Ватанпарварлик нима? Конституциявий ватанпарварликчи? – Қонунчилик муаммолари институти
Конституциявий ислоҳотлар

«Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўладиган янгиланаётган Конституциямизга таяниб, янги Ўзбекистонни албатта биргаликда барпо этамиз». Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Бугун юртимиз бўйлаб улкан тарихий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий аҳамиятга молик конституциявий ислоҳотлар жараёнининг бевосита шоҳиди бўлиб турибмиз. Эътироф этиш керак, мазкур паллада халқимиздаги конституциявий ватанпарварликнинг ёрқин ифодаси намоён бўлмоқда.    

Ватанпарварлик – ватанга муҳаббат ва садоқат, ватан учун хизмат қилиш ва бу йўлда бутун умрини ва салоҳиятини бахшида этиш, керак бўлса, ўз жонини ҳам фидо қилиш демакдир. Ватанпарварлик барча инсонлар, миллатлар, халқлар учун умумий бўлган, асрлар давомида сайқалланиб келган умуминсоний туйғу, маънавий қадриятлардан бири. Тарихий жиҳатдан ватанпарварлик инсонларнинг ўз ватани тақдири билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, халқларнинг ўзлари яшаётган ҳудуд дахлсизлиги ва мустақиллиги йўлидаги кураши жараёнида такомиллашиб келган ҳис-туйғулар жамланмаси ҳамдир. Бу ватаннинг ўтмиши ва бугуни билан фахрланишда, келажаги учун қайғуриш ва дахлдорликда, унинг манфаатларини ҳимоя қилишда намоён бўлади.

Конституциявий ватанпарварлик эса ватанпарварликнинг ўзига хос туридир. Бу ибора илк бор XX асрнинг 40 йиллари охирида Германияда қўлланилган. Немис сиёсатшунос файласуфи ва сиёсий ғоялар тарихчиси Я.В.Мюллер ҳозирги вақтда конституциявий ватанпарварликнинг ягона фалсафий ҳуқуқий таърифи йўқлигини, том маънода у фуқаролар ишончи ва давлат ҳокимияти манбаи бўлиб хизмат қилишини таъкидлайди.

Зотан, «конституциявий ватанпарварлик» ибораси мазмун-моҳиятига кўра, демократик Конституциянинг нормалари, қадриятлари ва тартиб-қоидаларига асосланиши керак.
Сиёсатшунос Д.Штернбергер фикрига кўра, давлат қачонки ўз фуқароларининг Конституцияда кафолатланган эркинликларини ҳамда мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этишга доир ҳуқуқларини ҳурмат қилса ва амалда таъминласагина муайян одамлар жамоаси сифатида тирикдир. Нафақат умумий тарихий ўтмиш туфайли, балки шу ҳолатда ҳам ўзига хослик ҳисси ривожланиб боради. Европа анъаналарига кўра, ватанпарварлик ҳар доим давлат тузилиши билан боғлиқ бўлган. Шу тариқа олим XX асрнинг 70 йилларида жамоатчилик эътиборини ушбу атамага жалб қилиш билан Германия Федератив Республикасида Асосий қонуннинг юксалиб бораётган аҳамиятини акс эттирган.

Бугунги кунда Германияда Асосий қонун жуда оммалашган. Мулоҳазамизни 2019 йилда Infratest dimap жамоатчилик фикрини ўрганиш институти ўтказган сўров натижалари ҳам тасдиқлайди. Жумладан, респондентларнинг 88 фоизи Асосий қонунни яхши (58 фоизи) ёки жуда яхши (30 фоизи) деб қайд этган. Бу фикрга аҳолининг деярли барча қатламлари қўшилган. Аксарият кишилар учун Асосий қонун, энг аввало, инсон қадр-қимматини, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сўнгра тенглик ва тенг ҳуқуқлилик, умумий фаолият эркинлиги, матбуот ва сўз эркинлиги демакдир.

Шундай қилиб, конституциявий ватанпарварлик Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқларига ва эркинликларига, умуминсоний қадриятларга асосланади ҳамда муайян давлатдаги инсонларни жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бирлаштирадиган фалсафий-ҳуқуқий тушунчадир.

Эътироф этиш ўринлики, Янги Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам ҳар бир инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, фаровонлиги ва манфаатлари тўғрисида ғамхўрлик қиладиган, инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ҳамда мустаҳкамлаш, очиқ, адолатли ва баркамол фуқаролик жамиятини шакллантириш, мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, демократия ғояларига, ижтимоий адолат, эркинлик ва тенглик каби олий қадриятларга ўз содиқлигини ифода этишдан иборатдир.

Шунинг учун ҳам конституциявий ватанпарварлик халқимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бўлган чексиз ҳурмати, эътиқоди ва садоқати конституциявий ислоҳотлар жараёнининг қуйидаги босқичларида яққол намоён бўлмоқда.

Биринчи – конституциявий ислоҳотлар ташаббуси босқичи

Бу босқичда конституциявий ислоҳотларнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси Президентимиз Шавкат Мирзиёев, асосий ташаббускори эса мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатлами – ўқитувчилар, ишчилар, фермерлар, тадбиркорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, десак ҳақ гапни айтган бўламиз. 2021 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнида барча номзодларнинг электорат вакиллари билан учрашувлари чоғида фуқароларимиз, кенг жамоатчилик ва сиёсий партиялар вакиллари мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўладиган чинакам ҳаётий таклифлар билан чиқди. Жумладан, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, хусусий мулк муҳофазасини, мамлакатда миллатлар ва элатлараро тотувликни кучайтириш, маҳалланинг ўрни ва мақомини ошириш, оила институтининг аҳамияти, давлат ёшлар ва гендер сиёсатини, инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий соҳага инвестициялар ҳажмини кенгайтириш, шунингдек, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ вазиятда инсоннинг экологик ҳуқуқлари, халқимизнинг ҳозирги ва келажак авлодларининг қулай ва тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш каби қатор масалаларни Конституцияда акс эттириш долзарблиги таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Конституцияга риоя этилишининг кафили сифатида аҳолининг ушбу таклифларини амалга ошириш учун конституциявий ислоҳотларни ўтказиш ғоясини илгари сурди. Шу билан бирга, Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, халқимиз билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юртимиз ва жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, аниқ қарор қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.

Президентимизнинг «Ўзбекистон Конституцияси мустақиллик йилларида эришган барча ютуқларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда. Буни ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз. Конституциямиз хорижий илғор тажриба ҳамда халқаро стандарт ва талабларга ҳар томонлама мос келади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ», деб эътироф этгани конституциявий ватанпарварликнинг ёрқин намунасидир.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, инсонпарвар ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсоннинг қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали таъминлаш йўлидаги мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирди. Шунга асосан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда “Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияларининг 2022 йил 17 май кунги қўшма мажлисида мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди. Бунда кенг жамоатчилик фикрини, халқаро конституциявий тажрибани ўрганган ҳолда пухта ўйланган таклифлар тайёрлаш лозимлигини эътиборга олиб, Асосий қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид ташкилий-ҳуқуқий масалаларни кўриб чиқиш бўйича Олий Мажлис палаталари кенгашларига таклиф киритилди. 

Мазкур таклиф Олий Мажлис палаталари кенгашларининг 2022 йил 20 майдаги қўшма йиғилишида кўриб чиқилиб, қўллаб-қувватланди ва «Конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қўшма қарор билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия тузилди.

Иккинчи – Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни жамлаш босқичи

Олий Мажлис палаталари кенгашлари томонидан қабул қилинган қўшма қарор яна шуниси билан диққатга сазоворки, унда Ўзбекистон Конституциясини янги таҳрирда қабул қилиш ёки янги Конституцияни яратиш эмас, балки унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилди.

Бу парламент аъзолари ва сиёсий партия вакилларининг конституциявий ватанпарварлигидан яққол далолатдир.

Ёдимизда бор, 1992 йил 8 сентябрда амалдаги Конституциямиз лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига тақдим этишга қарор қилингандан сўнг лойиҳани тайёрлаш ишлари 1992 йил 26 сентябрь куни якунланиб, шу санада матбуотда эълон қилинганди. Бу амалиётдан фарқли равишда жорий йил 20 май куни тузилган Конституциявий комиссия томонидан амалдаги Асосий қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасидаги конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлашдан олдин, энг аввало, аҳолининг фикри, таклиф ва ташаббуслари ўрганилди, жамланди. Чунончи, анъанавий алоқа воситаларидан ташқари таклифларни оғзаки шаклда тақдим этиш учун барча шароитлар яратилди, шунингдек, таклифларни электрон тарзда йўллаш учун интернет ва ижтимоий тармоқларда махсус саҳифалар ишга туширилди. Масалан, meningkonstitutsiyam.uz платформаси, 1341 қисқа рақамли call centre, анъанавий почта алоқаси, маҳаллалар, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, “Telegram” мессенжеридаги махсус бот, taklif@meningkonstitutsiyam.uz ёки taklif@2022.uzэлектрон почталари орқали таклифларни қабул қилиш тизими йўлга қўйилди.

Яна бир эътиборли жиҳати, халқимиз томонидан билдирилган таклифлар кўлами, мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳам юртдошларимиздаги конституциявий ватанпарварликни намоён қилди, уларнинг ҳуқуқий ва сиёсий онг даражаси юқорилигини кўрсатди. Хусусан, конституциявий қонун лойиҳаси тайёрлангунга қадар бўлган бир ойлик даврда Бош қонунимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича 62 минг 336 та таклиф келиб тушгани, бундан ташқари, уларга 3,8 юздан ортиқ қўшимча ва 15,8 мингдан зиёд изоҳ билдирилгани ҳам фикримизни яққол тасдиқлайди.
Шу тариқа, халқимизнинг фикр ва таклифлари асосида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Учинчи – Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчаларнинг умумхалқ муҳокамаси босқичи

Конституциявий қонун лойиҳаси халқ вакиллари – миллий парламентимиз депутатларининг бир гуруҳи томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига киритилди. Шундан кейин дастлабки тарзда қабул қилинган конституциявий қонун лойиҳаси «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталари ва meningkonstitutsiyam.uz платформаси орқали 25 июнда умумхалқ муҳокамасига тақдим этилди ва 5 июлга қадар муддат белгиланди. Конституциявий қонун лойиҳаси эълон қилингандан кейин фуқароларимизнинг фаоллиги ва таклифлар кўлами ҳам кескин ошиб кетди. Таклифларни ҳар томонлама ўрганиш, уларнинг ҳар бирини таҳлил қилиш, умумлаштириш ва жамлаш жараёни ҳақли равишда қўшимча муддат талаб этгани, ўз навбатида, халқимиздан келаётган таклифлар кун сайин ортиб бораётгани муносабати билан жорий йил 4 июль куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бу муддат яна ўн кунга – 15 июлга қадар узайтирилди.

Кези келганда айтиш керакки, 25 июндан 15 июлга қадар бўлган 20 кун давомида жами 84 минг 552 та, йўналишлар кесимида кўрадиган бўлсак, Конституциянинг «Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши» бўйича 39 минг 14 та, «Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши»га доир 24 минг 427 та, «Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби»га оид 2 минг 767 та, «Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари» борасида 2 минг 641 та таклиф келиб тушди. Қолган таклифлар «Муқаддима»даги, «Асосий принциплар» ҳамда «Жамият ва шахс» бўлимларидаги нормаларга тегишлидир.
Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар томонидан ҳудудларга чиқилган ҳолда давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда фуқаролар иштирокида қатор учрашувлар ташкил этилиб, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчиликка тушунтириш ишлари кенг миқёсда олиб борилди.
Кўриб турганимиздек, умумхалқ муҳокамаси даврида конституциявий қонун лойиҳаси эълон қилингунга қадар бўлган даврдагидан 35 фоиз кўп таклиф келиб тушган.

Ўз навбатида, аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларининг конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза билдиришдаги фаоллиги давом этиб, кун сайин ортиб бораётгани ва келиб тушаётган таклифлар сони ҳам тобора ошиб бораётгани умумхалқ муҳокамаси муддатини яна узайтириш заруратини юзага келтирди. Шу асосда 2022 йил 15 июль куни Қонунчилик палатаси томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддати 2022 йил 1 августгача узайтирилди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтишни истардимки, конституциявий ислоҳотлар жараёнида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти жамоаси ҳам иштирок этмоқда. Конституциявий комиссия қарорига мувофиқ, Институт илмий ходимларидан 9 нафари Таклифлар билан ишлаш гуруҳи ва 4 нафари Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи таркибида қатнашиб келмоқда. Бундан ташқари, Институт ходимлари конституциявий ватанпарварлик, фаол фуқаролик позицияси ва илмий-экспертлик муассасаси вакили масъулияти ўлароқ, meningkonstitutsiyam.uz платформаси, махсус телеграм бот, колл-марказ, анъанавий ва электрон почта орқали амалдаги Конституциямизга иккинчи босқичда 207 та, учинчи босқич – умумхалқ муҳокамаси даврида эса конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан 81 та таклифни илгари сурдилар.

Жорий йилнинг 25 май – 1 август кунлари давомида конституциявий ислоҳотлар ҳамда Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш бўйича қатор давлат органлари, илмий муассасалар ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда давра суҳбати, семинар, конференция ва учрашув шаклида жами 97 та тадбир ташкил этилди. Ушбу анжуманларнинг 68 тасида Институт ходимлари томонидан бевосита маърузалар қилинди. Оммавий ахборот воситалари орқали 248 маротаба (шундан босма ва электрон нашрларда 30 та, радиода 24 та, телевидениеда 68 та, веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларда 126 та) чиқишлар қилинди ва ўтказилган тадбирлар ҳақидаги маълумотлар ёритилди.

Институт веб-сайтида «Конституциявий ислоҳотлар» (lpri.uz/constitutional-reforms/) махсус рукни йўлга қўйилди ва ҳозирга қадар ушбу рукнга ҳамда Институтнинг телеграмм ва фейсбук ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига конституциявий ислоҳотларга доир жами 300 дан зиёд материал жойлаштирилган бўлиб, мазкур маълумотлар билан танишганлар умумий сони 70 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда.

Мухтасар айтганда, умумхалқ муҳокамаси даврида фуқароларимиздан конституциявий қонун лойиҳасига жами 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушганлиги халқимизнинг конституциявий ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси юқори даражага чиққанлигини кўрсатиб турибди.

Мен бу жараёнларни бевосита кузатар эканман, бир нарсага қувондим: бошланаётган янги даврдаги ўзгаришларга ватандошларимиз бефарқ бўлмасдан, ўзлари ташаббускор бўлиб кўплаб таклифлар бермоқда ва ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватламоқда. Улардан келиб тушган ҳеч бир таклифни эътиборсиз қолдирмасдан, Асосий қонунимизни такомиллаштириш жараёнида, албатта, инобатга олишимиз зарур.

Тўртинчи – Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчаларни референдум орқали қабул қилиш босқичи

Умумхалқ муҳокамаси якунланганидан кейин конституциявий қонун лойиҳаси референдум йўли билан қабул қилинади. Шу ўринда «Парламентда Конституцияга ўзгартиш киритиш ваколати йўқми?» деган савол туғилиши мумкин. Амалдаги қонунчилигимизга кўра, парламентнинг ўзи ҳам Асосий қонунга ўзгартиш киритиш ваколатига эга. Хорижий тажрибада бундай амалиётни Франция, Россия, Туркия, Жанубий Корея ва Қозоғистон каби қатор давлатларда кузатиш мумкин.

Миллий амалиётда ҳам бундай тажриба мавжуд, яъни Асосий қонунимизга ҳозирга қадар 16 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Шундан биттаси – 2003 йил 24 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан киритилган ўзгаришлар 2 та масала бўйича – Конституциямизнинг бешинчи бўлими ХVIII – ХХ, ХХIII бобларига тааллуқли ҳамда келгуси чақириқда Ўзбекистон Республикасининг икки палатали парламентини сайлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколат муддатини беш йилдан етти йиллик қилиб ўзгартириш тўғрисидаги масалалар юзасидан 2002 йил 27 январь куни ўтказилган референдум натижалари асосида амалга оширилган. Қолган 15 та ҳолатда парламент томонидан ўз ваколати доирасида Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги тегишли қонунлар қабул қилинган.

Энг муҳими, конституциявий қонун лойиҳасининг фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши билан референдум асосида қабул қилиниши – бу халқимиз хоҳиш-иродасининг яна бир амалий ифодаси бўлади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида, референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади».

Ишончим комилки, бўлажак референдумда ҳам юртдошларимиз фаол фуқаролик позициясини намойиш этади.

Хулоса қилиб айтганда, айни конституциявий ислоҳотлар юксалиб бораётган конституциявий ватанпарварликнинг ватандошларимиз руҳиятидаги, бир томондан, юртимиз равнақида бирламчи асос бўлган амалдаги Бош қонунимизга садоқат, ишонч ва ҳурмат туйғуси билан йўғрилган ифодаси бўлса, иккинчи томондан, шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги глобаллашув даври тақозоси ўлароқ, жамиятимиз тараққиёти бардавомлигини келажакда ҳам барқарор таъминлаш йўлидаги дахлдорлик ҳисси жўш уриб турган яна бир ҳаётий намунасидир.

Фозилжон ОТАХОНОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти директори,

юридик фанлар доктори, профессор

ЎзА

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan