Келиб тушган ҳар бир мурожаат атрофлича кўриб чиқилмоқда – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Ҳеч биримизга сир эмас, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан олиб борилаётган одилона бошқарув сиёсати натижасида юртимизда умумхалқ манфаати ва инсон қадри масаласи олий ўринга кўтарилди. Фуқаролар билан мулоқот қилиш, уларни қийнаб келаётган дарду ташвишларини ўрганиш, муаммоларини имкон қадар жойида ҳал этиш ва пировардида уларни рози қилиш – ҳар бир давлат органи ва мансабдор шахс зиммасидаги кундалик вазифага айланди.

Таъкидлаш жоиз, бу борада мурожаатлар билан ишлаш масаласи ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу жараёнда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан мурожаатлар билан ишлаш фаолиятида алоҳида амалиёт йўлга қўйилган бўлиб, келиб тушган ҳар қандай таклифларга малакали соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда комплекс ёндашиш орқали муаммога ечим топиш йўлида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, саъй-ҳаракатлар натижалари ўлароқ тегишли қонун ҳужжатлари ҳамда соҳа фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ташкил этилган фуқаро қабули ҳам ушбу йўналишдаги фаолиятнинг амалий давоми бўлди.

Хусусан, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаролар Ф.Абдураҳмонов ва Б.Қурбоновлар Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева бошчилигида қўмита аъзолари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари, Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси, Тиббий ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги вакиллари, соҳадаги қатор малакали экспертларнинг бевосита қатнашувида қабул қилинди.

Ушбу жараёнда мурожаатчиларнинг ногиронлиги бўлган инсонларга жорий қилинган имтиёзлар, шу жумладан ёшга доир ва ногиронлик пенсиялари, уй-жой таъминоти масалаларига доир сўровлари, шунингдек, бу борада қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва кафолатларни барча тоифадаги, яъни I, II ва III гуруҳ ногиронлиги бўлган инсонларга бир хилда татбиқ этиш, ногиронлиги бўлган ва юклатилган вазифаларни бажаришга қодир инсонлар Сенат аъзоси, Қонунчилик палатасининг ва маҳаллий Кенгашларнинг депутати бўлиб сайланиши учун квоталар белгилаш каби таклифлари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда Қонунчилик палатаси депутатлари ва мутахассислар ҳозирда мамлакатимизда ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий таъминоти, таълим олишида муносиб шарт-шароит яратилишга қаратилган ислоҳотлар ҳақида тушунтиришлар бериб ўтди.

М.Хўжаеванинг таъкидлашича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига пенсия ва нафақа олувчи фуқаролар, ногиронлиги бор шахсларга қулайликлар яратишга қаратилган 2 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар, Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунига асосан Чернобиль ҳалокати оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тайинланиши, 18 ёшгача бўлган ногирон болага қараб турилган вақт стажга қўшилиши белгиланди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли даромадларини оширишни таъминлаш мақсадида, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:

а) зарур иш стажига эга бўлмаган меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси миқдори 440 000 сўмдан 622 000 сўмга етказилди;

б) иш стажи тўлиқ бўлмаган ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 440 000 сўмдан 622 000 сўмга етказилди.

в) ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалари ва одамнинг иммунитет танқислиги вирусини келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болалари бўлган оилаларга ҳар ойда 500 000 сўм миқдорида янги турдаги парваришлаш нафақаси жорий этилди.

Қабул жараёнида ҳар бир таклиф юзасидан халқаро ҳужжатлар ва хорижий тажриба бўйича фикрлар алмашилди, экспертлар фикри эшитилиб, қабул жараёнининг ўзида миллий қонунчилик талаблари юзасидан фуқароларга батафсил тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, кўтарилган масалалар тааллуқли бўлган соҳалардаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича мутахассислар иштирокида илмий асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш ҳақида келишиб олинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan