Анъанавий XXI ёш олимлар, магистрантлар ва иқтидорли талабаларнинг илмий-амалий анжумани – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

  Жорий йилнинг 12 май куни “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университетида “Қишлоқ ва сув хўжалигининг замонавий муаммолари” мавзусидаги илмий-амалий анжуманнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

  Анжуманни университет ректори Баходир Мирзаев кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда университетда илмий-инновацион изланишлар соҳасини ривожлантириш, бунда ёшлар фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

  Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансфери миллий офиси бош директори Олим Тўйчиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси, депутат Равшан Бегматов, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Шахноза Жолдасова сўзга чиқиб, иштирокчиларни табриклаб, анжуман ишига омад ва муваффақиятлар тилади.

 Шундан сўнг анжуман ялпи йиғилишида университет таянч докторанти И.Бозаров, магистрантлар М.Хуррамов, Н.Норқўзиева, талабалар Ш.Шаропов, А.Шоназарова, мазкур Миллий тадқиқот университети Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти талабаси Х.Сафаров ҳамда Австриянинг Залсбург университети докторанти, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти Х.Абдиваитовлар ўз илмий тадқиқот ишлари бўйича маъруза қилдилар.

 Жумладан, 11 та илмий йўналишда 500 дан ортиқ илмий ишлар бўйича мақолалар келиб тушган бўлиб, анжуман шуъбаларда 13-май куни ҳам ўз ишини давом эттиради.

 Кўзланган мақсад – қишлоқ ва сув хўжалигининг замонавий муаммоларини ўрганиш, уларнинг ечимига эришиш ва илмий-услубий ҳамда ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш борасида ёш олимлар, магистрантлар ва иқтидорли талабаларнинг илмий изланишлари натижаларини муҳокама этиш ва оммалаштиришдан иборат.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan