Тадбиркорлар мурожаати доимий эътиборда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Юртимизда тадбиркорлик субъектларига юксак эътибор қаратилаётгани иқтисодиётни янада либераллаштириш, ишбилармонларнинг жамият тараққиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда самарали фаолиятини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Бироқ ижтимоий ҳаётда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар юзага келиши табиий. Бунда улар билан тўғридан-тўғри мулоқот орқали муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш зиммамиздаги асосий вазифалардан ҳисобланади. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан тегишли мутахассислар иштирокида комплекс ёндашув йўлга қўйилган.

Шундай тадбирлардан навбатдагиси парламент қуйи палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи, юридик фирма – “Alizam Consult Group” МЧЖ томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига хусусий бандлик агентликлари манфаатлари ҳимоясини кўзлаб ёзилган мурожаат юзасидан жамият вакили Рустам Мирзаев Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Хўжаева бошчилигида қўмита аъзолари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазиринингн биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов ҳамда вазирлик экспертлари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов ва институт илмий ходимлари иштирокида бевосита қабул қилинди.

М.Хўжаева таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга юбориш юридик шахслар томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади. Хусусий бандлик агентликларига лицензия бериш тартиби Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 16 октябрдаги “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 14 июлдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларида, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сонли қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низом”нинг 17-иловасида белгиланган.

Шу билан бирга, мазкур мурожаат билан бевосита шуғулланган Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Адҳам Нарзикуловнинг ҳам мулоҳазалари тингланди. Муҳокамалар жараёнида хусусий бандлик агентлигини ташкил этиш, жумладан бунда лицензия олиш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига захирадаги маблағлар сарфланган тақдирда маблағларни тўлдириш шарти билан муайян тўловларни амалга ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Шунингдек, мурожаатчи вакили Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан тузиладиган лицензия битимига асосан хусусий бандлик агентлиги томонидан Жамғармага базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 500 баробари ҳажмида тўланган суммадан ташқари базавий ҳисоблаш миқдори кўтарилган тақдирда ошган сумма билан аввалги тўланган сумма ўртасидаги фарқни яна тўлаши кераклиги муаммосини ўртага ташлади.

Мунозараларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э. Мухитдинов, Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти бош мутахассиси Азамат Ражапов фикрлари эшитилди.

Жумладан, Э.Мухитдинов бу вазиятда базавий ҳисоблаш миқдори ошган тақдирда Жамғармага яна тўлов амалга оширилиши билан боғлиқ Лицензия битимидаги тегишли бандни чиқариб ташлаш ҳақида қўшимча келишув тузиш таклифини илгари сурди.

Жараёнда сўз олган Ф.Отахонов хусусий бандлик агентлигини ташкил этиш учун лецензия олиш шартларидан бири бўлган Жамғармага маълум тўловларни амалга ошириш масалаларига тўхталиб, бу тўлов ким томонидан ва қанча миқдорда тўланиши, маблағлар қайси ҳолларда қайтарилиши, ушбу жараённи амалга ошириш механизми бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди. Хусусан, мурожаатда кўрсатилган вазиятда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан хусусий бандлик агентлиги ўртасида тузилган Лицензия битимидан келиб чиқадиган муносабатлар, предметига кўра, фуқаролик ҳуқуқий муносабат ҳисобланиши ва тарафларнинг тенглигига асосланишини, шу ўринда вазирлик билдирган таклифни қўллаб-қувватлаши, мурожаатчи томон бу таклифни ўйлаб кўриши мақсадга мувофиқлиги, бу борада институт томонидан хорижий тажриба ўрганилиб, тегишли таклифлар қўмитага тақдим этилиши ҳақида тўхталиб ўтди.

Қабулда ҳар бир масала юзасидан халқаро ҳужжатлар, миллий қонунчилик ва хорижий тажриба бўйича фикр алмашилди. Қабул қилинувчига депутатлар томонидан батафсил тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, кўтарилган масалалар тааллуқли бўлган соҳалардаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича мутахассислар иштирокида илмий асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш ҳақида хулосага келинди.

Учрашув якунида мурожаатчи Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасига шундай очиқ мулоқотни ташкил қилганлиги, барча мутасадди ташкилотлар вакилларига бевосита иштирок этиб масала ечими бўйича ўз таклифларини берганликлари учун ўз миннатдорлигини билдирди. Шу билан бирга, марожаат муаллифи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан фуқаролар мурожаатларига шундай эътибор қаратилаётганлиги Президентимиз томонларидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” тамойилининг амалий исботи бўлди, дея эътироф этди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan