Маҳкумлар ҳуқуқларига доир қонунчилик такомиллаштирилади – Парламент тадқиқотлари институти
Янгиликлар

«Ҳозирги кунда колониялардаги маҳкумларнинг қарийб 80 фоизи меҳнатга жалб этилган бўлса-да, уларнинг ишлаган йиллари умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланмайди ва пенсия тайинлашда инобатга олинмайди. Ижтимоий адолат тамойилига тўғри келмайдиган бундай чекловнинг бекор қилиниши маҳкумлар томонидан молиявий муҳтожлик туфайли такроран жиноят содир этишнинг олдини олишга хизмат қилган бўлур эди».

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Хабар қилинганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда «Мамлакатимизда маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари» мавзусида семинар ўтказилди.

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари, экспертлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, Қонунчилик палатасидаги барча фракциялар ва қўмиталар, Ички ишлар вазирлиги ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган ушбу тадбирни Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Улуғбек Иноятов кириш сўзи билан очиб берди.

Очилиш қисмида Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Эркин Салихов кириш сўзи билан иштирок этди.

Семинарга Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Ходжаева модераторлик қилди.

Муҳокамаларда маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борадаги халқаро тажриба ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва кутилаётган натижалар таҳлили кўриб чиқилди.

Жараёнда депутатлар, амалиётчи мутахассислар ва экспертларнинг маърузалари тингланди.

Жумладан, М.Ходжаева таъкидлаганидек, ҳозирда Қонунчилик палатасида такомиллаштирилаётган мазкур қонун лойиҳасидан асосий мақсад озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга жазони ўташ шароитларини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, тузалиш йўлига ўтганликни аниқловчи қатъий мезонларни белгилаш орқали уларнинг хулқ-атворини баҳолашда коррупцион омилларни бартараф этиш, уларга нисбатан рағбатлантириш чораларини қўллаш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, меҳнатга жалб этилган маҳкумларга колониялардаги иш билан банд бўлган даврини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартибини жорий этишдир.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда жазони ижро этиш муассасаларида жорий йилнинг 1 июль ҳолатига маҳкумларнинг меҳнатга лаёқатлиларидан 15 минг 921 нафари, яъни 75 фоизи жисмоний меҳнатга жалб этилган. Лекин бирорта маҳкумнинг, ҳаттоки, 10-15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва озодликка чиққунга қадар меҳнат қилган шахснинг ҳам умумий меҳнат стажига иш билан банд бўлган даври қўшилмаган. Бундай ҳолатда маълум маънода уларга нисбатан адолатсизлик бўлган, дейишимиз мумкин. Бу муаммога эса Қонунчилик палатасида маромига етказилаётган қонун лойиҳасида ҳуқуқий ечим назарда тутилмоқда.

Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган, шу жумладан ногиронлиги бўлган маҳкумларнинг ҳуқуқ доираси кенгайтирилиб, халқаро ҳуқуқ нормалари билан мувофиқлаштирилмоқда. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган умумий турар жойлар махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозланиб, турар жой майдони саҳнининг ҳажми оширилмоқда.

Қонун лойиҳаси доирасида Қўмита депутатлари томонидан жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга яратилган шароитлар, соҳада олиб борилаётган амалий ишлар билан бевосита танишиш мақсадида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри ва Зангиота туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти 1-минтақавий ҳудуд 13-сон жазони ижро этиш колониясига ҳамда 42-сон манзил колониясига борилиб, асл ҳолат ўрганилди.

Турли хилдаги руҳий ва жисмоний тазйиқларнинг олдини олиш мақсадида тергов ҳибсхоналаридаги тергов хоналарига 123 дона замон талабларига жавоб берадиган овоз ёзиш функциясига эга видеокузатув мосламалари ўрнатилгани, тергов ҳибсхоналари ва ёпиқ турдаги колонияларда 69 та адвокатлар билан учрашув хонаси қайта жиҳозланиб, адвокатлар учун видеокузатув ва эшитиш воситаларисиз алоҳида хоналар ташкил этилганлиги ижобий ҳолатлар қаторида диққатимизни тортди.

– Сўнгги йиллар мобайнида маҳкумлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017–2022 йилларда маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини янада такомиллаштиришга қаратилган 3 та қонун, Президентнинг 1 та фармони ва 6 та қарори, 10 та Ҳукумат қарор ва фармойишлари ҳамда 10 дан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, – дейди Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти бошқарма бошлиғи Бахром Мадиёров. – Жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг таълим олиши ва касб – ҳунар эгаллашлари бўйича ҳуқуқий кафолат мустаҳкамланди ҳамда «Уста-шогирд» мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Тизим тасарруфидаги 4 та (Қашқадарёдаги 33-сон, Навоийдаги 36-сон, Тошкентдаги 65-сон, Қорақалпоғистондаги 19-сон ихтисослаштирилган) ёпиқ турдаги колония фаолияти тўлиқ тугатилди. Шафофликни таъминлаш, ходимлар ва маҳкумлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган турли нохуш ҳолатлар – қийноқ, тазъйиқ, ҳамда коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида муассасаларга ташриф буюрган фуқаролар томонидан Департаментга тўғридан тўғри мурожаат қилишлари учун «тезкор алоқа» қурилмаси ишга туширилди.

«Маҳкумлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: халқаро стандартлар ва хорижий тажриба» мавзусида маъруза қилган Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов қайд этганидек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 14-мақсадда белгиланган маҳкумлар ва жазони ўтаб бўлган шахсларнинг меҳнат, ижтимоий таъминот ва халқаро умум эътироф этилган бошқа ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва жамиятга реинтеграциясига кўмаклашишнинг самарали механизмларини жорий этиш вазифаларига биноан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маҳбуслар билан муомала қилиш бўйича минимал стандарт қоидалари (Мандела қоидалари)га асосланиб, АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Кирғизистон ва бошқа хорижий давлатларнинг ижобий таржибасини ҳисобга олган ҳолда жиноят-ижроия, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти ва солиқ қонунчилигига бир қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда.

Маҳкумларга нисбатан қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки уларнинг қадр-қимматини камситувчи муомала ва жазо турларини қўллашга йўл қўйилмаслиги, ногиронлиги бўлган маҳкумларга сурдо (имо-ишора тили) таржимони хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган умумий турар жойлар махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозланишига оид нормалар шулар жумласидандир.

Семинар савол-жавобларга бой бўлди. Қизғин баҳс-мунозаралар тадбирдан кейин ҳам давом этди.

Бир сўз билан айтганда, Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган навбатдаги муҳим қадам бўлади.

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan