БМТ Бош котиби биринчи ўринбосари Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотнинг бориши ва миллий тараққиётнинг устувор йўналишлари билан танишди – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 2 август куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Конституциявий комиссия раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг биринчи ўринбосари Aмина Муҳаммад билан учрашди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бориши ҳақида маълумот берилди. Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муваффақиятли якунлангани қайд этилди. Бош қомусни янгилашдан асосий мақсад инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш, унинг қонуний манфаатларини олий қадрият сифатида эътироф этиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг изчиллиги, барқарорлиги ва қайтариб бўлмаслигини таъминлашдан иборат экани алоҳида таъкидланди.

БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Ўзбекистонда халқнинг фаол иштирокида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотни олқишлади. Конституциявий жараённинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига кенг тушунтириш, жумладан, халқнинг ўзгаришлар асосий манбаи ва ягона муаллифи сифатидаги ролини қатъий мустаҳкамлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни юксак баҳолади.

Aмина Муҳаммад конституциявий ислоҳотнинг умумхалқ муҳокамаси жамиятнинг ҳамжиҳатлигига, давлат ва жамият ўртасидаги ишончнинг мустаҳкамланишига, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг янада тинч-тотув яшашига хизмат қилишига умид билдирди.

БМТнинг олий вакили мамлакатимизни жорий йилнинг 25-26 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Aфғонистон бўйича халқаро конференция муваффақиятли ўтгани билан табриклади. У Ўзбекистон томонининг Aфғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, ижтимоий-иқтисодий ҳаётни тиклаш, шунингдек, ушбу мамлакатни минтақавий жараёнларга интеграция қилиш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолади.

Aмина Муҳаммад Ўзбекистоннинг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш, жумладан, қонунчилик базасини такомиллаштириш ва самарали парламент назоратини ўрнатиш йўли билан амалга ошираётган изчил ишини қўллаб-қувватлади.

Бош котиб биринчи ўринбосари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ташаббуси, жорий йил сентябрь ойида парламент спикер аёлларининг XIV саммитини ва октябрь ойида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” глобал форумини юқори ташкилий ва мазмунли даражада ўтказиш бўйича олиб борилаётган тайёргарлик ишлари билан танишди.

Томонлар Aмина Муҳаммаднинг жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга қилган ташрифи якунлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

https://parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan