Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ – Қонунчилик муаммолари институти
Янгиликлар

2021 йил 12 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Ялпи мажлис видеоконференцалоқа тарзида ўтказилди. Унда Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Мазкур ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда “Узрепорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.

Сенат аъзолари томонидан 19 та масала, шу жумладан, 6 та қонун муҳокама қилинди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳисобот берди.

Таъкидланишича, Вакил ва унинг жойлардаги вакили томонидан 7 та асосий соҳа бўйича ишлар қилинган. Хусусан, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, унга риоя этилишини мониторинг қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли ва давлат органлари вакиллари ҳуқуқий онгини ҳамда хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилган.

Шу билан бирга, Вакилнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлашда ўтган йилдаги фаолиятига нисбатан ижобий ўзгаришларга эришилган бўлса-да, ҳисобот даврида 176 та мурожаат қонун талабларига мувофиқ белгиланган тартибда аноним, деб топилган. Бироқ мазкур мурожаатларда кўтарилган масалаларни Вакил ташаббуси билан кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилмаган.

Шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар натижасида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ҳуқуқий тарғиботнинг самарали ташкил этилмаганлиги оқибатида қамоқда сақлаш жойларида бир қатор камчиликлар ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммолар аниқланди. Жазони ижро этиш муассасаси ходимлари “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонундан тўлиқ хабардор эмаслиги, ишлаб чиқаришда меҳнатга жалб қилинган маҳкумлар махсус кийим-бош, пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан тўлиқ таъминланмаганлиги шулар жумласидандир.

Ялпи мажлисда Вакилнинг минтақавий вакиллари ўз фаолиятини тарғиб қилиш ишларини самарали йўлга қўймаганлиги таъкидланди.

Сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги ва “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаларини ишлаб чиқиш, жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизимли йўлга қўйиш, мурожаатлар билан ишлашда таҳлилларга асосланган ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши тўғрисида ахборотни шакллантиришнинг ягона мезонини ишлаб чиқиш, шунингдек, аноним мурожаатларни ҳам эътиборга олиш, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш ваколатидан фаол фойдаланиш тавсия этилди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида Бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини йил якунига қадар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Олий Мажлис палаталарига киритиш, ваколатли орган томонидан болаларнинг давлат органлари ва мансабдор шахсларга қилган мурожаатларининг тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш ҳамда қаноатлантирилганлиги устидан доимий мониторинг юритиш тизимини жорий этиш, ҳаракатларида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома юбориш бўйича фаолиятини кўчайтириш, “Меҳрибонлик уйи” битирувчиларини яшаш уйлари ҳамда доимий иш жойлари билан таъминланиши бўйича мунтазам мониторинг ўрнатиш борасида тавсиялар берилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2020 йил якуни бўйича ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, соҳада амалга оширилган тизимли ишлар натижасида умумий жиноятларнинг 95,2 фоизи фош этилган, тергов органлари қидирувида бўлган 2446 нафар шахс ушланган ва 436 нафар бедарак йўқолганлар топилган. Ички ишлар органлари ташаббуси билан 20 994 та жиноятлар аниқланган.

Шу билан бирга, ўтказилган ўрганишлар ички ишлар органлари фаолиятида муайян камчиликлар, ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, ўтган 2020 йилда республика миқёсида 62 081 та жиноятлар қайд этилган бўлиб, 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 182,4 тадан тўғри келган.

Қайд этилганидек, оилалардаги носоғлом муҳит, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда.

Жумладан, 2020 йилда қайд этилган қотиллик жиноятларнинг ҳар учинчиси (143 таси, 35,2%), оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 192 таси (20,5%) оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган.

Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 14 379 та оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларнинг аксарияти, яъни 50,5 фоизи (7 264 таси) Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Энг ачинарлиси, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ҳар олтинчиси айнан ўз вақтида ҳал этилмасдан қолган оилавий келишмовчиликлар боис содир этилган.

Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида 2020 йилда 5 774 нафар хотин-қизлар томонидан 5 520 та  жиноят содир этилган.

Хусусан, оила-турмуш доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг
14 774 нафарига “ҳимоя ордери” берилган бўлса, шундан 317 та ҳолатда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган.

Ёшлар билан ишлашда ҳануз кўплаб муаммолар сақланиб қолаётганлиги, уларни бартараф этишга етарли даражада эътибор қаратилмаганлиги оқибатида 2020 йилда республикада қайд этилган ҳар тўртинчи жиноят (14 378 та ёки 23,2%) ёшлар, шундан 4052 таси иш билан банд бўлмаган ёшлар томонидан содир этилган.

Бундан ташқари, 9 мингдан ортиқ ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилганлиги жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатади.

Республика бўйича умумий йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган бўлса-да, йўлларда ҳаракатланиш учун хавфсиз шароит етарли даражада ташкил қилинмаганлиги оқибатида 1962 нафар шахс вафот этган.

Мажлисда сенаторлар томонидан аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Хусусан, бундан буён масъул вазирлик, идора ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда хотин-қизлар, вояга етмаганлар, айниқса, бандлиги таъминланмаган ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг доимий таҳлилини юритиш орқали бундай ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш чоралари кўрилади.

Содир этилган жиноятларни давлат идораларининг ўзида, шунингдек, “маҳаллабай” ва “соҳабай” муҳокама қилиш механизми жорий қилинади.

Чироқчи тумани ва Андижон шаҳрида ходимлар томонидан содир этилган қийноқ билан боғлиқ ҳолатларга йўл қўймаслик, ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилмаслик мақсадида 485 та алоҳида махсус сўровхона ташкил этилган. Бундан буён олиб келинган фуқаро билан қатъий равишда мазкур хоналарда суҳбат ўтказилиши йўлга қўйилади.

Шунингдек, маҳаллалардаги криминоген вазиятдан келиб чиқиб, улар “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилади.

Аҳоли осойишталигини таъминлаш ва маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизим жорий этилади.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мамлакатимиз ташқи сиёсатини амалга ошириш, хорижий давлатлар билан муносабатларда, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотларда Ўзбекистоннинг давлат манфаатлари ва мамлакат фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича муайян фаолият амалга оширилди. Бунда халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича вазирлик, идора ва муассасалар фаолиятини тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳисобот даврида Туркия ва Россия Федерациясига олий даражадаги расмий ташрифлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан хорижий меҳмонлар қабуллари, олий даражадаги 80 дан зиёд онлайн мулоқотлар ташкил этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонларини, олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича қабул қилинган “йўл хариталари”ни, Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик йўналишлар орқали турли халқаро тадбирлар доирасида икки томонлама ҳамкорлигини ривожлантириш режаларини ижро этиш мақсадида 32 та икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши таъминланди.

БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, ЕОИИ каби етакчи халқаро ташкилотлар ва интеграцион бирлашмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш жараёнида вазирлик қўшган ҳиссаси салмоқли бўлди. Жумладан, Ўзбекистон раислигида МДҲ билан ҳамкорликни ривожлантириш доирасида 60 дан ортиқ тадбир ўтказилди.

Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида глобал коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш мақсадида қарийб 350 млн. АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ва моддий-техник ёрдам маблағларини жалб қилишга эришилди.

Шу билан бирга, Сенат томонидан ўтказилган ўрганиш жараёнида, шунингдек, унинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги муҳокамасида Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятида қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги таъкидланди.

Хусусан, Ўзбекистонда дипломатик хизматнинг фаолият юритиши ва янада ривожланишини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Дипломатик ваколатхоналар ташаббуси билан инвестиция лойиҳалари сифатли ва кейинчалик ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш бўйича маҳаллий ҳокимият органлари билан тизимли ишлар олиб борилмайди.

Стратегик нуқтаи назар мавжуд эмас, республиканинг чегара ҳудудларида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришнинг муҳим элементи бўлган чегаравий ҳамкорлик ривожлантирилмаган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро битимларини ҳисобга олиш ва бажаришнинг ягона электрон тизими (маълумотлар базаси) ҳали ҳам ишламаётгани қайд этилди.

Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа тегишли идораларга аниқ кўрсатма ҳамда тавсиялар берилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2020 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, Адлия органлари томонидан 2020 йил давомида муҳим қонунчилик ҳужжатлари бўйича комплекс тарғибот материаллари шаклида, яъни аннотация, слайд, флаер, инфографика, видеороликдан иборат 200 дан ортиқ тарғибот “пакети” тайёрланиб тегишлилиги бўйича давлат органлари ва ташкилотларига юборилган.

“Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга” шиори остида ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилди. Лойиҳа доирасида 5857 та маҳалладаги 78 292 та хонадонда суҳбат ўтказилиб, уларга бепул ҳуқуқий маслаҳат, шу жумладан, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва ижтимоий ҳимояга оид бошқа лойиҳалар тўғрисида маълумотлар берилди.

Қолаверса, “Коррупция – тараққиёт кушандаси” номли иншолар танлови доирасида мактаб, ўрта-масхус ҳамда олий таълим юртларининг 17 мингдан ортиқ ўқувчи ёшлари қамраб олинди. Журналист ва блогерлар учун “Пандемия 2020: чақириқлар, хулосалар, оқибатлар” танлови ўтказилди.

Бундан ташқари, “Ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишда инновацион технологияларни қўллаш” танлови илк бор ташкил қилинди. Пандемия даврида эса фуқароларнинг 8 мингдан ортиқ саволларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шу билан бирга, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзавиация” агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигининг жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишлари қониқарсиз, деб топилди.

Шунингдек, Энергетика вазирлиги томонидан амалга оширилган тарғибот тадбирлари ҳақидаги маълумотлар мониторинг қилиш учун Адлия вазирлигига тақдим этилмаган. Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан маълумотлар мониторинг тугаганидан сўнг кечикиб тақдим қилинган.

Қайд этилганидек, фуқароларимизни қизиқтираётган масалалар бўйича Халқ таълими вазирлиги, Давлат тест маркази, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ўз вақтида ва етарлича муносабат билдирилмаяпти.

Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича олиб борилган ишлар таҳлили соҳада қатор муаммолар мавжудлигини ҳам кўрсатмоқда. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш мақсадида устувор йўналишлар ҳам белгиланди.

Хусусан, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш тартиби жорий этилади. Унга кўра, давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқитилади ҳамда ҳар уч йилда автоматлаштирилган тизим орқали ҳуқуқий саводхонлик даражаси баҳолаб борилади.

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази таркибида Инновацион медиа марказ ташкил этилади. Ушбу марказ, қонун ҳужжатлари мазмунини содда, халқчил тилда етказувчи замонавий ахборот-таҳлилий медиа материалларини тайёрлайди ва тарқатади.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан кейин Сурхондарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи ҳам эшитилди.

Унда Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан вилоятни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни комплекс равишда ўрганиш якунлари батафсил муҳокама қилинди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, вилоятда 2020 йилда ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 24 трлн. сўмни, ўсиш суръати 2019 йилга нисбатан 104,4 фоизни ташкил этган. Шу жумладан, 5,5 трлн. сўмликдан ортиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган, 7,9 трлн. сўмликдан зиёд хизматлар кўрсатилган, чакана савдо айланмаси 12 трлн. 352,6 млрд. сўмдан иборат бўлган.

Вилоятда пандемия шароитида 63,3 мингдан зиёд муҳтож оилага ижтимоий ёрдам кўрсатилган, тадбиркорлик субъектларининг 5 мингдан зиёд кредит шартномалари тўловларнинг муддати узайтирилиши натижасида 21,5 мингдан ортиқ корхоналар фаолияти қайта тикланишига эришилган.

Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 2,5 трлн. сўмга тенг бўлган 752 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 6,4 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилган. Хорижий инвестиция иштирокидаги 252 та лойиҳа бўйича 221,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва хорижий кредит маблағлари ўзлаштирилган. Вилоятда 245,2 млн. АҚШ долларига тенг маҳсулотлар 26 та давлатга экспорт қилинган.

Қолаверса, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида тижорат банклари томонидан қарийб 17,7 мингта жисмоний ва юридик шахсларга, хусусан, “Темир дафтар”га киритилган 1 минг 260 та оилага кредит маблағлари ажратилган.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда 3 минг 820 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш (3 минг 797 гектар томчилатиб, 23 гектар ёмғирлатиб суғориш) бўйича ишлар амалга оширилган.

Вилоятда болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражасини ошириш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида 43 та мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш учун имтиёзли кредит ажратилган.

Ҳудудда бугунги кунгача 29 минг нафарга яқин хотин-қизлар 9 тоифага ажратилган ҳолда, “Аёллар дафтари” электрон базасига киритилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқилган.

Вилоятда 37 минг нафардан ортиқ ёшларга 16 минг 320 гектар ер майдони ажратиб берилиши назарда тутилган бўлиб, бугунги кунгача 870 нафардан ортиқ ёшларга жами 507 гектар ер майдони ажратиб берилган.

Яна бир жиҳат. Бугунги кунда вилоятда 560 дан ортиқ маданий мерос ёдгорликлари мавжуд бўлиб, туризм соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар натижасида 2019 йилда ташриф буюрган хорижий туристлар сони 2018 йилга нисбатан 4 баробарга ошган.

Келгусида Бойсун ва Сариосиё туманларида кичик туризм зоналарини барпо этиш орқали ҳудудни “Кичик Швейцария”га, Термиз туманидаги “ал-Ҳаким ат-Термизий” мажмуаси атрофини “Ўрта асрлар шаҳарчаси”га айлантириш, Термиз шаҳридаги “Бахт” боғи ҳудудида “Япон боғи” ва “Като Кюдзо” мемориал музейини барпо этиш назарда тутилган.

Шу билан бирга, мажлисда вилоятни ривожлантириш борасида ўз ечимини кутиб турган айрим муаммо ва камчиликлар борлиги ҳам қайд этилди.

Жумладан, 2020 йил якунига кўра, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг дастлабки рейтинг кўрсаткичлари бўйича Қизириқ ва Узун туманлари “сариқ ҳудуд”дан “қизил ҳудуд”га ўтган.

Музработ тумани “Обиҳаёт” маҳалласидаги 27 та кўп квартирали уй-жойни таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан зарур маблағ ажратилмаганлиги боис ушбу уйлар ўта таъмирталаб аҳволга келиб қолган.

Денов ҳамда Сариосиё туманларидаги “Мурувват уйлари”да яшаётган ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида ушбу муассасаларни физиотерапия аппаратлари билан таъминлаш лозим. Халқаро аҳамиятдаги М-41 “Бишкек-Душанбе-Термиз” автомобиль йўлининг 1444-1622 км. қисмларини реконструкция қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар ижроси таъминланмаган.

Бундан ташқари, вилоятда 2020 йил давомида жами 3,1 мингдан ортиқ жиноят содир этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан қарийб 40 фоизга ошган. Хусусан, ўта оғир ва оғир турдаги жиноятлар сони 72-77 фоизга кўпайган.

Мажлисда вилоятни ўрганиш якунлари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2021 йил 20 февралдаги сессиясида танқидий муҳокама этилганлиги, унда мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари эшитилиб, камчиликларга йўл қўйган вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари ҳамда 6 нафар вилоят ташкилоти раҳбарларига нисбатан тегишли чоралар кўрилганлиги таъкидланди. 

Шунингдек, вилоят даражасидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича 45 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланиб, унда белгиланган ҳар бир чора-тадбир ижроси устидан депутатлик назорати йўлга қўйилганлиги, вилоят Кенгаши сессиясида мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳар чоракда ҳисобот бериб бориши белгиланганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалалари батафсил муҳокама қилинди. Ўрганиш давомида аниқланган республика даражасидаги муаммоли масалалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

Мажлисда вилоятда ўз ечимини кутиб турган республика даражасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди ва ижроси устидан сенаторлик назоратини йўлга қўйиш белгиланди.

Шундан сўнг Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида 2020 йил якуни бўйича вилоятлар бюджетларининг, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан шакллантирилган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини ўрганиш натижалари муҳокама марказида бўлди.

Қайд этилганидек, Олий Мажлис Сенати Ишчи гуруҳи томонидан Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида 2020 йил якуни бўйича вилоят бюджетларининг, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан шакллантирилган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши ўрганилди. Ўрганиш ва таҳлиллар мазкур ҳудудларда маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлари ижроси борасида муайян ишлар амалга оширилганлигини кўрсатди.

Хусусан, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш мақсадида олиб борилган ишлар натижасида 128,6 млрд. сўм қўшимча захира аниқланиб, бюджетга 125,6 млрд. сўм ундирилган.

Маҳаллий бюджетларда жами 1 трлн. 193,4 млрд. сўм бюджетга қўшимча манбалар шакллантирилган. Улар ҳисобидан 1 трлн. 151,9 млрд. сўмлик харажатлар амалга оширилган.

Шу билан бирга, мажлисда ўрганиш давомида маҳаллий бюджет ижросини таъминлашда хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқлангани таъкидланди.

Бюджет кодексининг 126-моддаси талабларига риоя қилинмаган ҳолда, вилоят, туман ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари қарорлари қабул қилинмасдан Бухоро вилоятида 3,5 млрд. сўм, Фарғона вилоятида 38,5 млрд. сўм маблағ сарфланган.

Андижон вилоятида 18,5 млрд. сўмлик, Фарғона вилоятида 225,7 млрд. сўмлик маблағлар турли тадбирларга йўналтирилгандан сўнг тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг  қарорлари қабул қилинган.

Андижон вилоятида 1,3 млрд. сўм, Бухоро вилоятида 3,2 млрд. сўм, Самарқанд вилоятида 2,5 млрд. сўм, Фарғона вилоятида 5,2 млрд. сўм маблағ тегишли бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилмаган ташкилотларни сақлаб туришга йўналтирилган.

Булунғур ва Нарпай туманларида маблағлар биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга эмас, туман ҳокимликлари учун қимматбаҳо автотранспорт воситаларини харид қилишга ажратилган.

Айнан мазкур туманларда 8 та умумтаълим мактаби, 9 та мактабгача таълим ташкилоти ва 5 та соғлиқни сақлаш муассасаси ўта таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Бундан ташқари, ҳудудларда янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш мақсадида тузилган жамғармаларга Бухоро вилоятида 3,5 млрд. сўм ажратилган бўлса, Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ушбу жамғармага умуман маблағ йўналтирилмаган.

Ваҳоланки, 2020 йилда ҳам мазкур вилоятлардаги ишсизлик республика ўртача даражасидан юқорилигича сақланиб қолган.

Қолаверса, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун ва қонуности ҳужжатлари талабларига риоя этмасдан Андижон вилоятида 1,4 млрд. сўмлик, Бухоро вилоятида 399,0 млн. сўмлик, Самарқанд вилоятида 2,1 млрд. сўмлик, Фарғона вилоятида 7,1 млрд. сўмлик харидлар тегишли равишда ахборот порталига эълонлар жойлаштирмасдан, тендер, танлов ва аукционсиз тўғридан-тўғри тузилган шартномалар орқали амалга оширилган.

Шунингдек, туманлар ва шаҳарлар бюджетларидаги қўшимча манбаларнинг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш мақсадида “Очиқ бюджет” порталида аҳолини хабардор қилиш ва уларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича етарли ишлар олиб борилмаган.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг айрим қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, яқинда амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган янгиликларга мувофиқ, Сенатга маҳаллий Кенгашларнинг Конституция ва қонунларига, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорларини бекор қилиш ваколати берилди.

Ўз ўрнида Бизнес омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан халқ депутатлари Сурхондарё вилояти ҳамда Ғузор, Миришкор, Қарши туманлари ва Қарши шаҳар Кенгашларининг айрим қарорларини бекор қилиш бўйича мурожаатлар келиб тушди.

Сенатнинг масъул қўмиталари томонидан мазкур мурожаатлар атрофлича ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижалари юқорида кўрсатилган маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари ҳақиқатдан ҳам қонун талабларига зид эканлигини кўрсатган.

Хусусан, Қарши шаҳар, “Қарлуқбоғот” маҳалласида яшовчи фуқаро Г.Хайдарова 2011 йилда уй-жойни хусусийлаштирган. Бу тўғрисида шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинган. Бироқ орадан 6 йил ўтиб, 2017 йилда халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши шаҳар ҳокимининг ушбу қарорини бекор қилган. Ваҳоланки, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ,
халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ҳамда бекор қилиш ваколатига эга эмас.

Мазкур ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилганда хусусий мулкка доир барча нормалар ва белгиланган тартиб-таомилларга амал қилинмаганлиги маълум бўлди. Оқибатда фуқаро йиллар давомида сарсон бўлган.

Халқ депутатлари Ғузор, Миришкор, Қарши туманлари Кенгашларининг фермер хўжалиги билан тузилган ер ижараси шартномасини  бекор қилишга оид қарорларида ҳам шу ҳолат кузатилган. Маҳаллий Кенгашларнинг фермер хўжаликлари ва туман ҳокимлиги ўртасидаги шартномавий ҳуқуқий муносабатларга аралашиш ваколати мавжуд эмас.

Бандихон туманидаги “Бектепа” кичик саноат зонаси ҳудудида йўл қурилиши масаласини ҳам қайд этиш жоиз. Тадбиркор тендерда ғолиб бўлган, бироқ у билан шартнома тузилмасдан объект умуман бошқа ташкилотга бериб юборилган. Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши эса ўз қарори билан гўёки ҳокимликнинг ушбу хатти-ҳаракатини қонунлаштириб берган. Табиийки, бу тадбиркорнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Ушбу маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари асосан 2020 йил ва унга қадар қабул қилинган ҳужжатлардир.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Шундан кейин “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди. 

Мазкур Қонуннинг мақсади давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган очиқ ва шаффоф, самарали ва яхлит тизимни яратишдан иборатдир.

Муҳокама жараёнида амалдаги Қонуннинг ижроси борасидаги мавжуд бўшлиқ ва муаммоларга ҳам эътибор қаратилди.

Жумладан, харидлар аксарият қисмининг очиқлик ва шаффофликни таъминловчи ахборот-коммуникация тизимидан фойдаланмаган ҳолда амалга оширилиши, харид қилиш тартибини назорат қилиш тизимининг бугунги талабга жавоб бермаслиги ҳамда давлат харидлари соҳасидаги ҳужжатларга риоя этмаслик ҳолатларига йўл қўйишнинг кўпайиши каби камчиликлар учраётганлиги таъкидланди.

Натижада биргина 2019 йилда 729 та ҳолатда 2 908,1 млрд. сўмлик шартномаларнинг буюртмачилар томонидан берилган буюртмалар бўйича тендер савдолари ўтказилмасдан битимлар тузилишига йўл қўйилган.

Бу каби камчиликларга барҳам бериш мақсадида кўриб чиқилган Қонун давлат харидларига йўналтириладиган бюджетлари маблағлари ва бошқа марказлашган манбаларнинг мақсадли ишлатиш, ҳукуматнинг кафолатланган кредит ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, давлат секторини зарур товар, иш ва хизматлар билан таъминлашда қисқа муддатларда “нарх-сифат” кўрсаткичларини уйғунлаштириш, коррупцияга қарши курашишда самарали натижаларга эришиш каби долзарб масалалар ечимида муҳим ўрин тутади.

Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши амалда бир-бирига зид бўлган қонунчилик талабларига барҳам берибгина қолмай, харидлар шаффофлигини таъминлаш билан бирга тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун ҳам қулайлик яратади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг “Экологик аудит тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш соҳасида изчил сиёсат амалга оширилмоқда. Хусусан, санитария жиҳатидан тозалаш соҳасида нархлар шаклланишини такомиллаштириш ва тарифларни оптималлаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилаётганлигини кўришимиз мумкин.

Бироқ экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини такомиллаштириш бўйича айрим чора-тадбирлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишини талаб этмоқда.

Мазкур Қонун билан экологик аудит субъекти амалга оширадиган хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш юзасидан экологик аудиторлик ташкилоти томонидан тизимли, ҳужжатлаштирилган ва мустақил баҳолашлар ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Бундан кўзланган мақсад экологик аудит соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Шу билан бирга, экологик аудитнинг асосий принциплари мустақиллик, холислик, махфийлик ва ишончлиликдан иборатдир.

Қолаверса, Экологик аудит стандартлари экологик аудитни ўтказиш, турдош хизматлар кўрсатиш ва экологик аудиторлар ишининг сифатини назорат қилиш тизимини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Ўз ўрнида Миллий экологик аудит стандартлари экологик аудиторлик фаолиятини амалга оширишга доир ягона талабларни белгилайди.

Экологик аудиторлик ташкилотлари экологик аудитни ўтказиш чоғида шартномага мувофиқ халқаро экологик аудит стандартларини қўллаши ҳам мумкин.

Шу билан бирга, Қонунда экологик аудиторлик ташкилотининг, экологик аудиторнинг, экологик аудит буюртмачисининг, экологик аудит субъектининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, экологик аудиторлик ташкилотининг жавобгарлиги, экологик аудит ўтказиш чоғидаги чекловлар, экологик аудиторга қўйиладиган талаблар назарда тутилмоқда.

Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг бузилишининг олдини олиш ҳамда бартараф этиш имконияти яратилади. Шунингдек, табиатни муҳофаза қилишга оид тадбирлар самарадорлиги ортиши таъминланади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам муҳокама қилди.

Таъкидланганидек,  деҳқон хўжалиги соҳасидаги муносабатлар 1998 йил 30 апрель куни қабул қилинган амалдаги “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солиб келинмоқда.

Бироқ ушбу Қонун ҳозирги замон воқелигига ва норма ижодкорлиги амалиётига мос келмайди.

Хусусан, амалдаги қонунчиликка мувофиқ деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилиши назарда тутилган бўлиб, деҳқон хўжаликлари ерларида аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан уй-жойлар ва бошқа иморатлар қурилиб, турар жой сифатида фойдаланиб келинмоқда. Бунда ерларни асраш, унумдорлигини ошириш ва агротехника талабларига риоя қилиш каби мажбуриятларни бажаришга лозим даражада эътибор берилмаяпти.

Мазкур Қонун деҳқон хўжаликларини юритишни ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадларига хизмат қилади. 

Қонунда деҳқон хўжаликларига тўғридан-тўғри ер участкасини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан бериш амалиёти ўрнига бундан кейин ер участкасини ижара асосида бериш тизимини жорий этиш;

боғдорчилик ва узумчилик учун эллик йил муддатга, сабзавотчилик, полизчилик учун ёки бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун ўттиз йил муддатга ижарага бериш;

деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасида бинолар ва иншоотларни, шу жумладан, ерости иншоотларини қуришни тақиқлаш, бундан енгил конструкцияли иссиқхоналарни ва бошқа иморатларни, шунингдек, суғориш иншоотларини қуриш мустасно;

деҳқон хўжалигига бундан кейин ижарага бериладиган ернинг минимал майдонини белгилаган ҳолда максимал майдонини кўпайтириш (0,06 гектардан 1 гектаргача);

фермер хўжаликлари ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан деҳқон хўжалигини юритиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг асосий экиндан бўшаган қисми оралиқ қишлоқ хўжалиги экинлари экиш учун 0,06 гектардан 10 гектаргача;

деҳқон хўжалиги томонидан ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган даромадларга солиқ солинмаслиги;

низо мавжуд бўлган тақдирда деҳқон хўжалиги ерларини олиб қўйиш суд тартибида амалга оширилиши белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, давлат деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлайди.

Деҳқон хўжаликлари тасарруфида бўлган ер участкалари майдонларини мақбуллаштиришга йўл қўйилмайди.

Давлат органлари деҳқон хўжаликларини ривожлантиришга
ва уларнинг фаолиятини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Деҳқон хўжалиги ўз ихтисослашувини, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари ва ҳажмларини, уларни етиштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказиш усулларини мустақил равишда белгилайди.

Деҳқон хўжалиги қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган уруғлик, минерал ўғитлар ҳамда ёқилғи-мойлаш материалларини сотиб олишда, шунингдек, бошқа моддий ресурслар ҳамда хизматлардан фойдаланишда бошқа қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари билан тенг ҳуқуқларга эгадир. Шу мақсадда деҳқон хўжалиги бошлиғи тегишли ташкилотлар билан белгиланган тартибда тўғридан-тўғри шартномалар тузиши ёки биржа савдоларида иштирок этиши мумкин.

Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ер участкалари деҳқон хўжаликларига ижара ҳуқуқи асосида берилиши, ушбу ерларда қонунга хилоф равишда қурилишлар амалга оширилиши ва деҳқон хўжаликларига ажратилган ер участкаларининг ноқонуний ёки турли баҳоналар билан олиб қўйилишини олдини олишга, ерга бўлган ҳуқуқ кафолатларини янада кучайтиришга эришилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтиришга оид вазифалар, шунингдек давлат ҳокимияти тизимини изчиллик билан такомиллаштириш ва мазкур ҳокимиятни мунтазам ўзгараётган ижтимоий муносабатлар билан уйғунлашиб бориши хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Конституциявий суд фаолиятини ва қонунчилигини янада такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асоси яратилмоқда.

Жумладан, ҳозирги кунда Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал қоидалари Конституциявий суднинг ўзи томонидан тасдиқланган Регламент билан белгилаб берилган.

Хорижий мамлакатларнинг Конституциявий судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бундай қоидаларни Конституциявий суд томонидан эмас, балки қонун билан белгиланиши назарда тутилган. Чунки иш юритишнинг процессуал қоидалари бевосита инсон ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ.

Янги таҳрирдаги қонун халқимизнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувларни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқилган.

Ўз ўрнида, Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектларга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат. Мазкур Қонун билан фуқароларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
44-моддасига мувофиқ, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан умумий юрисдикция судларига шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланганлигини эътиборга олган ҳолда фақат муайян ишда қўлланилган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштириш, мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш, Конституция ва қонун устунлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади ва ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларни ўзида акс эттиради.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда томорқа хўжалигини юритиш ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бироқ айрим жойларда уларнинг ижроси амалда кутилган натижаларни бермаяпти.

Хусусан, уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган қўшимча дала томорқасида 4500 га яқин ҳуқуқий ҳужжатсиз, 500 дан ортиқ қўшимча дала томорқасида ноқонуний фойдаланилаётган ҳамда 151 гектар қўшимча дала томорқаси фойдаланмасдан ташлаб қўйилган ер майдонлари аниқланган. Қолаверса, маъмурий ва фуқоролик ишлари бўйича судга 650 та даъво аризалари юборилган. Шундан 55 та қонун бузилиши ҳолати жойида бартараф этилган.

Мазкур Қонун эса шахсий томорқа ер участкаларида томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадларига хизмат қилади.

Қонунда шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Хусусан, шахсий томорқа ер участкаларидан томорқа хўжалигини юритиш учун фойдаланувчи шахслар:

томорқа хўжаликларини эркин ва мустақил равишда бошқариш,
шу жумладан, етиштирилган ҳамда мустақил тарзда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини эркин реализация қилиш, мустақил равишда нарх белгилаш ва олинган даромадларни тасарруф этиш;

ўзи етиштирган ёки қайта ишлаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини бозорларда, савдо нуқталарида мустақил равишда ёки ўз вакиллари орқали монеликсиз ва эркин реализация қилиш;

мева-сабзавотчилик кластерлари билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, мева-сабзавотчилик кооперативларига ихтиёрий равишда аъзо бўлиш;

қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлардан, шу жумладан, имтиёзли кредитлардан, субсидиялардан ва бошқа преференциялардан фойдаланиш;

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ихтиёрий равишда аъзо бўлиш;

ерга оид ташкилотларнинг ҳамда хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш
ва реализация қилишга доир хизматларидан фойдаланиш;

шахсий томорқа ер участкаларида давлат органларининг, шу жумладан, архитектура-қурилиш, экология, санитария-гигиена органларининг ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминловчи органларнинг рухсатномасини олиш заруратисиз енгил конструкциялардан иссиқхоналар қуриш;

сув ресурсларидан фойдаланиш ва бошқа шу каби ҳуқуқларга эга.

Бундан ташқари, Қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шахсий томорқа ер участкаларида томорқа хўжаликларини юритишни ташкил этиш соҳасидаги ваколатлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг, Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг соҳада иштирокига оид масалалар акс эттирилмоқда.

Қонун билан томорқа хўжалигидаги фаолият томорқа хўжалиги эгасининг ва оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, томорқа хўжаликларининг ҳисоби фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан юритилиши белгиланмоқда.

Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқаролар томонидан томорқа хўжалиги фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилашга, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, томорқа хўжаликлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари яратилишига хизмат қилади.

Сенат аъзолари мазкур Қонунни маъқуллади.

Шундан кейин сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг ташаббуслари билан сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда сўз эркинлигини, фикрлар хилма-хиллигини, одамлар ўз қарашларини очиқ-ошкора ифода этишини амалда таъминлаш учун барча шарт-шароит яратилиб келинмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг кафолатларини таъминлаш мақсадида Конституция билан бир қаторда бошқа қонунлар қабул қилинган.

Маълумки, сўз ҳамда фикрлаш эркинлигини қонуний асосда кафолатлаш ҳуқуқий демократик давлатнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Бироқ сўнгги вақтларда айрим веб-сайт ёки веб-сайт эгалари, шу жумладан, блогерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш маданияти тўлиқ шаклланмагани сабабли, ушбу шахслар ўз ҳуқуқларини амалга оширишларида бошқа шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Қолаверса, бундай шахсларнинг ахборот тарқатиш соҳасидаги ҳуқуқий маданияти шаклланмаганлиги келажакда улар томонидан қонун талабларини бузиб, ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан мамлакатнинг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш, уруш, диний экстремизм ғояларини тарғиб қилиш, давлат ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ҳамда оммавий тартибсизликларга даъват этувчи контентни тарқатиш эҳтимолини оширмоқда.

Шу сабабли барча қатори ахборот эгаларининг ҳам сўз масъулияти ва унинг оқибатлари бўйича жавобгарликни ҳис қилиши, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатланиши ҳам тегишлича белгилаб қўйилиши мақсадга мувофиқ.

Қайд этилганидек, Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунга айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонуннинг мақсади этиб веб-сайт ёки веб-сайт эгалари, шу жумладан, блогерларнинг оммавий тартибсизликлар ва зўравонликни даъват этиш, аҳоли хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон маълумот тарқатиш, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни содир этиш мақсадида ахборотни тарқатишларига қарши ва уларнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик нормаларини киритиш белгиланган.

Қонун қабул қилиниши натижасида оммавий тартибсизлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват этиш, фуқароларни қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик ёки уларни бузишга омма олдида, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали даъват қилиш, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон маълумот тарқатишни бартараф этиш ва унинг олдини олишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Қонунда жамият, давлат, давлат рамзларига ҳурматсизликни намоён этувчи беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш, порнографияни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек, ўзини ўзи ўлдиришга тарғиб қилиш сингари қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бу турдаги ҳуқуқбузарликларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш, веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан, блогерлар ўзлари тарқатаётган контентлари устидан доимий мониторинг олиб боришлари ва қонун билан белгиланган талабларга қатъий риоя этишлари назарда тутилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга соладиган махсус қонунларнинг қабул қилиниши, ҳуқуқий ҳужжатларнинг яхлит тизимини яратади, соҳадаги муносабатларнинг ҳуқуқий аниқлигини таъминлайди ҳамда оммавий ахборот воситаларининг амалда эркинлигини кафолатлашга хизмат қилади. Бу эса барча томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб, кейинчалик ўз ҳуқуқларини суд тартибида таъминланишига имкон беради.

Бундан ташқари, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий ҳаётни демократлаштириш жараёнлари фуқаролик жамияти субъектларининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширишига, шунингдек, долзарб, ишончли ва жамият учун муҳим бўлган ахборотни эркин тарқатишга замин яратади.

Қонун сенаторлар томонидан томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси резолюциясига мувофиқ белгилаб олинган мамлакатимизни 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларига биноан Барқарор инфратузилмани яратиш, умумқамровли ва барқарор саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилган.

Хусусан, тегишли қонунлар қабул қилиниб, ҳаракат стратегиялари ишлаб чиқилган ҳамда хизмат кўрсатувчи тузилма сифатида вазирликлар фаолияти йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, бу борада айрим муаммо ва камчиликлар учраётгани қайд этилди.

Жумладан, мамлакатда ялпи ички маҳсулот таркибида давлат иштирокидаги корхоналар улушининг юқорилиги;

юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш билан боғлиқ технологик занжирнинг мавжуд эмаслиги;

хомашёни қайта ишлаш суръатининг паст даражада сақланиб қолиниши;

ускуна ва жиҳозларнинг эскириш даражасининг 65 фоизни ташкил этиши ҳамда машина ва ускуналар импортининг юқорилиги;

ташқи савдо айланмасида импортнинг юқорилиги;

айрим экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмининг пастлиги каби қатор муаммоларнинг мавжудлиги ушбу камчиликларга барҳам бериш мақсадида ушбу парламент сўровини киритиш заруратини юзага келтирмоқда.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати ўрганилди.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 апрелдаги “2018–2020 йиллар даврида фақат Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини босқичма-босқич жорий этиш жадвалини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида босқичма-босқич жорий қилиниши белгиланган.

Бироқ ўрганишлар давомида айрим вазирлик ва идоралар томонидан мазкур вазифа ижросининг ўз вақтида таъминланмаганлиги ҳамда баъзи турдаги хизматларнинг ўз вақтида жорий қилинмаганлиги маълум бўлди.

Жумладан, Ички ишлар вазирлиги томонидан Давлат хизматлари марказлари орқали автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш хизмати;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Давлат хизматлари марказлари орқали дори воситаси ва тиббий буюмларнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома бериш ҳамда махсус қўлланиладиган биологик актив моддалар, янги кимёвий моддалар, озиқавий қўшимчалар, биологик воситалар ва материаллар, полимер ва пластик массалар, парфюмерия-косметика маҳсулотларини четдан келтириш ва ишлаб чиқаришга рухсатнома бериш хизмати;

Молия вазирлиги томонидан суғурталовчини қайта ташкил этишга рухсатнома олиш, суғурталовчининг молиявий аҳволини соғломлаштириш чора-тадбирларини келишиш, суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш, суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш, аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш хизматлари;

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан лотереялар ташкил этиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш, қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият билан шуғулланишга лицензия олиш хизмати;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан cаноат хавфсизлиги бўйича экспертиза хулосаси олиш хизмати;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги томонидан таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг дубликатини бериш бўйича давлат хизматлари бугунги кунга қадар жорий этилмаган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарорларига асосан айрим ҳужжатлар талаб қилиш тартиби бекор қилинганлигига қарамай, маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, ички ишлар ва мудофаа, халқ таълими вазирликларига қарашли муассасалар томонидан ҳанузгача талаб этиб келинаётганлиги аниқланган.

Бу эса жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ва Фармони ижроси таъминланмай, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Таҳлиллар кўрсатишича, 2020 йил давомида кадастр идоралари 21 018 та (2019 йилда 71 352 та), газ таъминоти корхоналари 16 358 та (2019 йил 7 488 та), электр таъминоти корхоналари 12 632 та (2019 йилда 13 766 та), сув таъминоти корхоналари 7 258 та (2019 йилда 7 789 та), Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари 7 638  та (2019 йилда 12 696 та), Қурилиш вазирлиги тизимида 5 877 та (2019 йилда 17 723 та), солиқ идоралари 8 219 та (2019 йилда 9 741 та), мактабгача таълим вазирлиги тизимида 882 та (2019 йилда 4 655 та) қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг мамлакатимиз махсус иқтисодий зоналарининг  рақобатбардошлигини ошириш бўйича қабул қилинаётган чоралар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан норматив-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, шу жумладан қонунчиликдаги мавжуд “оқ доғлар” ва тафовутларни бартараф этиш, МИЗ бошқарув сифатини ошириш, инфратузилмани ривожлантириш ва инвесторлар учун бюрократик тўсиқларни камайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилган.

Бундан ташқари, глобал COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатларига қарамасдан, мамлакатда қулай инвестиция муҳитини яратиш ва виза тартибини соддалаштириш бўйича ишлар фаол олиб борилди.

Шу билан бирга, Ҳукуматнинг жавобида Сенатнинг тегишли қўмитаси томонидан Ҳукуматга берилган маслаҳат ва услубий кўмакка қарамай, айрим масалалар лозим даражада ёритилмай қолгани таъкидланди. Хусусан, бу ошкора кадрлар сиёсати, веб-сайтлар ва МИЗ ягона портали самарали ишлашини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ва мамлакатимиз махсус иқтисодий зоналари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими билан боғлиқ.

Парламент сўровига жавоб муҳокамаси якунлари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига МИЗ фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг уйғун тизимини жорий этиш, улар дирекцияларининг ваколатларини кенгайтириш, хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича ахборот стратегиясини такомиллаштириш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан кейин никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама марказида бўлди.

Таъкидланганидек, жорий йилга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ёшларни қўллаб қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилгани халқимиз, айниқса, келажак авлод саломатлиги давлатимиз сиёсатининг бош мақсади эканлигини яққол кўрсатади. Демак, никоҳдан олдинги тиббий кўриклар борасида ҳукуматга сўров киритилгани парламент жамиятимиздаги долзарб масалаларни ўз вақтида илғаб, муносабат билдириб бораётганини англатади.

Мазкур сўровда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан муайян чора-тадбирлар белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.

Хусусан, Ҳукуматнинг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан тасдиқланган Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни такомиллаштириш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини электрон маълумот алмашиш орқали ташкил этиш мақсадида соғлиқни сақлаш ягона электрон тизимини жорий этиш, тиббий кўрик даврида оила қуришга монелик қилувчи касалликлар аниқланганда фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органларини хабардор этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилган.

Бироқ мажлисда Ҳукумат жавобида Парламент сўровида қайд этилган 7 та масала юзасидан амалий чора-тадбирлар белгиланмаганлиги сенаторларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.

Жумладан, ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида яқин қариндошлар ўртасида никоҳни тақиқлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш сифатини ошириш учун ўсмирлар тиббиёт диспансерлари фаолиятини танқидий-таҳлилий баҳолаш, фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари ходимларининг никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтганликлари ва тарафларнинг тиббий натижалардан хабардорлигини аниқлаш бўйича мажбурият мезонларини ишлаб чиқиш ва жавобгарлигини аниқ белгилаш каби масалаларга эътибор қаратилмаган.

Бундан ташқари, сенаторлар аҳолига қулайлик яратиш мақсадида никоҳ олди тиббий кўрикни туман (шаҳар) кўптармоқли марказий поликлиникалар қошида барча тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўтказиш таклифини илгари сурдилар. Шунингдек, мамлакатимизда янги ташкил қилинган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида махсус курсларни жорий этиш фикрини билдирдилар.

Қизғин муҳокамалардан сўнг Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилиниб, ижрочиларга тегишли топшириқлар берилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

 

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Leave a comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan