Меҳнатга жалб этилган маҳкумларнинг фаолияти меҳнат стажига қўшиб ҳисобланиши мумкин – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

Юртимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида ҳам фуқароларнинг манфаатлари устунлигига аҳамият берилаётгани эътиборга молик. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида эришилган ижобий натижалар эса халқаро даражада эътироф этилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда «Мамлакатимизда маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари» мавзусида семинар ўтказилди.

Семинарда мамлакатимизда маҳкумлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, бу борадаги халқаро тажриба ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, аҳамияти, кутилаётган натижалар муҳокама қилинди.

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоларининг жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга яратилган шароитлар, кўрсатилаётган тиббий хизмат, соҳада амалга оширилаётган ишлар, ишлаб чиқариш бўлимларида меҳнат қилаётган маҳкумларнинг ишлаш шароитларини ўрганишлари бўйича тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

— Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда, — деди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева. — Айниқса, маҳкумлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши, шаъни ва қадр-қимматининг ҳурмат қилинишини таъминлашга эътибор кучайиб, соҳага оид қонунчилик такомиллаштириляпти. Хусусан, 2017-2022 йилларда маҳкумларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 3 та қонун, Президентимизнинг 1 та фармони, 6 та қарори, ҳукуматнинг 10 та қарор ва фармойишлари ҳамда ўндан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бунда жиноят содир этган шахсларни меҳнатга тўлиқ жалб этиш орқали уларни ахлоқан тузалиш, келгусида жамиятимизнинг муносиб аъзоси сифатида шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Семинарда турли хилдаги руҳий ва жисмоний тазйиқларнинг олдини олиш борасидаги ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, бу борада мамлакатимиздаги тергов ҳибсхоналаридаги терговчилар хоналарига 123 дона замон талабларига жавоб берадиган овоз ёзишга мўлжалланган видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Тергов ҳибсхоналари ва ёпиқ турдаги колонияларда 69 та адвокатлар билан учрашув хоналари қайта жиҳозланиб, адвокатлар учун видеокузатув воситаларисиз ҳамда эшитиш мосламаларисиз алоҳида хоналар ташкил этилган. Ушбу йўналишдаги ишлар депутатлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Шундан сўнг иштирокчилар ҳозирда Қонунчилик палатасида такомиллаштирилаётган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига эътибор қаратдилар.

Таъкидланганидек, мазкур лойиҳада ҳам озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга жазони ўташ шароитларини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини белгиловчи қатъий мезонларни белгилаш орқали уларнинг хулқ-атворини баҳолашда коррупцион омилларни бартараф этиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, меҳнатга жалб этилган маҳкумларга колониялардаги иш стажини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Муҳокамаларда сўз олганлар мазкур соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга оид фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар. Якунда билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

https://uza.uz

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan