Юридик ёрдам: миллий ва хорижий тажриба – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

   USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича Дастури томонидан “Буюк Британиядаги “Citizens Advice” миллий ассоциацияси ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан самарали бепул юридик ёрдам кўрсатиш механизмлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

  Онлайн ва офлайн тарзда ўтказилган мулоқотда юртимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ), шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти вакиллари иштирок этди.

  Анжуманни USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича Дастури директори вазифасини бажарувчи Рахима Назарова очиб берди ва олиб борди.

   Тадбир асносида Буюк Британияда тажриба алмашиш мақсадида сафарда бўлиб қайтган “Konsalting Monitor Group” МЧЖ директори Шуҳрат Ғаниев, “Barqaror hayot” ННТ директори Олия Илмуродова, “Yuksak salohiyat” ННТ раҳбари Замира Маҳмудова ҳамда “Mehrjon” ННТ директори Хуршида Ибрагимоваларнинг ўз таассуротлари, ўрганишлари ва фаолиятлари билан солиштирган таҳлиллари асосида тайёрланган маърузалари тингланди.

  Энг муҳими, мамлакатимиз нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг хорижга сафари ушбу давлатдаги фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ва ижобий амалиётини ўрганиш, бу борада тажриба алмашиш учун замин яратиши урғуланди.

   Қайд этилдики, Буюк Британиядаги нодавлат нотижорат ташкилотларда волонтёрлар доираси кенг бўлиб, улар фаол ёшлар билан бир қаторда нафақага чиққан нуфузли жамоат ва давлат арбобларидан таркиб топганлиги эътиборга молик.

    Давлат хизматига ишга қабул қилишда фуқаронинг нодавлат нотижорат ташкилотида ишлаганлиги устунлик берувчи жиҳатлардан ҳисобланса, улар таркибида волонтёрлик фаолияти билан шуғуллангани юқори кўрсаткич сифатида инобатга олиниши диққатга сазовор. Чунки халқ ичида юриб, одамлар муаммоси билан машғул бўлган инсоннинг давлат хизматига кириши кутилган юқори самарадорлик белгиси сифатида баҳоланади.

   Шунингдек, ажратилган грантларнинг натижадорлигини нодавлат нотижорат ташкилот томонидан доимий равишда мониторинг қилиб бориш, камчиликлар аниқланган тақдирда тегишли тадбирлар белгиланган ҳолда сифатни яхшилаш бўйича тезкор чоралар кўриш амалиёти мавжуд.

  Ўз навбатида, фуқаролик жамияти институтлари ҳуқуқ ижодкорлиги, қонунчиликни ва амалиётни такомиллаштириш фаолиятида, бу борада ўринли, сифатли, асослантирилган ташаббус, таклиф ва тавсияларни Ҳукуматга ва бошқа ваколатли органларга киритишда ёки ушбу соҳаларда кўтарилган ташаббус ва таклифларга нисбатан фикр ва муносабат билдиришда фаоллиги катта таассурот уйғотди.

   Муҳокамаларда сўз олган Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов юртимиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари давлатимиз томонидан яратилган қонуний имтиёз ва имкониятлардан мақсадли ва унумли фойдаланган ҳолда ўз фаолликларини янада ошириб, қонун ижодкорлиги фаолиятида таклифлар ишлаб чиқиши ва Қонунчилик палатасига киритиши алоҳида аҳамият касб этиши ҳақида сўз юритди.

  Бинобарин, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан, шу жумладан ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга бу борадаги ёрдамни кўрсатиш турларининг энг мақбул шакллари ва усуллари бўйича ўз таклифларини беришга чақирди. Нафақат ушбу қонун лойиҳаси, балки бошқа қонун ва қонуности ҳужжатлари юзасидан ҳам бериладиган таклифлар бўйича Институт ҳар бир нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини билдириб ўтди.

   Анжуман якунида кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan