Долзарб мавзуда давра суҳбати – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси, “Демократик ва инсон ҳуқуқлари” институти, USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида “Фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий давлатчиликни қарор топтириш жараёнларига таъсири: нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қонун ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш жараёнларидаги ўрни ва роли” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда қайд этилдики, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий давлатчиликни барпо этиш, қонун ижодкорлиги жараёнларида аҳолининг, қолаверса жамоат ташкилотларининг роли сезиларли даражада ортди. Буни куни кеча муҳокамаси якунланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мазкур умумхалқ муҳокамаси давомида ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, умуман олганда, ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимизнинг 150 мингдан ортиқ таклифлари келиб тушган. Бу фуқароларга ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириши учун барча қулайликлар яратиб берилаётганининг ёрқин намунаси ҳамдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг барча босқичида нодавлат нотижорат ташкилотлар иштирокига доир ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш каби қатор вазифалар киритилган эди.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган 9 мингдан ортиқ фуқаролик жамияти институтлари мисолида таҳлил қилинганда, биргина Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси ва унга аъзо нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан ваколатли органларга фуқаролик жамияти ривожига хизмат қилувчи қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан жорий йилнинг ўтган даври давомида 400 дан ортиқ таклифлар киритилган.

Тадбирда фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий давлатчиликни қарор топтириш жараёнларига таъсирини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бу борадаги муаммолар ҳам таҳлил қилинди.

Муҳокамалар асносида фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий давлат барпо этишдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бу борада давлат органлари билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш шакллари, усуллари ва механизмларини тартибга солувчи мавжуд қонунчилик нормаларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

www.ngo.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan