Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама марказида бўлди.
Таъкидланганидек, жорий йилга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ёшларни қўллаб қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилгани халқимиз, айниқса, келажак авлод саломатлиги давлатимиз сиёсатининг бош мақсади эканлигини яққол кўрсатади. Демак, никоҳдан олдинги тиббий кўриклар борасида ҳукуматга сўров киритилгани парламент жамиятимиздаги долзарб масалаларни ўз вақтида илғаб, муносабат билдириб бораётганини англатади.
Мазкур сўровда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан муайян чора-тадбирлар белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.
Хусусан, Ҳукуматнинг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан тасдиқланган Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни такомиллаштириш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини электрон маълумот алмашиш орқали ташкил этиш мақсадида соғлиқни сақлаш ягона электрон тизимини жорий этиш, тиббий кўрик даврида оила қуришга монелик қилувчи касалликлар аниқланганда фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органларини хабардор этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилган.
Бироқ мажлисда Ҳукумат жавобида Парламент сўровида қайд этилган 7 та масала юзасидан амалий чора-тадбирлар белгиланмаганлиги сенаторларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.
Жумладан, ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида яқин қариндошлар ўртасида никоҳни тақиқлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш сифатини ошириш учун ўсмирлар тиббиёт диспансерлари фаолиятини танқидий-таҳлилий баҳолаш, фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари ходимларининг никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтганликлари ва тарафларнинг тиббий натижалардан хабардорлигини аниқлаш бўйича мажбурият мезонларини ишлаб чиқиш ва жавобгарлигини аниқ белгилаш каби масалаларга эътибор қаратилмаган.
Бундан ташқари, сенаторлар аҳолига қулайлик яратиш мақсадида никоҳ олди тиббий кўрикни туман(шаҳар) кўптармоқли марказий поликлиникалар қошида барча тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўтказиш таклифини илгари сурдилар. Шунингдек, мамлакатимизда янги ташкил қилинган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида махсус курсларни жорий этиш фикрини билдирдилар.
Қизғин муҳокамалардан сўнг, Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилиниб, ижрочиларга тегишли топшириқлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати