Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон давлат музейларига оид янги нашрлар тақдимотига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон тасвирий санъати галереяси директори ўринбосари, санъатшунослик фанлари доктори Камола Акилова батафсил ахборот берди.
Таъкидланганидек, музейлар — тарихий, моддий ва маънавий маданий мерос объектларини тўплаш, ўрганиш, сақлаш ва намойиш этиш ҳамда улар билан боғлиқ маълумотларни оммалаштирувчи маърифий муассасадир. Шу боис, кейинги йилларда юртимизда музейлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртимиздаги музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маркетинг сиёсати ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, музейларга инновацион технологияларни самарали қўллаш, шунингдек, музейларда миллатимиз тарихи, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига оид замонавий янги экспозицияларни яратиш билан боғлиқ улкан мақсадни амалга оширишга қаратилган ҳужжат бўлди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги етакчи музей ҳамда музей-қўриқхоналарнинг фаолиятини янада такомиллаштириш ва оммалаштириш, моддий-техник базасини бойитиш, реставрация ишлари билан боғлиқ лабораториялар фаолиятини ташкил этиш каби муҳим вазифалар ва уларнинг бажарилиш механизмлари аниқ кўрсатиб берилди.
Шунингдек, тадбирда И.Савицкий номидаги санъат музейи тарихига бағишланган янги нашрлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Депутатлар музей тарихи ҳамда бугунги кундаги фаолияти юзасидан атрофлича маълумотларга эга бўлиб, музейшунослик соҳасида мавжуд муаммолар билан қизиқиб, унинг ечимлари хусусида фикр алмашдилар.
Тадбир сўнггида депутатлар музейлар фаолиятига доир ҳужжатларда белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилишини назоратга олиш юзасидан келишиб олдилар.
Мазкур анжуманда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари Жамила Эшонқулова, Зебинисо Шербоева ва Ботирбек Собировлар иштирок этди.
www.parliament.gov.uz