Фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий давлатчиликни қарор топтириш жараёнларига таъсири… – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси, Демократик ва инсон ҳуқуқлари институти, USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида «Фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий давлатчиликни қарор топтириш жараёнларига таъсири: нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қонун ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш жараёнларидаги ўрни ва роли» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Анжуманни Демократик ва инсон ҳуқуқлари институти директори, юридик фанлар номзоди Сайёра Хожаева очиб берди ва олиб борди.

Очилиш қисмида USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури директорининг ўринбосари Раҳима Назарова, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Машарипов кириш сўзи билан иштирок этди.

Тадбирнинг асосий қисмида юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов «Ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари иштирокининг долзарб масалалари», Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро тоифадаги юрист, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти эксперти Дилфуза Қуролова «Ҳуқуқ ижодкорлиги ташаббуси институтининг давлат органлари фаолиятидаги иштироки: халқаро ва хорижий тажриба» мавзуларида маъруза қилишди.

Қайд этилдики, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий давлатчиликни барпо этиш, ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнларида аҳолининг, қолаверса, жамоат ташкилотларининг роли сезиларли даражада ортди. Буни куни кеча муҳокамаси якунланган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин.

«Мадад» нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Тўлқин Турсунов «Қонун ижодкорлиги фаолиятида «Мадад» ННТнинг иштироки», Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш институти раҳбари, юридик фанлар номзоди, халқаро арбитр Шамил Асянов «Ҳуқуқ ижодкорлиги ташаббуси институтининг давлат органлари фаолиятида иштирок этиш шакллари» мавзусидаги маърузаси ҳам йиғилганларда катта таассурот уйғотди.

Дарҳақиқат, Конституциявий ислоҳотлар бўйича умумхалқ муҳокамаси давомида ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, умуман олганда, ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимизнинг 150 мингдан ортиқ таклифлари келиб тушган. Бу фуқароларга ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириши учун барча қулайликлар яратиб берилаётганининг ёрқин намунаси ҳамдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг барча босқичида нодавлат нотижорат ташкилотлар иштирокига доир ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш каби қатор вазифалар киритилган эди.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган 9 мингдан ортиқ фуқаролик жамияти институтлари мисолида таҳлил қилинганда, биргина Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси ва унга аъзо нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан ваколатли органларга фуқаролик жамияти ривожига хизмат қилувчи қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан жорий йилнинг ўтган даври давомида 400 дан ортиқ таклифлар киритилган.

Тадбир асносида маъруза қилган Ф.Отахонов ҳуқуқ ижодкорлиги тушунчаси ва субъектлари, фуқаролик жамияти тушунчаси, унинг таркибига кирувчи институтлар ва уларнинг ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнида иштирокининг ҳуқуқий асослари, шакллари, воситалари ва институционал кўринишлари масалаларида сўз юритиб, ҳуқуқ ижодкорлигида фуқаролик жамияти институтлари иштирокини таъминлашдаги муаммоларга тўхталди ва ечими юзасидан қуйидаги таклифларни билдириб ўтди:

биринчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)да фуқаролик жамияти институтларининг қонун лойиҳалари ва амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича билдирган таклиф ва фикр-мулоҳазаларига муносабат билдириш механизмларини янада такомиллаштириш, қонун лойиҳалари юзасидан келиб тушган таклифларни умумлаштириш вазифасини Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти зиммасига юклаш;

иккинчидан, фуқаролик жамияти институтларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнига жалб қилинишининг самарали механизмларини жорий этиш, бунда амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли қўшимча, ўзгартиш киритиш ва унда фуқаролик жамияти институтлари учун мотивацияни кучайтириш мақсадга мувофиқ.

Муҳокамалар мобайнида фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий давлатчиликни қарор топтириш жараёнларига таъсирини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бу борадаги муаммолар ҳам таҳлил қилинди.

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan