Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

Жорий йилнинг 15 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Кенгаш аъзолари парламент қуйи палатаси фаолиятига оид бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилишди. Шу билан бирга, Қонунчилик палатасининг 16 август куни ўтказиладиган мажлис кун тартибига киритилиши режалаштирилган масалалар кўриб чиқилиб, кун тартиби лойиҳаси тасдиқланди.

Қайд этилганидек, мажлисда қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилади. Хусусан, “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилиш назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси билан маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этиши белгиланмоқда.

Шунингдек, маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш, такроран ижро қилинмаганлиги учун дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш назарда тутилмоқда.

Кенгаш йиғилишида Қонунчилик палатаси фаолиятига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

www.parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan