Депутатлар Мактабгача таълим вазирлигининг ахборотини қандай баҳолади? – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Мактабгача таълим вазирлигининг “Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат боғчалар борасида тизимда олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар ва уларнинг самарадорлиги тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса давлат-хусусий шериклик лойиҳалари учун кенг имкониятлар яратди.

Изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилаётган ислоҳотларнинг, аввало, мактабгача таълим ва тарбия соҳасидан бошланиши глобаллашув жараёнида болалар тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлигидан далолат беради. Зеро, бугун йирик шаҳарларимиздан тортиб, чекка туманлар, қишлоқ ва овулларимизда янги-янги замонавий боғчалар барпо этилаётир.

Жорий йилнинг 23-25 май кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари Сурхондарё вилояти мактабгача таълими тизимида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат боғчалар, тизимда олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар ва уларнинг самарадорлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳолатини ўрганган эди.

Ўрганиш давомида сўнгги 5 йилда вилоятда нодавлат МТТга қамраб олинган болаларнинг улуши 2017 йилдаги 0,2 фоизга нисбатан 40,6 фоизга ошишига эришилгани маълум бўлди. Қолаверса, 191 та давлат-хусусий шерикчилик битимлари имзоланган бўлиб, шундан 14 385 ўринли 177 тасига 2018-2021 йиллар давомида давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан 282,8 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилган.

Шунингдек, ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 480 ўринли 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда. 825 қувватга эга 8 та лойиҳа учун 17,85 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши кутилмоқда. Давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолият юритаётган 151 та МТТдан 148 тасига 251,1 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлса, қолган 3 та лойиҳа кредит маблағларини жалб қилмаган ҳолда амалга оширилган.

Фаолиятини бошлаган 151 та давлат-хусусий шериклик ташкилотларининг умумий қуввати 13 200 ўрин бўлиб, 11 533 нафар бола қамраб олинган. Бу қувватга нисбатан 87,4 фоизни ташкил этмоқда.

Ахборотда келтирилганидек, Президентимизнинг 2021 йил 10 июндаги “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йилда қуввати 2 150 ўринга мўлжалланган 19 та давлат-хусусий шерикчилик лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган.

Бугунги кунда қуввати 1 525 ўринга мўлжалланган умумий лойиҳа қиймати 46,6 млрд. сўм, шундан 18,4 млрд.сўм қисми ташаббускорларнинг ўз маблағи, қолган 28,2 млрд. сўми имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан амалга ошириш белгиланган 15 та хусусий шериклар билан давлат-хусусий шерикчилик битимлари имзоланиб, молиялаштириш манбалари аниқланган.

Оилавий МТТлари 2018-2019 йилларда сони 228 та, қуввати 5 621 ўринли бўлиб, қамраб олинган болалар сони 5 608 нафарни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб қуввати 47 929 ўринга тенг 1 768 та оилавий МТТларда 42 667 бола қамраб олинди. Энг муҳими, 2019 йилга нисбатан оилавий МТТлар сони 1 540 тага оширилди.

Ўрганиш давомида вилоятдаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида 2 642 нафар педагоглар бўлиб, уларнинг 769 нафари олий, 1 873 нафарини ўрта махсус маълумотлилар ташкил этиши, ўрта махсус маълумотли кадрларнинг 295 нафари эса номутахассис эканлиги аниқланган эди.

Шунингдек, вилоятдаги мавжуд 721 та МФЙдан 82 тасида умуман МТТлар мавжуд эмаслиги, Бандихон, Денов, Олтинсой туманларида болаларни мактабгача таълим билан қамров даражаси 50 фоиздан паст бўлиб қолган.

Эшитув давомида депутатлар ўрганиш чоғида соҳада бир қатор аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича қандай ишлар қилингани билан қизиқишди. Мутасаддилар ўз жавобида депутатларнинг вилоятдаги ўрганишларидан сўнг, соҳада сезиларли ўзгаришлар бўлганини, мавжуд муаммо ва камчиликлар бартараф этилганини билдирди.

Эшитувда депутатлар томонидан кўтарилган саволларга мутасаддилардан атрофлича жавоблар олиниб, билдирилган таклифлар асосида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Шахноза Жолдасова иштирок этди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan