Кеча, бугун ва эртамиз: аждодларнинг бой маънавий мероси архивларда қандай сақланмоқда? – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Ўзбекистон Миллий архивида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда «Ўзархив» агентлиги ҳамкорлигида «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» бош ғояси остида «Аждодларнинг бой маънавий мероси архив материалларида» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда Қўмита аъзолари, тарихчи олимлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, соҳа мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Даставвал агентлик директори Улуғбек Юсупов, Ўзбекистон Миллий архиви директори Дилбар Зокирова, агентлик бўлим бошлиғи Азамат Зиятдинов ва тарих фанлари доктори, профессор Муҳайё Исаковалар кўргазмалар зали, ҳужжатлар сақланишини таъминлаш лабораторияси, ҳужжатлар муҳофазасини таъминлаш бўлими, компьютер ахборот технологиялари ва рақамлаштириш тизимлари фаолияти билан иштирокчиларни таништиришди.

Мутахассислар томонидан тайёрланган тақдимотлар ва кинохроника намойиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Тақдимотдан сўнг қатнашчилар билан давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирни Агентлик директори Улуғбек Юсупов ва Қўмита раиси Эркин Зоҳидовлар кириш сўзи билан очиб берди.

Жараёнда тарих фанлари доктори, профессор Муҳайё Исакованинг архив иши, тарихи, ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, жадидларимиз ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги архив ҳужжатларига асосланган қизиқарли маърузаси тингланди.

Сўзга чиққанлар ва мутахассислар томонидан қайд этилдики, архив фонди IX аср – Сомонийлар сулоласидан бошлаб ўн бир асрдан ортиқ даврдаги ҳужжатлардан ташкил топган.

Ҳозирда архив ҳужжатларини реставрация ёки консервация қилиш, мавжуд замонавий компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда нусха олиш (сканерлаш) орқали уларнинг тўлиқ электрон нусхасини яратиш ишлари қизғин паллага кирган. Бу борадаги ишлар натижасида ҳозирга қадар 48 миллион кадрдан иборат 788 минг сақлов бирлигидаги ҳужжатлар рақамлаштириш тизимига киритилган.

Шунингдек, санскрит тилидан тортиб араб, форс, тожик, турк ва шу каби қатор тилларда ёзилган қадимий ҳужжатлар, тарих илми, рақамлаштириш ва архив иши билан боғлиқ бошқа замонавий йўналишлар бўйича профессионал ишлай оладиган соҳавий мутахассисларни тайёрлаш, Агентликнинг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди.

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan