“Yoshsaylovchi.uz” платформаси Ўзбекистон ёшларини бирлаштириш, сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилади – Қонунчилик муаммолари институти
Сайлов – 2021 Сайловга оид янгиликлари

Аввал хабар берганимиздек, Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида “Ёшларнинг сиёсий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш” мавзусидаги “Ёш сайловчи” акциясини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича брифинг ташкил этилди. Мазкур брифинг доирасида янги лойиҳа –“Yoshsaylovchi.uz” электрон платформасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Ушбу платформанинг мазмун-моҳияти, аҳамияти, долзарблиги ва имкониятлари ҳақида ахборот технологиялари мутахассиси Азизбек Турдимуродов ЎзА мухбирига сўзлаб берди:

– Бу йил мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Маълумки, мамлакатимизда сайловчиларнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Бу эса ёшлар билан ишлаш, уларнинг сайлов жараёнидаги фаоллигини ошириш бўйича ишларни жадаллаштиришни тақозо этади. Шу маънода биринчи марта ишлаб чиқилган “Yoshsaylovchi.uz” электрон платформаси юртимиз ёшларининг сайловдаги иштирокини, фаоллигини таъминлашда, уларни жипслаштиришда муҳим ўрин тутади. Мазкур платформанинг имкониятлари кенг. Масалан, қайси ҳудуд ёшлари фаол, аксинча, қаерда суст қатнашяпти – бу ҳолатларни кузатиб бориш имконияти мавжуд. Мамлакатимизнинг 14 та ҳудуди, 206 та туманидаги ёшлар сиёсий кампания даврида қандай иштирок этаётгани мунтазам кузатилиб, таҳлил қилиб борилади. Шунга қараб, ёшлар фаоллиги паст даражада бўлган ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилиб, ўша ерда тарғибот-ташвиқот ишлари янада кучайтирилади.  

Ҳаммамизга маълум, бугун йигит-қизларнинг деярли барчаси асосий ахборотни Интернет тармоғидан, ижтимоий тармоқлардан олади. Улар виртуал оламда жуда фаол. “Yoshsaylovchi.uz” электрон платформасининг натижадорлиги ҳам шунда. Яъни мазкур электрон платформа орқали ёшлар ичига чуқурроқ кириб бориш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ёшларнинг сайлов кампанияси билан боғлиқ ахборотларни олиш имкониятларини кенгайтириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, тенгдошларимиз платформа орқали ўз таклифларини беришлари ёхуд сайлов билан боғлиқ саволларига тегишли мутасаддилар ва мутахассислардан жавоб олишлари ҳам мумкин. Бунинг учун платформадан рўйхатдан ўтиб, ўз таклифлари, фикр-мулоҳаза ва саволларини ёзиб қолдиришлари лозим.

Бундан ташқари, “Yoshsaylovchi.uz” электрон платформасидан сайлов округлари ва участкалари ҳақида ҳам маълумотлар олиш мумкин.  

Бир сўз билан айтганда, “Yoshsaylovchi.uz” электрон платформаси Ўзбекистон ёшларининг ўз келажаги, эртаси учун бугун масъулиятни юракдан ҳис қилган ҳолда сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишига, сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилади.  

www.uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan