Маҳкумларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида қонунчилик такомиллаштирилмоқда – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2022 йил 18 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Мамлакатимизда маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари” мавзусида семинар ўтказилди.

Семинарда мамлакатимизда маҳкумлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, бу борадаги халқаро тажриба ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, аҳамияти, кутилаётган натижалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда суд-хуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, маҳкумлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши, шаъни ва қадр-қимматининг ҳурмат қилинишини таъминлашга эътибор кучайиб, соҳага оид қонунчилик такомиллаштириляпти.

Хусусан, 2017-2022 йилларда маҳкумларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 3 та қонун, Президентимизнинг 1 та фармони, 6 та қарори, Ҳукуматнинг 10 та қарор ва фармойишлари ҳамда 10 дан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бунда алоҳида эътибор жиноят содир этган шахсларни меҳнатга тўлиқ жалб этиш орқали уларни ахлоқан тузалиш, келгусида жамиятимизнинг муносиб аъзоси сифатида шакллантириш масалаларига қаратилмоқда.

Семинарда турли хилдаги руҳий ва жисмоний тазйиқларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимиздаги тергов ҳибсхоналаридаги терговчилар хоналарига 123 дона замон талабларига жавоб берадиган овоз ёзишга мўлжалланган видеокузатув мосламалари ўрнатилганлиги, тергов ҳибсхоналари ва ёпиқ турдаги колонияларда 69 та адвокатлар билан учрашув хоналари қайта жиҳозланиб, адвокатлар учун видеокузатув воситаларисиз ҳамда эшитиш мосламаларисиз алоҳида хоналар ташкил этилганлиги депутатлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Ҳозирда Қонунчилик палатасида такомиллаштирилаётган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ҳам озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга жазони ўташ шароитларини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини белгиловчи қатъий мезонларни белгилаш орқали уларнинг хулқ-атворини баҳолашда коррупцион омилларни бартараф этиш, меҳнатга жалб этилган маҳкумларга колониялардаги иш стажини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Қизғин бахс-мунозаралар ва савол-жавоблар тарзида ўтган семинар якунида мазкур соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга оид тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбирда шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга яратилган шароитлар, кўрсатилаётган тиббий хизмат, соҳада амалга оширилаётган ишлар, ишлаб чиқариш бўлимларида меҳнат қилаётган маҳкумларнинг ишлаш шароитлари бўйича тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

https://parliament.gov.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan