2022 йил 8 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов олиб борди.
Йиғилишда Кенгаш аъзолари парламент қуйи палатаси фаолиятига оид бир қатор муҳим масалаларни кўриб чиқди.
Дастлаб Кенгаш аъзолари томонидан қуйи палатанинг 9 август куни ўтказиладиган мажлис кун тартибига киритилиши режалаштирилган масалалар кўриб чиқилиб, кун тартиби лойиҳаси тасдиқланди.
Таъкидланганидек, ялпи мажлисда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилади. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилиш назарда тутилган.
Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш бўйича жавобгарлик масаласи мақбуллаштирилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жисмоний ва юридик шахсларнинг атроф-муҳит муҳофазасига, хусусан, ўсимлик дунёсига бўлган масъулиятини ҳамда бу борадаги ваколатли давлат органи фаолияти таъсирчанлигини оширишга замин яратади.
Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги ва бошқа қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ҳам режалаштирилган.
Кенгаш йиғилишида Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
www.parliament.gov.uz