Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати ўрганилмоқда: дастлабки манзил – Марказий банк – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан сенаторлар, Қўмита котибияти масъул ходимлари, соҳа мутахассислари ҳамда экспертлар иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Унда давлат органлари ва ташкилотлари тизимида 2022 йилнинг биринчи ярмида мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини ўрганиш масаласи муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг тегишли қарори билан Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти масъул ходимлари, шунингдек, экспертлар таркибидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишларини олиб бориш белгиланган.

photo_2022-08-17_23-01-06.jpg

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан давлат органлари ва ташкилотлари тизимида мурожаатлар билан ишлаш, уларни назорат қилувчи юқори тузилмалар ҳамда фуқароларни қабул қилиш жадваллари мавжудлиги, шунингдек, бу борада тартиб ва уларни ташкиллаштириш учун масъул шахс белгиланганлиги, мурожаатлар ташкилот раҳбари томонидан ижрога қаратилганлиги, тегишли тартибда рўйхатга олиниши ва кўриб чиқилганлик ҳолатлари бўйича саволномалар тузилган.

Шунингдек, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби бузилганлиги, мурожаатларга масъул бўлган тузилма томонидан мурожаатлар билан ишлаш юзасидан мониторинг натижалари бўйича ҳар ҳафтада муҳокама қилиш ҳолати, бу борада қонунчиликда кўзда тутилган нормаларга амал қилмаган ходимларга нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилганлиги ҳолатларини ўрганиш белгилаб олинди.

Йиғилиш якунида ишчи гуруҳ аъзолари ўрганиш натижалари бўйича Қўмитага тегишли маълумотлар тайёрлаб, тақдим этиши қайд этилди.

Ишчи гуруҳ дастлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки аппаратида мурожаатлар билан ишлаш фаолиятини ўрганишдан бошлашини маълум қилди.

Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Дмитрий Рахманов иштирок этди.

https://senat.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan