 минг гектардан ортиқ майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилиб, сўнгги беш йилда бундай технологиялар жорий этилган майдон 642 минг гектарга етказилди. Бу орқали биргина 2021 йилда 2,3 миллиард куб метрдан ортиқ сув ресурслари тежалди.

Мамлакатимиз аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилиши натижасида сўнгги беш йилда 6,5 миллион аҳоли илк бор марказлашган тоза ичимлик сув билан таъминланиб, аҳолининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 70 фоизга етказилди. 2026 йилга қадар бу кўрсаткични 87 фоизга етказиш белгиланган.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Мамлакатимизда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича ҳам муҳим қадамлар ташланди. Масалан, 2026 йилга бориб қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қувватини 8000 МВтга етказиш орқали қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш салмоғини 25 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бунинг натижасида йилига 7 миллиард куб метрдан ортиқ табиий газни тежаш, атмосферага 12 миллион тоннадан зиёд иссиқхона газлари чиқишининг олдини олиш мумкин.

Кейинги йилларда бу борада бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, Кармана туманида ишга туширилган 100 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ҳар йили 80 миллион куб метр табиий газ тежалишига, атмосферага 160 минг тонна иссиқхона газлари чиқишининг олди олинишига хизмат қилмоқда.

Яқиндагина Нуробод туманида худди шундай қуёш станциянинг ишга туширилиши, Қорақалпоғистон Республикасида шамол электр станциясини барпо этиш борасида ишларнинг бошлаб юборилгани бу борадаги хайрли ишлар ортга қайтмас тус олганини ифода этади.

Айтиш жоизки, сўнгги беш йилда атроф муҳит мониторинги ҳамда соҳада парламент ва жамоатчилик назорати институтининг натижадорлиги сабабли атмосферага ташланаётган ташланмалар миқдори 11 фоизга камайди.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда кенг кўламда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кейинги беш йилда 1 миллиард дарахт ва бута кўчатларининг экилиши ҳам глобал муаммоларга, иқлим ўзгаришларига миллий ечим бўлади.

Давлатимиз раҳбари 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда бу масалаларга яна бир карра эътибор қаратиб, инсоннинг камол топиши, фаровон ҳаёт кечиришида қулай ва хавфсиз атроф-муҳит, экологиянинг аҳамияти беқиёс эканини, шу боис Конституциямизда ушбу йўналишга доир экологик-ҳуқуқий нормалар ўз ифодасини топиши лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди. Шу нуқтаи назардан, Конституциямизга экология соҳасида киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар биринчи навбатда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий қонунимизда акс эттирилиши билан она табиатимизни асраш, аҳоли саломатлигини яхшилаш, халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Хусусан, Конституциявий қонун лойиҳасининг IX боби номланишига экологик ҳуқуқларнинг киритилиши, 40-моддада бир қатор экологик ҳуқуқларнинг белгиланиши айни муддао бўлди. Яъни, ушбу моддада давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва ҳимоя қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши, Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўриши назарда тутилаётгани мамлакатимизнинг экологик барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шунинг баробарида, ҳар ким соғлом ва қулай атроф муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиши, ўз соғлиғи ёки мол-мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши бўйича киритилаётган қўшимчалар атроф муҳитга таъсири кучли бўлган субъектларнинг ҳамда мансабдор шахсларнинг табиат ҳимояси учун масъулиятини оширади.

Қонун лойиҳасининг 55-моддасида ер, ер ости бойликлари, сув, атмосфера ҳавоси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланилиши лозим ва улар давлат мулкида бўлади. Ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк ҳам бўлиши мумкин. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди давлатга тегишли бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномалари асосида ажратилади. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланилиши лозим ва улар давлат томонидан муҳофаза қилинади, деб мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бу эса инсонларнинг қулай атроф муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, табиатга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига нисбатан нотўғри муносабатда бўлишга чек қўйиш, табиат инъомлари, бойликларини, табиий ресурларни муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш барчамизнинг асосий бурчимиздир. Бу борада Бош қонунимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар инсон қадрини, халқ манфаатини, барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлашга хизмат қилиши муқаррар.

Хайрулло ҒАФФОРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan