Мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳот жараёнларининг янги босқичи бошланмоқда. Жорий йилнинг 1 августигача умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси яқин орада Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси кун тартибига олиб чиқилади. Қонун лойиҳасининг матни тайёр бўлиши билан депутатлар муҳокамасига киритилади ва халқ вакилларининг фикрини инобатга олган ҳолда референдумга қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов билан конституциявий ислоҳот жараёнларидан халқаро ҳамжамият ва хорижий мамлакатлар жамоатчилигини хабардор қилиш борасидаги ишлар ҳақида суҳбатлашдик.
– Ҳурматли Акмал Холматович, Сизнинг иштирокингизда Женева, Нью-Йорк ва Пекин шаҳарларида Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишлаб ўтказилган халқаро давра суҳбатлари тафсилотларидан хабаримиз бор. Ушбу йўналишдаги ишларнинг кўлами ва аҳамияти қандай?
– Конституциявий комиссиянинг мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳиятидан жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланган. Шу асосда ўтган қисқа даврда 11 та хорижий давлатга Ўзбекистон делегациясининг ташрифлари амалга оширилди.
Хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Польша, Япония, Хитой, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Саудия Арабистони каби мамлакатларда Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишлаб давра суҳбатлари, ҳар томонлама мулоқот ҳамда учрашувлар ташкил этилди. Шунингдек, БМТ, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, ЕХҲТ, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси, Парламентлараро Иттифоқ, Халқаро меҳнат ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти раҳбарлари ва экспертлари иштирокида айни мавзуда халқаро давра суҳбатлари ва мулоқотлар ўтказилди.
– Халқаро ҳамжамият ва хорижий мамлакатлар жамоатчилигининг мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотларга муносабати қандай?
– Хорижий ташрифлар доирасида Ўзбекистон делегацияси иштирокида 50 дан ортиқ икки томонлама ва кўп томонлама учрашувлар бўлиб ўтди. Бу тадбирларда иккинчи томон сифатида расмий шахслар, сиёсатчилар, сиёсий муҳитни шакллантирадиган доиралар вакиллари, турли таҳлил марказлари вакиллари ва хориждаги ватандошларимиз иштирок этдилар.
Учрашувларда хорижий ва халқаро ҳамкорларимиз Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга, албатта, ўз муносабатларини билдирдилар. Бу муносабатлар турлича фикр-мулоҳаза, баҳо ва қарашлардан иборат бўлса-да, уларнинг замиридаги конституциявий янгиланишларимизга бўлган қизиқиш, эътибор ва эътироф алоҳида диққатга лойиқдир.
Ушбу тадбирларда, авваламбор, Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар ҳар бир инсон қадри ва ҳуқуқларини таъминлашга қаратилгани қайта-қайта таъкидланди. Мамлакатимизнинг конституциявий ислоҳотни амалга оширишда халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда иш тутаётгани ниҳоятда ижобий ёндашув деб баҳоланди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг янгиланадиган Конституциясига киритилаётган ўзгаришлар БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Барқарор тараққиёт мақсадларига уйғун ва ҳамоҳанг экани эътироф этилди.
– Хорижий ва халқаро ҳамкорларимизнинг шу фикрлари, баҳо ва қарашларидан айрим мисоллар келтириш мумкинми?
– Хусусан, шу йил 1-5 июль кунлари Лондон шаҳрида бўлиб ўтган мулоқотларни олайлик. Буюк Британия Парламенти депутатлари Ж.Уиттингдейл, М.Притчард, Н.Смит, Ф.Смит ва Р.Хук Ўзбекистоннинг Асосий қонунига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг умумхалқ муҳокамасини таъминлашга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шунингдек, ЕХҲТ Парламент Ассамблеясида учрашув ўтказилди. ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси раиси М. Седерфельт мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг долзарблиги ва зарурийлигини таъкидлади. Унинг фикрича, ушбу янгиланишлар мамлакатни сиёсий модернизация қилиш, бошланган шиддатли ислоҳотларнинг ортга қайтмаслигига эришишга қаратилган.
Ўз навбатида, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси Бош котиби Р.Монтелла қайд этганидек, яқин орада янгиланган Конституциянинг қабул қилиниши тимсолида жаҳон ҳамжамиятига “Янги Ўзбекистон” юз очади. Бинобарин, сиёсий ва иқтисодий модернизацияни чуқурлаштириш учун мамлакатга мустаҳкам ҳуқуқий база сув ва ҳаводек зарур.
– Женева шаҳридаги мулоқотлар тафсилотига янги қўшимчаларингиз борми?
– Жорий йилнинг 2-5 июль кунлари Женевада ўтказган тадбирларимиз ҳам жуда самарали бўлди. Бу ўринда, аввало, Парламентлараро Иттифоқ Бош котибининг эътирофига алоҳида тўхталиш лозим.
Жаноб Мартин Чунгонг қайд этганидек, Ўзбекистоннинг Асосий Қонунга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилгани ва ушбу жараёнда жамоатчиликнинг кенг иштирок этгани, ўз навбатида, бўлажак референдумнинг қонуний негизда юксак уюшқоқлик билан ўтишига йўл очади. Ўзбекистон Конституцияга ўзгартиришлар киритиш жараёнларини изчиллик билан амалга ошириш борасида бошқа кўплаб мамлакатларга намуна бўлмоқда, деб таъкидлади Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби.
Ўз навбатида, Халқаро меҳнат ташкилотининг Бош директори ўринбосари, Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Ҳейнз Коллер Ўзбекистонда Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари дастуруламал принципларини конституциявий нормалар мақомида мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни астойдил маъқуллади. Хусусан, унинг сўзларига қараганда, сурункали болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ижтимоий давлат ғояси билан суғорилган конституциявий нормалар ниҳоятда муҳимдир.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Универсал даврий шарҳ бўлими бошлиғи Жианни Магаззени эса Универсал даврий шарҳнинг олдинги босқичлари доирасида тақдим этилган қонун ижодкорлиги билан боғлиқ таклифларимиз ҳам Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституциясида ўз аксини топишига умид билдирди. Ушбу халқаро сиёсатчи ҳам Ўзбекистонда инсон қадри ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилаётганини қўллаб-қувватлашини очиқ айтди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего ГарсияСаян мамлакатимизда ўлим жазоси қўлланмаслиги ҳақидаги норма Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилишини олқишлади. Унинг эътироф этишича, Асосий қонунда “Хабеас корпус” институтини ривожлантиришга жиддий аҳамият берилаётгани ва барча шахсларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиши кафолатланаётгани, судьялар, янада муҳими, адвокатларнинг ҳақиқий мустақиллиги сўзсиз таъминланаётгани ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг ўринбосари Нада ал-Нашиф қайд этишича, конституциявий ислоҳот ички консенсусга, яъни халқ бирдамлиги ва жамият ҳамжиҳатлигига таяниши шарт. Шу маънода, у Ўзбекистон раҳбариятининг бу борадаги режаларни аҳоли билан кенг муҳокама қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларига ижобий баҳо берди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси Ф.Виллегас ҳам конституциявий ислоҳотларни халқ хоҳиш-иродаси асосида амалга оширилишини маъқуллади. Ўзбекистоннинг бу мақбул ёндашуви Асосий қонунни такомиллаштириш борасидаги ишларни жаҳон ҳамжамиятига очиқ намоён қилиш учун қулай имконият ҳисобланади.
– Нью-Йорк шаҳрига, янглишмасам, Конституциявий комиссия томонидан бир нечта ташрифлар уюштирилди?
– Шу йил 7-11 июль кунлари бўлиб ўтган дастлабки ташриф доирасида, аввало, БМТда учрашувлар ўтказилди.
Жумладан, БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТ Аксилтеррор бошқармаси раҳбари Владимир Воронков Ўзбекистон Конституциясига киритиладиган ўзгаришларга оид таклифлар аҳоли ўртасида кенг муҳокамалардан ўтказилаётганини қўллаб-қувватлади. Унинг таъкидлашича, умумхалқ муҳокамасида келиб тушган фикрларнинг ҳисобга олиниши, шубҳасиз, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси янгиланган Асосий Қонунни “Бу – менинг Конституциям” деб тан олиши учун муҳим кафолатдир.
АҚШ ва Канададаги Бухоро яҳудийлари конгресси президенти Борис Қандов ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштириш фурсати етгани хусусида сўзлади. Унинг таъкидлашича, бу янгиланишлар мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан ҳамоҳанглик касб этиши даркор.
Бундан ташқари, жорий йил 1-4 август кунларидаги ташрифимиз доирасида БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳида Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли форумда БМТга аъзо давлатларнинг Осиё, Европа, Америка ва Африка қитъаларига мансуб 40 дан ортиқ миссияси вакиллари ҳамда экспертлари, шунингдек, БМТ таркибидаги турли тузилмалар ходимлари – жами 55 нафар иштирокчи қатнашди.
Шунингдек, АҚШда бир қатор учрашувлар ҳам ўтказдик. Хусусан, Парламентлараро Иттифоқнинг Нью-Йорк шаҳридаги офиси раҳбари П.Торсни Ўзбекистон раҳбарияти конституциявий ислоҳотга пухта тайёргарлик кўргани ва уни изчил амалга ошираётганини эътироф этди.
Парламентлараро Иттифоқнинг Нью-Йорк шаҳридаги офиси раҳбарининг маслаҳатчиси А.Моттер эса Асосий қонунда халқаро ҳуқуқ устуворлигини белгилаш масаласини ҳам кўриб чиқишни тавсия этди. Унинг сўзларига қараганда, халқаро шартнома ратификация қилинганидан сўнг тўғридан-тўғри миллий қонунчиликнинг узвий қисмига айланади, деган принципнинг Конституцияда мустаҳкамланиши айни шу натижага эришиш имконини беради.
БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари А.Моҳаммед кенг жамоатчиликка конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш борасида аниқ амалий ишлар қилинаётганини маъқуллади. У Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот якунига етганидан сўнг дунёнинг бошқа мамлакатлари учун ўзига хос моделга айланишига ишонч билдирди.
Туркистон-Америка Ассоциацияси Президенти А.Хўжа ўзи раҳбарлик қилаётган уюшма вакиллари Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотни қўллаб-қувватлашларини маълум қилди. Зеро, бу ўзгаришлар ватандошлар тақдирига ҳам дахлдордир.
БМТ Бош Ассамблеяси Раиси А.Шаҳид Ўзбекистон Конституциясига киритилиши мўлжалланаётган ўзгартиришлар БМТнинг тараққиёт мақсадлари билан ҳамоҳанглигига эътибор қаратди. Бундай ёндашув Барқарор тараққиёт мақсадларини рўёбга чиқаришда амалий аҳамият касб этиши тайин.
– Конституциявий комиссия вакилларининг Польшага ташрифи самарали кечдими?
– Варшава шаҳрига ташриф жорий йил 4-5 июль кунлари амалга оширилди. Сафар жараёнида асосан таълим, маърифат муассасалари вакиллари ва фуқаролик жамияти институтлари фаоллари билан мулоқот алоҳида диққат марказида турди.
Жумладан, Польша Табиий ва гуманитар фанлар университети профессори Е.Шукальски Ўзбекистон Конституциясига ахборот-коммуникация технологиялари, экология соҳаларига тааллуқли, шунингдек, аёллар, болалар, ногиронлар ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлашга оид янги ҳуқуқий нормалар киритилаётганини ижобий баҳолади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти учун устувор аҳамиятга эга мақсадлар сари интилаётганидан далолат беради.
Конституцияда фуқаролик жамиятининг роли қанчалик акс эттирилиши – давлат тараққиёт сари шунчалик интилаётганини кўрсатади, дейди “Польша-Шарқ” ҳамкорлик ассоциацияси Президенти Й.Брилл. Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституцияси бу борада намуна бўлишига унинг ишончи комил.
Шунингдек, “Polonia Union” фонди Президенти Э. Скарзински эса Ўзбекистон Конституциясида ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шароитлар яратиш борасида давлат мажбуриятлари белгилаб қўйилишини маъқуллайди. Бу, шубҳасиз, келажак авлод учун юксак жавобгарлик ҳиссининг ифодасидир, дейди у.
Ўз навбатида, Варшава Менежмент университети ректори профессор П.Чарнецкий Конституцияда таълим, айниқса, олий таълим соҳаси ва педагоглар обрў-эътиборини оширишга оид янги нормалар киритилаётганини олқишлади. Унинг фикрича, бундай ёндашув Ўзбекистон раҳбарияти мамлакат истиқболига ғоятда улкан масъулият билан ёндашаётганини англатади.
– Осиё қитъасидаги қайси давлатларга Конституциявий комиссия вакилларининг ташрифлари амалга оширилди?
– Бу ўринда Япония ва Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Корея давлатларига ташрифларни алоҳида қайд этиш лозим.
Токиога шу йил 7-11 июль кунларидаги ташриф доирасида Япония Парламенти Қуйи палатаси депутати, “Ўзбекистон билан дўстлик” парламент лигаси ижроқўми раҳбари К.Судзуки билан учрашув бўлди. К.Судзукининг таъкидлашича, конституциявий ислоҳот тимсолидаги тақдируламал ўзгаришларни рўёбга чиқариш жараёнларида миллий хавфсизликни таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ўртасидаги мувозанатнинг бузилишига йўл қўймаслик жуда ҳам муҳимдир.
Япониянинг Халқаро муносабатлар институти Бош директори Ичикава Томоко эътироф этишича, Ўзбекистоннинг конституциявий ислоҳот жараёнларига фуқароларни фаол ва кенг жалб этиш борасидаги тажрибаси япониялик қонун ижодкорлари учун қизиқарлидир.
Нагоя Университети профессори М.Сато ҳам конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан билдирган аниқ фикрлари билан бизни ҳайратда қолдирди. Япон олимининг эътироф этишича, янгиланаётган Ўзбекистон Конституциясининг 13-20-моддаларидаги нормалар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги дунёда мисли кўрилмаган янги ташаббуслар экани билан алоҳида диққатга моликдир.
Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари институти Бош директори Т.Танака Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасига тавсия этилаётган тузатишни мантиқан асосли, деб ҳисоблайди. Нега деганда, шу йўл билан жорий ислоҳотларни келгусида янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилмоқда.
– Ҳиндистонлик экспертларнинг конституциявий ислоҳотларимизга муносабати ҳақида ҳам сўрамоқчи эдим?
– Жорий йил 12-14 июль кунлари Деҳлига ташриф доирасида Ҳиндистоннинг бир қатор етакчи сиёсатчилари, давлат ва жамоат арбоблари билан айни мавзуда мулоқотлар ўтказилди. Ҳиндистон Ташқи ишлари давлат вазири М.Лекхи билан учрашув шулар жумласидандир.
М.Лекхи янгиланаётган Ўзбекистон Конституциясида миллатлараро, динлараро ва гендер тенгликни мустаҳкамлаш принципининг акс эттирилиши инсонпарварлик бобида бутун минтақа учун намуна, қолаверса, кўплаб мусулмон мамлакатлари ва собиқ советлар салтанати ўрнида ташкил топган мустақил давлатлар учун муносиб ибрат бўлишини таъкидлади. Ҳиндистон Ташқи ишлари давлат вазири, шунингдек, давлат билан хусусий сектор манфаатлари юзасидан истиқболда қандайдир низолар келиб чиқмаслиги учун конституциявий қонун лойиҳасини етакчи миллий ва хорижий экспертларнинг синчков нигоҳидан яна бир бор ўтказиб олишни тавсия этди.
Ҳиндистон Парламенти Юқори палатаси Бош котиби, Девон раҳбари П.Модининг эътироф этишича, Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституцияси нафақат мамлакат фуқаролари, балки бутун минтақа аҳолиси учун ниҳоятда катта аҳамиятга эгадир. Шунингдек, “Tillotoma Foundation” маркази етакчи илмий ходими Мина Сингх Рой ҳам мамлакатдаги конституциявий ислоҳот истиқболдаги шиддатли демократик янгиланишларни жорий ўзгаришлар билан уйғунлаштиришнинг муҳим тарихий ва мантиқий босқичи эканини таъкидлади.
Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси В.Кумар сўнгги вақтда аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларидан 100 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳақида тўхталди. Шу омилнинг ўзи ҳам мамлакат Президенти олиб бораётган сиёсат халқ томонидан нечоғлик кенг ва фаол қўллаб-қувватланаётганини яққол кўрсатиб турибди.
Ҳиндистон Сайлов комиссияси раиси Р. Кумар Ўзбекистоннинг давлат органлари янгиланадиган Конституция нормаларини амалиётга самарали татбиқ этишга лаёқатли бўлишлари кераклигини таъкидлади. Акс ҳолда, деди у, жамоатчиликнинг танқиди ва янгича ўзгаришларга нисбатан ишончсизлик кучаяди.
– Мумкин бўлса, Жанубий Корея ва Саудия Арабистонида конституциявий ислоҳотларимиз тарғиботига бағишлаб ўтказилган учрашувлар тафсилотларига ҳам тўхталсангиз?
– Сеул шаҳрига жорий йил 19-22 июль кунлари амалга оширилган ташриф доирасида, жумладан, “Ўзбекистон-Корея” бизнес-ассоциацияси директорлар кенгашининг раиси К.Кеон билан учрашув бўлди. Унинг таъкидлашича, Корея Республикасининг йирик бизнес доиралари Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги ишбилармонлик фаолиятига кўмаклашишга қаратилган конституциявий ислоҳотни қўллаб-қувватлайди.
Корея Республикаси Парламентининг “Ўзбекистон-Корея” дўстлик уюшмаси раиси Пак Кван Он фикрига қараганда, Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот хусусий мулкка оид ҳуқуқни тўла кафолатлайди. Бу, ўз навбатида, Жанубий Корея инвестицияларини мамлакат иқтисодиётига жалб этиш учун жозибали муҳит яратишга хизмат қилади.
Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Чо Хён Донг Жанубий Корея Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Асосий қонунга киритилаётган ўзгартиришлар, унинг эътироф этишича, Ўзбекистонда эски тизимдан демократия ва бозор иқтисодиёти сари узил-кесил ўтилаётганидан дарак беради.
Бундан ташқари, 24-27 июль кунлари Жидда шаҳрига ташриф доирасида Саудия Арабистони Қироллиги Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Валид ал-Хорижий билан мулоқот бўлиб ўтди. Унинг эътироф этишича, мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳот Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида амалга ошириш мўлжалланаётган демократик янгиланишларни тўлақонли имплементация қилишнинг муҳим ва мантиқий босқичидир.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Х.Таха мазкур халқаро тузилма Ўзбекистоннинг ислоҳотлар йўлини тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди. ИҲТ Бош котибининг фан ва технологиялар бўйича ўринбосари А.Мусинов, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг конституциявий ислоҳот модели келажакда ИҲТга аъзо мамлакатлар томонидан ўрганилиши ва татбиқ этилиши мумкинлигини таъкидлади.
– Акмал Холматович, саволларимизга атрофлича жавоб берганингиз учун катта раҳмат.
Ғулом МИРЗО суҳбатлашди.